Одам савдоси-глобал муаммо

Барчага маълумки, сўнгги пайтларда одам савдоси бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган жиддий муаммога айланган. Унинг кўлами кундан кунга кенгайиб, ортиб бормоқда. Фуқароларнинг чет элларга ноқонуний равишда чиқиб кетишлари, уларнинг норасмий йўллар билан фирибгар воситачилар ёрдамида иш топиб, қалбаки ҳужжатлар расмийлаштириши, номаълум одамларга паспорт ва бошқа шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини топшириб қўйишлари уларнинг том маънода қулга айланиб қолишларига сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга, фуқароларни чет мамлакатларда бўлиш вақтида яшаб ва ишлаб турган давлат қонунчилиги, меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида амал қилиниши лозим бўлган қоидаларни билмасликлари аянчли оқибатларга олиб келмоқда. Айниқса, борган юртлари тилини билмаслиги, муайян касб ва малакага эга бўлмаслиги, аксарият одамларнинг ўз ҳаққини талаб қила олмаслиги оғир меҳнат шароитларида қул сифатида эксплуатация қилинишларига сабаб бўлмоқда.

Шу боисдан юқоридаги каби салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида “Одам савдоси — давр муаммоси” лойиҳаси доирасида тарғибот гуруҳлари ташкил этилиб, Наманган вилояти ИИБ, унинг ҳудудий бўлимлари ва бошқа алоқадор ташкилот вакиллари томонидан аҳоли, айниқса ёшлар орасида одам савдосига қарши тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

20 февраль пайшанба куни вилоятнинг барча шаҳар туманларида ИИБ ходимлари тосмонидан “Ёшлар орасида одам савдосини олдини олиш, бу жиноятнинг тузоғига тушиб қолмаслик ва мазкур иллат келтириб чиқараётган мудхиш оқибатлари” мавзусида тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Унда алоқадор идора вакиллари ва ҳудуд ёшлари иштирок этди. Суҳбат давомида вилоят ИИБ вакиллари томонидан ушбу иллатга аралашиб қолишнинг илдизи бу маънавий ва ҳуқуқий билимнинг етарли эмаслигида эканлиги таъкидланди. Шу боисдан ҳар бир шахс ўзининг ҳуқуқ ва бурчларини билиши билан бир қаторда, бўш вақтидан оқилона фойдаланиши лозимлиги тушунтирилди. Бу борада амалий ҳамкорлик олиб бориш таклифи ҳам берилди.

Давра суҳбати давомида бир неча ҳаётий мисоллар билан одам савдоси қурбони бўлган шахсларнинг кечинмалари тасвирланган видеоролик намойиш этилди. Ушбу мавзу ҳақида ўқувчилар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларни бериш билан бир қаторда, бу борадаги фикр мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтдилар.

Ҳар пайшанба “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” муносабати билан одам савдосига қарши курашишда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида ушбу иллатнинг хавфи ва оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориш, фуқароларни бу борадаги вазиятдан огоҳ этиш ҳамда хабардорлигини таъминлаш мақсадида “Одам савдосига қарши кураш” тадбири барча шаҳар ва туманларда ўтказиб келинмоқда.