Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқилишини ҳамда амалга оширилишини, шунингдек уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этиш;

давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолият самарадорлигини, яқин ҳамкорлигини ва иш уйғунлигини таъминлаш мақсадида уларнинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

одам савдосига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чораларни баҳолаш, мониторинг қилиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш;

одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни фош этиш, тергов қилиш, уларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш амалиётини ўрганиш;

тизимли камчиликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш йўли билан бартараф этиш;

одам савдосига имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш;

давлат органлари ва ташкилотларнинг одам савдосига қарши курашиш борасидаги ҳамкорлигини яхшилаш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

одам савдосига қарши курашиш борасидаги ахборотни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ҳамда тегишли давлат органлари ва ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида улардан фойдаланиш;

одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш ишларини яхшилаш, одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонунҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

одам савдосига қарши курашиш масалалари тўғрисида аҳолини хабардор қилиш борасидаги тадбирларни ташкил этиш;

одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар фаолиятига раҳбарлик қилиш ва улар фаолиятини назорат қилиш;

ҳудудий комиссияларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш.

 

КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ҳамда одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришни яхшилашга қаратилган қарорлар қабул қилиш;

Комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларидан белгиланган тартибда ахборотни сўраш ва олиш;

одам савдосининг кўлами, ҳолати ва тенденциялари таҳлили натижаларидан келиб чиқиб, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимояқилиш ишларини яхшилаш, шунингдек одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;

одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

Комиссия фаолиятининг муҳим масалаларини ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи комиссиялар ва (ёки) эксперт гуруҳларини тузиш, шунингдек ушбу комиссия ва гуруҳлар ишига мутахассисларни жалб қилиш;

одам савдосига қарши курашиш масалаларида қонун ҳужжатлари ва Комиссия қарорлари бажарилмаганлиги учун тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотларга уларнинг мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш ҳақида таклифлар киритиш;

Комиссия аъзоси ҳисобланмайдиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини Комиссиянинг мувофиқлаштирувчи йиғилишларига таклиф этиш;

одам савдосига қарши курашишда фаол иштирок этаётган шахсларни рағбатлантириш ташаббуси билан чиқиш.

Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.