Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги 2003 йил 12 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 505-сонли Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хориждаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш ва ноқонуний миграциянинг олдитни олиш мақсадида ташкил этилди.
АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ:
• меҳнат миграцияси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
• хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш;
• Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини рўёбга чиқаришда кўмаклашиш;
• Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги ва хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;
• хорижий ишчи кучларини ёлловчи чет эл фирмалари (корхоналар, муассасалар, компаниялар) билан ҳамкорликни ривожлантириш;
• юридик шахсларга хорижий ишчи кучларини жалб этиш учун рухсатномалар бериш (рухсатномаларнинг амал қилиш муддатини узайтириш);
• Ўзбекистон Республикаси фуқароларига чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар бериш (рухсатномаларнинг амал қилиш муддатини узайтириш);
АГЕНТЛИК ЎЗИГА ЮКЛАНГАН ВАЗИФАЛАРГА МУВОФИҚ:
• фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш учун квоталар ажратиш масаласи бўйича ўз ваколати доирасида музокаралар олиб боради, шартномалар, битимлар ва протоколлар лойиҳаларини тайёрлайди ва уларни имзолайди;
• тегишли қарорларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан Ўзбекистон фуқароларини чет элда ишга жойлаштириш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги шартномалари, битимлари ва протоколларидан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини мувофиқлаштириб боради;
• Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда белгиланган тартибда берилган рухсатномалар (тасдиқномалар) асосида ишлаётган хорижий фуқароларни ҳисобга олади;
• қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга иш берувчилар томонидан риоя этилишини назорат қилади;
• тасдиқномага эга бўлган хорижий фуқаролар томонидан республика ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилади;
• чет элга ишлаш учун жўнаб кетаётган фуқароларни ишга жойлашиладиган мамлакатда бўлиш хусусиятлари, хорижий иш берувчилар билан меҳнат шартномалари тузишнинг ҳуқуқий жиҳатлари тўғрисида хабардор қилади, уларнинг малака оширишига ва хўжалик ҳисоби асосида хорижий тилни ўрганишига кўмаклашади;
• чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат фаолияти мониторингини амалга оширади;
• чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ижтимоий муҳофазасини белгиланган тартибда таъминлайди;
• чет элларга ишга юборилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ватанга қайтгандан кейин ишга жойлаштирилишини ташкил этади;
• чет элларда меҳнат фаолиятини амалга оширишни хоҳловчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиради;
• хорижий мамлакатларнинг меҳнат бозорини ўрганади, хорижий иш берувчиларни қидиради ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элда ишга жойлаштириш тўғрисида битимлар тузади;
• чет элда меҳнат фаолиятини амалга оширишни хоҳловчи фуқаролар тўғрисидаги ахборотларни хорижий иш берувчилар ўртасида, шу жумладан «Интернет» тармоқлари орқали тарқатади.
АГЕНТНИНГ УСТУВОР ТАМОЙИЛЛАРИ:
• Агентлик хорижда қонуний меҳнат фаолиятини юритаётган ҳар бир фуқаро учун масъулдир;
• Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқлари ҳимояланади;
• Ўзбекистон Республикасининг хорижда меҳнат қилиш учун чиқаётган ҳар бир фуқароси ўқитилган ва тайёрланган бўлиши шарт;
ХОРИЖГА МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ЧИҚАЁТГАН ФУҚАРОЛАРНИ ЎҚИТИШ
2003 йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги қошида Чет элларга кетаётган фуқароларни олдиндан кўниктириш ва ўқитиш маркази ташкил этилган. Марказнинг асосий вазифалари:
• Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан тузилган шартномалар бўйича фуқароларни олдиндан кўниктириш ва ўқитиш;
• чет элларга ишга кетаётган фуқароларга бориладиган мамлакатнинг асосий қонун ҳужжатлари, анъаналари ва хулқ-атвор нормалари тўғрисида маълумот бериш;
• бориладиган мамлакат тилини муомала қилиш ва меҳнат функцияларини бажариш, контракт бўйича ишга жойлашадиган ишлаб чиқаришларда техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини билиш даражасида ўқитиш;
• чет элларга ишлаш учун жўнатилаётган фуқароларнинг соғлиги ҳолатини хорижий иш берувчиларнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда, ваколатли тиббиёт муассасаларини жалб этиб комплекс тиббий кўрикдан ўтказиш.
Агар бўлғуси меҳнат мигранти касб ўрганиш истагида бўлса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида касбга ўрганиш Марказлари мавжуд бўлиб, уларда касб ўрганиш ва сертификатлар олиш мумкин.
ТАШҚИ МЕҲНАТ МИГРАЦИЯСИ МАСАЛАЛАРИ АГЕНТЛИГИ
Қабул кунлари: Душанба-Жума кунлари 9:00 – 17:00 гача
Телефон: (871) 202-33-44
Электрон почта: info@migration.uz
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қамарнисо кўчаси, 1-уй
Манба. http://migration.uz
© 2024 Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси - Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси