Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг 2017 йил «16» июндаги йиғилишининг баённомасига 4-илова

 

Одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссияларнинг намунавий

Н И З О М И

 

  1. Умумий қоидалар

Одам савдосига қарши курашиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро комиссияси (кейинги ўринларда – ҳудудий комиссия деб юритилади) одам савдосига қарши курашиш соҳасида давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

Ҳудудий комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорлари,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва Фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг (кейинги ўринларда республика идоралараро комиссияси деб юритилади) қарорлари ва мазкур Низом талаблари асосида амалга оширади.

 

  1. Ҳудудий комиссиянинг асосий вазифалари

Ҳудудий комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

– одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги дастурлар ва режаларни ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилиши, шунингдек уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этади;

– худудий давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолият самарадорлигини, яқин ҳамкорлигини ва иш уйғунлигини таъминлаш мақсадида уларнинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

– одам савдосига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора тадбирларни бахолайди, мониторинг қилади ва уларнинг самарадорлигини ошириш чораларини кўради;

– одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни фош этиш, тергов қилиш, уларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш амалиётини ўрганади ва соҳада учраётган муаммоларни баратараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

– тизимли камчиликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлайди, таҳлил қилади ҳамда бу бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасида юқори турувчи идоралараро комиссияларга таклиф киритади;

– одам савдосига имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлайди ҳамда уларни бартараф этишга доир ишларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этади;

– худудий давлат органлари ва ташкилотларнинг одам савдосига қарши курашиш борасидаги ҳамкорлигини яхшилаш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқада ва амалга оширади;

– одам савдосига қарши курашиш борасидаги ахборотни тўплайди, сақлайди, қайта ишлайди, таҳлил қилади ҳамда тегишли худудий давлат органлари ва ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида улардан фойдаланади;

– одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш ишларини яхшилаш, одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан юқори турувчи идоралараро комиссияларга таклифлар киритади;

– одам савдосига қарши курашиш масалалари тўғрисида аҳолини хабардор қилиш борасидаги тадбирларни ташкил этади;

Худудий комиссиялар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

III. Ҳудудий комиссиянинг ҳуқуқ ва мужбуриятлари

Ҳудудий комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ҳамда одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий (шаҳар, туман) комиссияларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришни яхшилашга қаратилган қарорлар қабул қилади;

– худудий комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича худудий бошқармалар, бўлимлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларидан белгиланган тартибда ахборотларни олади;

– одам савдосининг кўлами, ҳолати ва тенденциялари таҳлили натижаларидан келиб чиқиб, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш ишларини яхшилайди, шунингдек одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

– одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;

– худудий комиссия фаолиятининг муҳим масалаларини ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи комиссиялар ва (ёки) эксперт гуруҳларини тузади, шунингдек ушбу комиссия ва гуруҳлар ишига мутахассисларни жалб қилади;

– одам савдосига қарши курашиш масалаларида қонун ҳужжатлари ва худудий комиссия қарорлари бажарилмаганлиги учун тегишли маҳаллий ҳокимият ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотларга уларнинг мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш ҳақида таклифлар киритади;

– худудий комиссия аъзоси ҳисобланмайдиган маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини Комиссиянинг мувофиқлаштирувчи йиғилишларига таклиф этади;

– одам савдосига қарши курашишда фаол иштирок этаётган шахсларни рағбатлантириш ташаббуси билан чиқади.

Худудий комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Худудий комиссия қуйидагиларга мажбур:

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ҳукумати ва Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг одам савдосига қарши курашиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш бўйича қарорларини ижро этиш;

Худудий комиссия томонидан қабул қилинган қарорларнинг ўз вақтида ижро этилиши юзасидан назорат ва мониторингни амалга ошириш.

Худудий комиссия зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

  1. IV. Ҳудудий комиссия фаолиятини ташкил этиш

Ҳудудий комиссия раиси ва таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади.

Ҳудудий комиссиялар раис (ички ишлар органи раҳбари), раис ўринбосари ва аъзолардан иборат таркибда тузилади. Ҳудудий комиссиялар таркибига, қоида тариқасида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек меҳнат, таълимни давлат томонидан бошқариш, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш, бошқа худудий давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари киритилади.

Ҳудудий комиссия ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади. Унинг мажлислари заруратга қараб, аммо чоракда камида бир марта ўтказади.

Ҳудудий комиссия раис томонидан бошқарилиб, у:

Ҳудудий комиссия фаолиятига раҳбарлик қилади;

Ҳудудий комиссия йиғилишларини чақиради ва уларга раислик қилади;

Ҳудудий комиссия йиғилишлари кун тартибини тасдиқлайди;

Ҳудудий комиссия иш режаларини тасдиқлайди.

Комиссия ишчи органи функциясини худудий Ички ишлар бош бошқармаси, бошқармаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда — ишчи орган) бажаради.

Ишчи орган:

Худудий комиссия иш режаларини ишлаб чиқади, уларнинг ижроси устидан назоратни амалга оширади, шунингдек тасдиқланган режага мувофиқ худудий комиссиянинг жорий фаолиятини ташкил этади;

Худудий комиссия йиғилишлари кун тартибига киритиладиган масалалар бўйича материалларнинг тайёрланишини ташкил қилади;

Худудий комиссия ваколат доирасига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди;

Худудий комиссия қарорларининг ижроси устидан назорат ва мониторингни ташкил қилади;

келиб тушаётган хат ва ҳужжатларнинг кўриб чиқилишини ташкил қилади, ёзишмаларни ва Худудий комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар тайёрлашни амалга оширади;

оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

Худудий комиссия фаолиятини ташкилий-техник таъминлашни амалга оширади.

Ишчи орган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ўз ваколатлари доирасида Худудий комиссияга ҳар чоракда:

одам савдосига қарши курашиш ҳолати тўғрисидаги ҳисоботларни;

одам савдоси билан боғлиқ бўлган жиноятларни содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича таклифларни тақдим этади.

Худудий комиссия қарорлари аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Худудий комиссия қарорлари йиғилишда иштирок этган аъзолари томонидан имзоланадиган ва комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади. Баённомани имзолашда комиссия аъзолари ўзларининг алоҳида фикрларини ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эгадир.

Худудий комиссия қарорлари одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ҳамда манфаатдор давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотларга юборилади. Уларнинг раҳбарлари комиссия қарорларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши учун жавобгардир.

Худудий комиссия қарорларини сифатли бажариш мақсадида одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари раҳбарлари томонидан уларнинг ижро этилиши юзасидан мониторинг ва назорат ташкил этилади.

Худудий комиссия иш режалари унинг аъзоларидан келиб тушган таклифлар асосида ҳар ярим йилга тузилади ва комиссия йиғилишида кўриб чиқилади ва Худудий комиссия раиси томонидан тасдиқланади.