Ўзаро ҳамкорлик-муваффақият гарови!

Ўтган асрдан йигирма биринчи асрга трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури «мерос» бўлиб ўтди. Уларнинг биринчиси – халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар, иккинчиси – наркобизнес ёки нарко-траффик билан шуғулланаётган жиноий уюшмалар, учинчиси – одам савдоси билан шуғулланувчи йирик-йирик жиноятчи ташкилотларнинг йилдан-йилга кучаяётганидир
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида фуқароларимизнинг турмуш шароити узлуксиз юксалиб бормоқда, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар юзага келмоқда.

Буларнинг барчаси шахс эрки, унинг ҳаёти, саломатлиги ва шахсий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролар ҳуқуқий муҳофазаси самарадорлигини ошириш, шахс-давлат муносабатларида шахс манфаатлари устуворлиги тамойилига оғишмасдан амал қилиш эҳтиёжини янада кучайтирмоқда.

Бу салбий ҳодиса глобал жараён сифатида бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Афсуски, фуқароларимиз ҳам одам савдоси қурбонларига айланмоқда. Буларнинг барчаси давлатимиз ва жамиятимиз томонидан ушбу иллатга қарши қатъий чоралар кўришни, одам савдосига жалб этилган ва ундан жабр кўрган ҳамюртларимизни муҳофаза этишни долзарб вазифа қилиб қўймоқда.

Жорий йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институтининг Бухоро филиалида Ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича 18 нафар инспекторларниинг билим ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий — ахборот марказининг Бухоро вилоят бўлими томонидан семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Хотин — қизларнинг одам савдоси қурбонига айланишларининг олдини олиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ушбу жиноятдан жабрланганларнинг Ватанга қайтишларига ҳамда жамиятда қайта тикланиб, мослашишларига кўмаклашиш, уларга тиббий, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий-ахборот маркази Бухоро вилояти худудий бўлими томонидан одам савдосига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бўлимнинг «Долзарб алоқа тармоғи» фаолияти, одам савдосидан жабрланганларга кўрсатилаётган ёрдам, уларни ҳаётга қайтариш борасида қилинаётган ишлар, бу жараёнга ҳисса қўшаётган кўнгиллилар ҳақида кенг тушунча берилди.

Дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуннинг қабул қилиниши билан ушбу жиноятга қарши курашиш, унинг олдини олиш ҳамда бу иллатдан жабрланганларга ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий кафолатлари тўғрисида гапириб ўтилди.

Бугунги кунда аҳоли миграцияси, шу жумладан, мамлакат ташқарисида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадидаги миграция жаҳон кўламидаги воқелик бўлиб, ўзининг кўпгина ижобий жиҳатлари билан бир қаторда салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқармоқда. Норасмий миграция, сабаб ва оқибатлари, мигрантларнинг оиласи ва уларданинг ижимоий-ҳуқуқий муаммолари билан боғлиқ мисоллар иштирокчилар ўртасида катта бахс-мунозарага сабаб бўлди.

Тадбир иштирокчиларининг одам савдоси жабрдийдаларини ўз ватанларига қайтариш ва уларга ёрдам беришда ҳамкор ташкилотларнинг ўзаро муносабатлари механизми, нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги ваколатлари ва имкониятлари, молиялаштириш манбалари билан боғлиқ барча саволларига жавоб берилди.
Хулоса қилиб айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина яхши самара бериши мумкин.

Зеро, одам савдоси, унинг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний ва ғайри ахлоқий равишда айнан инсон томонидан камситилиши, йўққа чиқарилиши – кечириб бўлмас жиноят, оғир гуноҳ!