Начнут ли в Узбекистане штрафовать за ношение холодного оружия, опубликован проект закона, предусматривающий ответственность за подобное деяние.

 

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги
 қонун лойиҳасига

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

 

I. Лойиҳани ишлаб чиқиш учун асос

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

II. Лойиҳани қабул қилиш зарурати

Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги Қонуни (кейинги ўринларда – қонун) 3-моддасига кўра, шикаст етказиладиган объект билан бевосита тўқнашиш чоғида одамнинг жисмоний кучи ёрдамида нишонни уриш учун мўлжалланган қурол совуқ қурол ҳисобланади.

Мазкур Қонуннинг 9-моддаси 6-бандида ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фуқаровий қуролни (бундан ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли мустасно), совуқ қуролни ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни олиб юриш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланиши белгиланган бўлса-да, бироқ, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларга таъриф берилмаганлиги натижасида мазкур тушунчани турли талқин қилинишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, Қонуннинг 9-моддаси 9-бандида касбий ёки спорт фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни (бейсбол биталарини (чиллакларини), софтбол ўйини учун биталарни (чиллакларни), пичоқларни, шу жумладан терини ажратиб оладиган (шилиб оладиган) пичоқларни ҳамда сопол, пластмасса ва бошқа нометалл материаллардан ясалган пичоқларни жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриш тақиқланиши белгиланган.

Аммо, ушбу бандда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни ғилоф билан олиб юришга рухсат берилмоқда, бу эса ўз навбатида одамлар томонидан мазкур ашёларни ҳеч бир сабабсиз олиб юришларига ва бунинг натижасида одамларнинг соғлиғи ва ҳаётига хавф туғилишига, турли ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишига олиб келиши мумкин.

Шу билан бир қаторда, сўнгги йилларда фуқаролар, айниқса ёшлар ўртасида пичоқ, шунингдек совуқ қуролларни олиб юриш ёки улардан фойдаланган ҳолда ҳамла қилиш каби хатти-ҳаракатлар кўпайиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг тажовузкор бўлишига олиб келмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ушбу бандда касбий ёки спорт фаолияти ҳамда маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни олиб юришни тақиқловчи нормани киритиш зарурати туғилмоқда.

Бундан ташқари, амалдаги Жиноят кодексининг 104 ва 105-моддаларида назарда тутилган жиноятни совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этганлик учун ҳам ёки уларни ишлатмасдан содир этганлик учун ҳам бир хил жавобгарлик белгиланган.

Бироқ, совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган жиноятнинг оқибати оғирроқ бўлиши мумкин, яъни одамнинг соғлиғи ва ҳаётига оғир шикаст етказилиши ёҳуд унинг ўлимига олиб келиши мумкин.

Хусусан, республикада 2017 йилда Жиноят кодексининг 104 ва 105-моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг 420 таси, 2018 йилда 236 таси, 2019 йилда эса 274 таси совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлардан фойдаланган ҳолда содир этилган.

Бу эса совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб қасддан баданга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятларни содир этилишини олдини олиш мақсадида жавобгарликни оғирлаштирувчи нормани киритиш заруратини келтириб чиқармоқда.

III. Лойиҳа мазмуни

Лойиҳа билан “Қурол тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёлар деганда жисмоний куч ишлатиш натижасида одамнинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказиши ёки ўлимига олиб келиши мумкин бўлган хўжалик-маиший ва касбий мақсадларда, ишлаб чиқариш саноати ҳамда спорт фаолиятида фойдаланиладиган тиғли, кесувчан ва бошқа ашёлар пичоқлар, бигизлар, учи ўткирланган ва бошқа тиғли ашёлар, бейсбол биталари, софтбол ўйини учун биталар чиллакларни назарда тутувчи тушунча киритилмоқда.

Шунингдек, Қонуннинг 9-моддаси 9-бандида совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни жамоат жойларида касбий ёки спорт фаолияти ёхуд маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда олиб юришни тақиқловчи нормасини киритиш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 1852 ва 1853-моддалар билан тўлдирилмоқда. Унга кўра 1852-модданинг биринчи қисмида фуқаролар томонидан касбий ёки спорт фаолияти ёҳуд маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда, совуқ қурол ёҳуд совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни жамоат жойларида олиб юрганлик учун ҳуқуқбузарлик ашёсини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланишиушбу модданинг иккинчи қисмида ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фуқаровий қуролни (бундан ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли мустасно), совуқ қуролни ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни олиб юриш учун ҳуқуқбузарлик ашёсини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш билан боғлиқ жавобгарлик киритиш кўзда тутилмоқда.

Шуниндек, 1853-моддада Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомаласи тақиқланган совуқ қурол ёки қурол сифатида қўллаш учун махсус мослаштирилган ашёларни (гурзи, кастет, сурикен, бумеранг
ва бошқа ашёларни) тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказганлик учун ҳуқуқбузарлик ашёсини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиши таклиф этилаётган 1852-модданинг биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқишга ваколатли орган сифатида ички ишлар органлари белгиланмоқда.

1852-модданинг иккинчи қисми ва 1853-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни аниқлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда ўрнатилган тартибда маъмурий судга юбориш ҳамда ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида совуқ қурол ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юрган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли орган сифатида ички ишлар органларини белгилаш кўзда тутилмоқда. Мазкур ҳуқуқбузарликларни ҳар томонлама ва объектив кўриб чиқилишига эришиш мақсадида кўриб чиқишга ваколатли орган сифатида эса маъмурий судларни белгилаш таклиф этилмоқда.

Совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб, қасддан баданга шикаст етказганлик учун оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланишини назарда тутиш мақсадида Жиноят кодексининг 104 ва 105-моддаларининг иккинчи қисмига ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.

IV. Кутиладиган натижалар

Лойиҳанинг қабул қилиниши натижаcида “Қурол тўғрисида”ги Қонуннинг айрим нормалари ижроси таъминланади.

Совуқ қурол, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган бошқа ашёлар, шунингдек пичоқдан фойдаланган ҳолда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг камайишига эришилади.

V. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари

Ушбу лойиҳани қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қўшимча харажатлар талаб этмайди.

VI. Халқаро тажрибадан фойдаланиш

Хорижий тажриба ўрганилганда Россия Федерацияси, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Беларусь, Хитой, Исроил каби давлатларда мазкур ҳаракатлар учун жиноий ёки маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланганлиги аниқланди.