Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг 2017 йил «16» июндаги йиғилишининг баённомасига 5-илова

 

 

Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг масъул котиблари тўғрисида

 

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

 

Ушбу Низом Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси (кейинги ўринларда «комиссия» деб юритилади) масъул котибининг (кейинги ўринларда – «масъул  котиб» деб юритилади) асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда унинг иш фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

 

Масъул котиб ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорлари,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва Фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро Комиссияси Низоми ҳамда мазкур Низом талаблари асосида амалга оширади

 

Одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссияларининг (кейинги ўринларда Ҳудудий комиссия деб юритилади) масъул котибларининг фаолияти ҳам мазкур Низом талаблари асосида ташкил этилади ва амалга оширилади.

 

  1. Масъул котибнинг асосий

вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

 

Масъул котиб комиссиянинг доимий фаолият кўрсатувчи таҳлилий ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда:

– комиссия иш режасининг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини, унинг бажарилиши устидан назоратни, шунингдек тасдиқланган иш режасига мувофиқ комиссиянинг жорий ишлари ташкил этилишини;

– комиссия мажлисларида кўриладиган масалалар юзасидан комиссия қарори лойиҳасини ва бошқа материалларни тайёрлашни, комиссия аъзолари ва таклиф этилган шахсларни тегишли материалларни юборган ҳолда мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилинишини;

-вазирликлар, қўмиталар, давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, муассасалар, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва қуйи комиссиялар томонидан комиссиянинг қабул қилган қарорлари бажарилиши мониторингининг амалга оширилишини ва мониторинг натижаларини кўриб чиқиш учун комиссия мажлисига тақдим этади;

-келиб тушган хат-хабарларнинг кўриб чиқилишини, уларни ўрганиш учун комиссия аъзоларига юборилишини;

-ахборотлар ва таҳлилий материалларнинг, шу жумладан вазирликлар, қўмиталар, давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, муассасалар, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва қуйи комиссияларнинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ишлари аҳволининг умумлаштирилишини ҳамда натижаларини кўриб чиқиш учун комиссияга тақдим этилишини;

-одам савдоси жиноятларининг келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш борасидаги фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқилиши ва унинг бажарилиши устидан назорат олиб борилишини;

-одам савдоси жиноятлари, унинг динамикаси тўғрисидаги ахборотларни таҳлил қилиш ҳамда натижалари ҳақида  комиссия раисига маълумот тақдим этилишини;

-яшаш жойидан узоқ муддатга чиқиб кетган ва қайтиб келган шахслар ҳақида ички ишлар органларидан олинган маълумотларни таҳлил қилиш, уларнинг чиқиб кетиш сабаблари ҳамда  чет давлатларда одам савдоси қурбони бўлганлигини аниқлашга қаратилган чора-тадбирларнинг белгиланишини ва бажарилишини;

-одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва ҳимоя қилиш ишларини яхшилаш, одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрланишини;

-давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш масалалари, одам савдоси жиноятининг мудҳиш оқибатлари тўғрисида аҳолини хабардор қилиш, оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига етказиш тадбирларини тизимли равишда ташкил этилиши ва амалга оширилишини;

-одам савдоси жиноятининг олдини олишга қаратилган конференциялар, ўқув семинарлари ва давра суҳбатлари  ташкил этилишини;

– одам савдосига қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларни ҳар чоракда умумлаштирилишини ҳамда тегишли ахборотлар тайёрланишини таъминлайди.

Масъул котиб комиссия йиғилишида билдирилган таклифларни умумлаштиради, йиғилиш баённомасининг лойиҳасини расмийлаштиради ва имзолаш учун комиссия аъзоларига юборади. Комиссия аъзолари томонидан имзоланган баённомани тасдиқлаш учун комиссия раисига тақдим этади.

 

Масъул котиб комиссия мажлисининг тасдиқланган баённомасини ижро учун тегишли вазирликлар, қўмиталар, давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, муассасалар, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва қуйи комиссияларга тарқатилишини таъминлайди.

Масъул котиб ўз функцияларини амалга ошириш учун вазирликлар, қўмиталар, давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, муассасалар, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, қуйи комиссиялар ва комиссия аъзоларидан комиссия фаолиятига тегишли масалаларга оид ахборотларни сўраш ва олиш, шунингдек, комиссия ваколатига кирувчи бошқа масалалар бўйича материаллар билан танишиш ҳуқуқига эга.

 

III. Масъул котиб фаолиятини ташкил этиш

 

Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ҳамда ҳудудий идоралараро комиссияларининг масъул котиблари сифатида, қоида тариқасида, ички ишлар вазирлиги ҳамда қуйи ички ишлар органларининг мазкур соҳага масъул тармоқлари раҳбарлари тасдиқланади.

Туман ва шаҳар ҳудудий идоралараро комиссияларида масъул котиб тариқасида ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосарларидан бири тасдиқланади.

Масъул котиб номзоди комиссия раисининг тавсиясига биноан комиссия йиғилиши қарорига мувофиқ тасдиқланади.

Масъул котиб ўз вазифасини жамоатчилик асосида бажаради.

Ходими комиссия ишига масъул котиб сифатида тасдиқланган ички ишлар вазирлиги ҳамда қуйи ички ишлар органларининг раҳбарлари бу ходимнинг комиссия масъул котиби сифатида фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб берадилар.

Масъул котиб фаолияти комиссия раиси томонидан, жойларда эса ҳудудий комиссиялар раислари томонидан йўналтирилади ҳамда назорат қилиб борилади.

Масъул котиб сифатида ўз вазифасини етарли бажармаган, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этган шахслар бу вазифани бажаришдан комиссиянинг қарори асосида озод этилиши мумкин.