Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Таъкидлансинки, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларни ташкиллаштирилган тарзда йиғиш юзасидан халқаро шартномалар тузиш, уларнинг республика ташқарисида иш жойларига хавфсиз тарзда етиб боришини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ноқонуний меҳнат миграциясининг катта оқими ҳалигача сақланиб қолмоқда.

Фуқароларни хорижда ташкиллаштирилган тарзда ишга жойлаштириш, шунингдек, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларнинг бандлигини таъминлаш кўрсаткичлари паст даражада қолиши давом этмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий шаклларини тубдан кенгайтириш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига кетаётган фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятига жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида:

  1. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган юридик шахслар:
  • Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича;
  • Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида аккредитациядан ўтиш асосида, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини, жумладан, касбий кўникмаларга эга бўлиш ва хорижий тилларни билиш даражасини тасдиқлаш борасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
  • Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг лицензиялар бериш ва аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш, зарур ҳужжатларни тайёрлаш функцияларини бажарувчи ишчи органи этиб белгилансин.
  1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) юридик шахс мақомида ташкил этилсин.

Қуйидаги харажатларни молиялаштириш Жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

  • хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатиш;
  • меҳнат миграциясида бўлган даврда жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса сабабли тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилган фуқароларга, кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигранти ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тўланган маблағлар ушбу фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, тиббий хизмат кўрсатиш;
  • ишга жойлашган давлатнинг тегишли муассасалари томонидан тасдиқланган ҳолларда республикадан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хориждаги меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатланган фуқароларни олиб келиш;
  • меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ташкиллаштирилган тарзда илгари юборилган ва ишга жойлашган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида ушбу мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилган (депортация қилинган) фуқароларни, тўланган маблағлар ушбу фуқаролар ҳисобидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, шунингдек, келишилган меҳнат шароитлари чет эллик иш берувчилар томонидан таъминлаб берилмаган фуқароларни қайтариш;
  • республика ҳудудларида хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни кетишдан олдинги мослаштириш, касбий тайёрлаш, хорижий тилларга ўқитиш ва билим даражаси юзасидан тест синовлари ўтказиш, фуқароларнинг касбий малакасини тасдиқлаш марказларини ташкил этиш ҳамда жиҳозлаш;
  • хорижда Агентликнинг ваколатхоналарини ташкил этиш ва жиҳозлаш;
  • норасмий меҳнат миграциясининг олдини олишга қаратилган, фуқароларни хорижда ишга ташкиллаштирилган тарзда жойлаштириш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш.
  1. Қуйидагилар Жамғарманинг даромадларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган 200 миллиард сўм миқдоридаги бир марталик беғараз молиявий ёрдам;
  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан тузиладиган лицензия келишуви доирасида фуқароларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга юборувчи ташкилотларнинг, захираланаётган маблағ ишлатилган ҳолларда маблағларни тўлдириш, шунингдек, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқини берувчи лицензия муддати тугатилган ҳолларда маблағларни қайтариш шарти билан, 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги захираланадиган маблағлари;
  • бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
  1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда қуйидагиларни тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни;
  • Хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакаларини тасдиқлаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни;
  • Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкиллаштирилган тарзда йиғиш тартиби тўғрисидаги низомни;
  • Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг янгиланган низомини;
  • Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни, жумладан, унда жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини назарда тутган ҳолда.
  1. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 августдан:
  • хусусий меҳнат шартномалари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ихтиёрий рўйхатдан ўтиш таомилини жорий этган ҳолда, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби бекор қилинади;
  • хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам иш ҳақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилади, бунда тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшилади.
  1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда минимал рентабелли янги иш ўринларини яратишга қаратилган ижтимоий корхоналарни давлат-хусусий шериклик шартларида ташкил этиш механизмларини жорий қилиш бўйича, ушбу мақсадларга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағларини йўналтиришни назарда тутган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  2. Агентлик барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод қилинсин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига Агентликнинг бошқарув ходимлари ҳисобидан масъул ходимларни Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти тақдим этиладиган мансабдор шахслар рўйхатига киритиш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.
  4. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда меҳнат қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
  5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов ва Ўзбекистон Республикасининг бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Д. Қудбиевга юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2018 йил 5 июль,

ПҚ-3839-сон

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш ва тубдан қайта кўриб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 июлдаги ПҚ-3839-сон қарорига мувофиқ, шунингдек Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Қуйидагилар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) асосий вазифалари этиб белгилансин:

биринчи, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини танлаш, тайёрлаш, мослаштириш тадбирларини ўтказиш ва хорижда ишга жойлаштириш жараёнларини самарали бошқариш ҳамда назорат қилиш орқали уларга хорижда меҳнат фаолиятини олиб боришга доир ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашиш;

иккинчи, ташқи меҳнат миграциясини комплекс таҳлил қилиш, шу асосда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга ишга жойлашишда кўмаклашиш;

учинчи, меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш жараёнларини тартибга солиш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари юзасидан хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш;

тўртинчи, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини тасдиқлаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ишчи органи вазифаларини бажариш;

бешинчи, юридик шахсларга хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатномаларни ва хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни белгиланган тартибда бериш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида меҳнат қилаётган хорижий фуқаролар ҳисобини юритиш.

  1. Қуйидагилар тасдиқлансин:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касб малакасини тасдиқлаш фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда танлаштартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳимоя қилиш жамғармасининг Кузатув кенгаши таркиби 6-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳимоя қилиш жамғармаси Ижро этувчи дирекциясининг тузилмаси 7-иловага мувофиқ.

  1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

Агентликнинг асосий вазифаларини ва фаолияти йўналишларини ҳисобга олган ҳолда, унинг ташкилий тузилмасини ва марказий аппарати тузилмасини икки ҳафта муддатда тасдиқласин;

республика ташқарисида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ёки амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Агентликнинг маълумотлар базасида ихтиёрий равишда масофадан рўйхатдан ўтказиш механизмини бир ой муддатда жорий этсин.

  1. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси хорижга уюшган ҳолда танлаш бўйича кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини божхона ва паспорт назоратидан Агентликнинг талабномаларига асосан уюшқоқлик билан ўтказиш ҳамда жўнатишни таъминласин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 8-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
  3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Д.А. Кўчқоров ва Ўзбекистон Республикасининг бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 12 сентябрь,

725-сон

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарорига
1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 июлдаги ПҚ-3839-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича юридик шахсларнинг фаолиятини лицензиялаш ҳамда назорат қилиш тартибини белгилайди.
  2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

лицензия — юридик шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат;

ариза берувчи/лицензия талабгори/лицензиат — Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширишни режалаштираётган юридик шахс;

лицензия талаблари — Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияни олиш учун мазкур Низомда белгиланган талаблар;

лицензияловчи орган — Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги;

ишчи орган — Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.

  1. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага асосан амалга оширилади.
  2. Лицензия беришда Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси билан лицензия битими тузилади.

2-боб. Лицензия талаблари ва шартлари

  1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

штатда олий юридик маълумотга эга камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;

меҳнат мигрантларини юбориш назарда тутилаётган мамлакатлар тилларини яхши биладиган камида бир нафар ходимнинг бўлиши;

фуқаролар мурожаат қилаётган ва уларга хизмат кўрсатилаётган жараёнларни ёзиб оладиган ҳамда ёзиб олинган маълумотларни уч ой мобайнида сақлайдиган видеокузатув тизими билан жиҳозланган бино ёки хонанинг бўлиши;

ариза берувчи рўйхатдан ўтказилган вақтда Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган энг кам иш ҳақининг камида беш минг баравари миқдорида шаклланган устав жамғармасига эга бўлиши;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси (кейинги ўринларда Фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси деб аталади) депозит ҳисобрақамида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов амалга оширилган вақтдаги курси бўйича эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ариза берувчининг шаклланган устав жамғармаси маблағлари ҳисобидан захиралаш;

фуқароларни хорижда ишга жойлаштиришдан манфаатдор бўлган шахсларни танлаб олишда ҳар қандай турдаги камситиш тақиқланганига риоя этиш;

ишчи органга фаолият тўғрисидаги ҳисоботни ҳар ой тақдим этиш;

талабгорлар билан тузиладиган шартномаларни, шунингдек, талабгорлар ва хорижий иш берувчилар билан тузиладиган шартномаларни юритиш;

Ўзбекистон Республикасининг ва/ёки борадиган мамлакатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ноқонуний деб эътироф этилган фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси меҳнат мигрантларини юбориш тақиқланганига риоя этиш.

  1. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширишга доир лицензия талаблари ва шартлари лицензия битимида кўрсатилади.

3-боб. Лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар

  1. Ариза берувчи лицензия олиш учун умумий фойдаланиладиган ахборот-коммуникация тармоқларидан, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда, лицензияловчи органга бевосита ёки почта алоқаси орқали электрон рақамли имзо билан тасдиқланган қуйидаги ҳужжатларни (бир нусхада) электрон шаклда тақдим этади:

ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда ариза;

рўйхатдан олинган вақтда энг кам иш ҳақининг камида беш минг баравари миқдорида шакллантирилган устав жамғармаси мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

фуқаролар мурожаат қилаётган ва уларга хизмат кўрсатилаётган жараёнларни ёзиб оладиган ҳамда ёзиб олинган маълумотларни уч ой мобайнида сақлайдиган видеокузатув тизими билан жиҳозланган бино ёки хонанинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;

штатида ва/ёки фуқаролик ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома бўйича олий юридик маълумотга эга бўлган мутахассиснинг (мутахассисларнинг) борлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

штатида ва/ёки фуқаролик ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома бўйича меҳнат мигрантларини юбориш назарда тутилаётган мамлакатлар тилларини яхши биладиган ходимнинг борлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

аризани кўриб чиқиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси.

  1. Ариза берувчидан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.
  2. Ариза берувчи ишончсиз ёки нотўғри маълумотларни тақдим этгани учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

4-боб. Лицензия олиш учун аризани кўриб чиқиш тартиби

  1. Лицензияларни бериш, қайта расмийлаштириш, тўхтатиш, тугатиш ва бекор қилиш тўғрисидаги аризалар ишчи орган томонидан кўриб чиқилади.
  2. Лицензия олиш учун ариза ушбу ариза ва лицензия олиш учун тақдим этиладиган зарур ҳужжатлар тушган кундан бошлаб ўн иш куни давомида ишчи орган томонидан кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш якунлари бўйича ишчи орган хулоса тайёрлайди ва лицензияловчи органга тақдим этади.
  3. Лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ишчи орган томонидан тўлов куни Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида йиғим ундирилади.
  4. Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида ишчи орган ариза берувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича режалаштирилаётган фаолиятни амалга ошириш учун мазкур Низомда белгиланган талабларга мувофиқлигини жойига бориб ўрганиши мумкин.

5-боб. Лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби

  1. Лицензияловчи орган ишчи орган хулосасини олган кундан бошлаб беш кун мобайнида лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
  2. Ишчи орган лицензия талабгорини тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун давомида қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилиши шарт.

Ишчи орган лицензиатлар жойлашган жойдаги давлат солиқ хизмати органларига лицензия бериш, уни тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисида маълум қилади.

Лицензия бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, талабгор қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб уч кундан кечикмай, Фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг депозит ҳисобрақамида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов амалга оширилган вақтдаги курси бўйича эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни захиралаши керак.

  1. Лицензия берилганлиги учун ишчи орган томонидан тўлов куни Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади.
  2. Лицензия чекланмаган муддатга берилади.

Лицензияловчи органнинг лицензияни бериш тўғрисидаги қарори ва лицензия битими лицензия бериш учун асос ҳисобланади.

  1. Лицензия намунавий бланкда расмийлаштирилади. Унинг шакли лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади. Лицензиялар бланклари зарур ҳимоя даражасига эга бўлиб, қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади ҳамда ҳисобга олиш серияси ва рақамига эга.

Лицензияларни олиш, ҳисобга олиш ва сақлаш ишчи орган зиммасига юкланади.

  1. Лицензияда қуйидагилар кўрсатилади:

лицензия берган орган номи;

лицензиат ташкилотининг номи ва юридик манзили;

лицензия бериладиган фаолият тури;

мазкур фаолият турини амалга ошириш шартлари;

лицензия мажбуриятлари бузилганлиги учун лицензиат жавобгарлиги тўғрисидаги эслатма;

лицензиянинг рўйхатга олинган рақами ва у берилган сана.

  1. Лицензия битимида қуйидагилар кўрсатилади:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

томонларнинг реквизитлари;

лицензия берилаётган фаолият тури номи;

лицензия талаблари ва лицензиатга қўйилаётган шартлар;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиатнинг лицензия битими талаблари ва шартларини бажарганлигини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби;

хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш хусусиятларига тааллуқли бошқа шартлар.

Лицензия битими икки нусхада — лицензиат ва лицензияловчи орган учун биттадан нусхада тузилади;

  1. Лицензия битимининг лойиҳаси илова қилинган лицензия бериш тўғрисидаги хабарнома юридик шахсга лицензия бериш учун йиғим киритиладиган банк ҳисобрақами реквизитлари кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади.
  2. Лицензия ва лицензия битими лицензияловчи орган раҳбари томонидан имзоланади ва муҳри билан тасдиқланади.
  3. Лицензия юридик шахс томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилиб, лицензия битими имзолангандан сўнг берилади.
  4. Агар, лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб, уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия бериш учун давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса, лицензияловчи орган мазкур лицензияни бекор қилишга ҳақли.
  5. Лицензиянинг асл нусхаси лицензиатга берилади, унинг нусхаси белгиланган тартибда ишчи органда сақланади. Берилган лицензия тўғрисидаги ахборот лицензияловчи органнинг интернет-сайтида ошкора эълон қилинади.
  6. Лицензияловчи орган:

юридик шахс томонидан тегишли тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилса;

юридик шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар бўлса;

юридик шахс лицензия битимлари ва шартларига мос келмаса, юридик шахсга лицензия беришни рад этишга ҳақли.

Бошқа асосларга кўра, шу жумладан лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабли лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

  1. Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома асосланган бўлиши керак ва ариза берувчига рад этиш сабаблари ва юридик шахс кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.
  2. Юридик шахсга лицензия бериш рад этилган тақдирда, аризани кўриб чиқиш учун тўланган йиғим қайтарилмайди.
  3. Ҳужжатлар юридик шахснинг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган санадан бошлаб беш иш куни давомида лицензияловчи орган томонидан такроран кўриб чиқилади. Юридик шахснинг аризасини такроран кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
  4. Юридик шахснинг аризасини такроран кўриб чиқишда лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада аввал кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.
  5. Лицензия беришни рад этишга асос бўлган сабабларни бартараф этиш учун берилган муддат ниҳоясига етгач, юридик шахснинг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси янги тақдим этилган ҳисобланади.
  6. Ариза берувчи лицензияловчи орган қароридан норози бўлса, лицензияни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек, лицензияловчи орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

6-боб. Лицензияни қайта расмийлаштириш ва унинг дубликатини бериш тартиби

  1. Юридик шахс (лицензиат) унинг фаолияти тугатилмай қайта ташкил этилса, номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарса, юридик шахс ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтгандан кейин бир ой муддатда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида лицензияловчи органга ариза бериши, унга қайд этилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилиши шарт.

Ҳужжат юридик шахс томонидан ишчи органга бевосита ёки почта алоқаси воситалари орқали тақдим этилади.

  1. Лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарор ишчи органнинг хулосаси асосида лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида тегишли ҳужжатлар илова қилинган ариза олинган кундан бошлаб беш кун муддатда лицензияловчи орган томонидан қабул қилинади.
  2. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг сўровига кўра лицензия дубликати берилади.

Бунда лицензиат йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензиянинг бекор қилинганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши, шунингдек, ишчи органга эълонни тақдим этиши шарт.

  1. Лицензияни қайта расмийлаштириш ёки дубликат бериш учун Ўзбекистон Республикасида тўлов куни белгиланган энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим миқдори ишчи органнинг ҳисобрақамига ўтказилади.
  2. Лицензия қайта расмийлаштирилганда лицензияловчи орган берилган, қайта расмийлаштирилган, тўхтатилган, тугатилган ва бекор қилинган лицензиялар реестрига (кейинги ўринларда Реестр деб аталади) тегишли ўзгартиришлар киритади.
  3. Лицензияни қайта расмийлаштириш, шунингдек, унинг дубликатини олиш даврида лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни аввал берилган лицензия асосида амалга оширади.

7-боб. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш

  1. Лицензияловчи орган лицензия битимида ва ушбу Низомда назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларига лицензиат томонидан риоя этилишини ишчи орган орқали назорат қилади.
  2. Лицензиатлар ишчи органга лицензияловчи орган томонидан белгиланадиган шакллар бўйича ўз фаолияти тўғрисида бирламчи ва ҳар ойлик ҳисобот тақдим этади.
  3. Бирламчи ҳисобот фуқароларнинг ҳар бир гуруҳи Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ишга юборилгандан кейин бир ҳафта муддатда лицензиат томонидан тақдим этилади ва қуйидагилар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олади (унга видео ва фотоматериаллар илова қилинади):

ходимнинг борган мамлакатидаги меҳнат ва ижтимоий-маиший шарт-шароитлари;

иш ҳақини мунтазам тўлашни, меҳнатни муҳофаза қилиш нормаларини ва борган мамлакатининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шарт-шароитларни таъминлашни назарда тутувчи тузилган меҳнат шартномалари.

  1. Ҳар ойлик ҳисобот лицензиат томонидан хорижий иш берувчи, хорижга ишга юборилган фуқаролар тақдим этган маълумотлар ва бошқа манбалар асосида шакллантирилади ҳамда қуйидаги ахборотларни ўз ичига олиши керак:

хорижга ишга юборилган ходимнинг паспорт маълумотлари;

хорижга ишга юборилган ходимнинг иш жойи;

хорижга ишга юборилган фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги муаммолар (агар мавжуд бўлса) (иш ҳақи тўлашни кечиктириш, ноқулай меҳнат ва яшаш шароитлари, иш жойи бўйича тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқалар) ҳамда уларни ҳал этиш бўйича лицензиат томонидан кўрилган чора-тадбирлар.

  1. Лицензиат лицензия талаблари ва шартларига риоя этиш юзасидан назорат қилишда лицензияловчи орган ўз ваколати доирасида:

лицензиат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда лицензия талаблари ва шартларига риоя этишини режали текшириш;

лицензиатдан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан текширувлар ўтказишда юзага келадиган масалаларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан тушган шикоятларга доир зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширувлар натижалари асосида далолатнома (маълумотномалар) тузиш, уларда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилган аниқ ҳолатларни кўрсатиш;

аниқланган қонунбузарликларни лицензиат томонидан бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш, бундай қонунбузарликларни бартараф этиш учун етарли бўлган муддатларни белгилаш;

қонун ҳужжатлари бузилган ҳолатлар бўйича қарорлар қабул қилиш ва судга мурожаат қилиш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лицензия олмай фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолият олиб борилганлиги ва/ёки фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича лицензия битимида назарда тутилмаган хизматлар кўрсатилгани тўғрисидаги материаллар ва маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриш учун белгиланган тартибда юбориш;

зарурат бўлса, мигрантнинг меҳнат қилиш шароитлари ва ижтимоий ҳимояси тўғрисида ахборот олиш мақсадида унинг иш ва яшаш жойини бориб кўриш ҳуқуқига эга.

  1. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда уч нусхада далолатнома тузилиб, улардан бири лицензиатга берилади, иккинчи нусха лицензияловчи органда қолади, учинчи нусха ишчи органга берилади.

8-боб. Лицензияни тўхтатиш, тугатиш, амал қилишини тиклаш ва бекор қилиш тартиби

  1. Лицензиянинг амал қилиши лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги аниқланган, шунингдек, аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги лицензияловчи органнинг кўрсатмалари бажарилмаган ҳолларда тўхтатилиши мумкин.

Лицензиянинг амал қилиши лицензияловчи орган ёки суд томонидан тўхтатилади. Лицензияловчи орган томонидан лицензиянинг амал қилиши ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга, суд томонидан эса ўн иш кунидан ортиқ бўлган муддатга тўхтатилиши мумкин.

Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб, уч кундан кечикмай бу ҳақда лицензиатни ёзма равишда хабардор қилиши керак.

  1. Лицензияловчи орган лицензиатга лицензиянинг амал қилишини тўхтатишга сабаб бўлган ҳолатларни бартараф этиш учун муддат белгилайди.
  2. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатилишига олиб келган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилса, лицензияловчи орган мазкур ҳолатлар бартараф этилгани тўғрисида ёзма тасдиқнома олинган вақтдан бошлаб, уч кун муддатда лицензиянинг амал қилишини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилади.
  3. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатилган даврда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолият билан шуғулланиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
  4. Лицензиянинг амал қилиши лицензияловчи орган томонидан қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилса;

лицензиатнинг тугатилиши ёки қайта ташкил этилиши натижасида ўз фаолиятини тўхтатганда, шунингдек, янги ташкил қилинган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган санада қайта ташкил этиладиган юридик шахслар бир хил турдаги лицензияланган фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлганда улар қўшилган тақдирда, лицензиат қайта ташкил этилган ҳолат бундан мустасно;

лицензиянинг тўхтатилишига олиб келган ҳолатлар лицензиат томонидан лицензияловчи орган ёки суд томонидан белгиланган муддатда бартараф этилмаганда;

лицензияловчи органнинг лицензияни бериш тўғрисидаги қарори ноқонунийлиги аниқланганда.

Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кечикмай бу ҳақда уни асослаб берган ҳолда лицензиатни ёзма равишда хабардор қилади.

Лицензиат томонидан лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги хабар олинган кундан бошлаб ўн кун ичида лицензия лицензияловчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши лозим.

Лицензия тугатилса, тўланган йиғимлар қайтарилмайди.

  1. Лицензия:

ушбу Низомнинг 24-бандида назарда тутилган ҳолларда;

юридик шахс лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилса;

лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланса, бекор қилинади.

Ушбу банднинг тўртинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда лицензияни бекор қилиш суд қарорига кўра, бошқа ҳолларда эса лицензияловчи органнинг қарорига биноан амалга оширилади.

  1. Лицензияловчи орган юридик шахсни лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин уч кун ичида бу ҳақида ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Юридик шахс лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни олган кундан бошлаб ўн кун ичида лицензия лицензияловчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши лозим.

Лицензия бекор қилинса, тўланган йиғимлар қайтарилмайди.

  1. Лицензияловчи органнинг лицензия бериш, унинг амал қилишини тўхтатиш, тиклаш, тугатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ҳақидаги қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши шарт.
  2. Лицензиянинг амал қилиши тугатилса ва бекор қилинса, лицензиатнинг Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захираланган маблағлари 3 иш куни ичида лицензиатга қайтарилади.

9-боб. Реестрни юритиш

  1. Ишчи орган лицензияловчи орган ва унинг ишчи органининг расмий веб-сайтларида жойлаштириладиган реестрни юритади.
  2. Реестрда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахс номи ва у жойлашган жой (почта манзили);

телефон рақами (факс);

ташкилот раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;

лицензия берилган сана ва рақам;

лицензияларни тўхтатиш, тугатиш, амал қилишини тиклаш ва бекор қилиш асослари ва саналари;

лицензияларни қайта расмийлаштириш ва дубликатларни бериш асослари ва саналари.

10-боб. Лицензияловчи орган қарорлари устидан шикоят қилиш

  1. Юридик шахслар лицензияловчи органнинг қарорлари, шунингдек, лицензияловчи орган ва ишчи орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
  2. Лицензияловчи органнинг лицензияни тўхтатиш, тугатиш ва бекор қилиш тўғрисидаги қарорлари юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Суд лицензияни бекор қилиш асосли эмас деб эътироф этса, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавоб беради.

11-боб. Якунловчи қоида

  1. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш

СХЕМАСИ

 

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олиш учун

АРИЗА

1. Ариза берувчи номи: _____________________________________________________________
2. Жойлашган жойи (почта манзили): _____________________________________________________________
3. Телефон ___________________________________________ факс ____________________________________
4. е- mail: __________________________________________________________________________________
5. web-саҳифа: _________________________________________________________ (агар бор бўлса)
6. Банк реквизитлари:
_______________________________________________________________________________________________________
7. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати:
1)….,
2)….,
3)….,
4)….,
5)… .
Раҳбарнинг Ф.И.О. ва имзоси _____________________________________________________________
М.Ў. (агар бор бўлса)
Берилган сана: 20 ___ й. «______» _____________________

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарорига
2-ИЛОВА

Хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини тасдиқлаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 июлдаги ПҚ-3839-сон қарорига мувофиқ хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини тасдиқлаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш, шунингдек, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг малака, билим ва кўникмаларга эгалигини баҳолаш тартибини белгилайди.
  2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш — талабгор малакасининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун борадиган хорижий давлатларда қабул қилинган касбий стандарт қоидалари ёки малака талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш жараёни;

талабгор — ўз малакаси, билими ва кўникмаларини ушбу низомда белгиланган тартибда тасдиқлаш учун билимни баҳолаш марказига, шу жумладан иш берувчининг йўлланмаси бўйича мурожаат қилган ходим ёки муайян турдаги меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун даъво қилаётган жисмоний шахс;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш воситалари — касб бўйича имтиҳон ўтказишда билимни баҳолаш марказлари томонидан фойдаланиладиган вазифалар, баҳолаш мезонлари мажмуи;

билимлилик тўғрисида сертификат — малака, билим ва кўникмаларга ижобий баҳо берилганини ҳамда ишчиларга малака разрядларини ва мутахассисларга малака тоифаларини бериш бўйича касбий стандартлар ёки малака талабида назарда тутилган тегишли малака даражаси берилганини тасдиқловчи ҳужжат;

профессионал стандарт — муайян турдаги касбий фаолиятни амалга ошириш учун ходимга зарур бўлган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун борадиган хорижий давлатларда тасдиқланган малака, билим ва кўникмалар тавсифи;

билимни баҳолаш маркази — ушбу Низомга ҳамда касбий ва малака стандартлари талабларига мувофиқ малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш бўйича фаолият олиб борадиган ва ушбу Низомда белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган юридик шахс;

аккредитация — хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий билимга эгалигини, шу жумладан касб кўникмалари ва чет тилларни билиш даражасини тасдиқлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига даъво қилувчи юридик шахсга билимни баҳолаш маркази мақомини бериш тартиб-таомили;

ариза берувчи — аккредитациядан ўтишга ёки аккредитация муддатини узайтиришга даъво қилаётган юридик шахс;

ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги;

ишчи орган — Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги;

Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестри — ишчи касблари ва мутахассислар тоифалари бўйича тасдиқланган касбий малака, билим ва кўникмаларга эга жисмоний шахслар тўғрисида мунтазам янгилаб бориладиган ахборот ресурси, маълумотлар базаси;

Билимни баҳолаш марказлари реестри — хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакаларини, шу жумладан касбий кўникмаларини ва чет тилларини билиш даражасини тасдиқлаш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун аккредитацияга эга бўлган юридик шахслар тўғрисида мунтазам янгилаб бориладиган ахборот ресурси, маълумотлар базаси (кейинги ўринларда билимни баҳолаш марказлари деб аталади).

2-боб. Малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш тизими

  1. Қуйидагилар баҳолаш тизими иштирокчилари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда норматив-ҳуқуқий тартибга солиш функцияларини амалга оширувчи ваколатли орган сифатида;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги;

билимни баҳолаш марказлари;

иш берувчилар;

талабгорлар.

  1. Малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш бўйича хизматлар билимни баҳолаш марказлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган хорижий давлатларда тасдиқланган ишчиларга малака разрядларини ва мутахассисларга малака тоифаларини бериш бўйича касбий стандартлар ва малака талаблари асосида кўрсатилади.
  2. Малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш якунлари бўйича талабгорга билимга эгалиги тўғрисида сертификат берилади ва у талабгорни Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрига киритиш учун асос ҳисобланади.
  3. Билимни баҳолаш марказлари ўзлари томонидан бериладиган билимга эгалик тўғрисидаги сертификатлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган хорижий давлатларда тан олиниши учун малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш ваколатига эга органлар ёки тегишли хорижий давлатларнинг иш берувчилари билан ҳамкорлик битимлари тузади.

3-боб. Ариза берувчини аккредитациядан ўтказиш

  1. Хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини тасдиқлаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш тартиби 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

Аккредитациядан ўтказиш ёки аккредитациядан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарорлар Касбий малакалар ва билимлар бўйича кенгаш тақдимномасига биноан ваколатли орган томонидан қабул қилинади, унинг таркиби ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

Касбий малакалар ва билимлар бўйича кенгашнинг қарори баённома шаклида расмийлаштирилади ва оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Касбий малакалар ва билимлар бўйича кенгашнинг қарорини сўров ўтказиш йўли билан расмийлаштириш мумкин.

Касбий малакалар ва билимлар бўйича кенгашнинг мажлисларига Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тегишли илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари вакиллари таклиф этилиши мумкин.

Касбий малакалар ва билимлар бўйича кенгашнинг қарорлари тавсия хусусиятига эга.

  1. Аккредитацияга даъво қилувчи ариза берувчи қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

ушбу Низом ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этиши;

штатида (ўриндошлик бўйича йўл қўйилади) олий маълумотли ва ариза берувчи малака, билим ва кўникмаларни баҳолашга даъво қилаётган йўналишларнинг ҳар бири бўйича олий таълим муассасасини битиргандан кейин камида 3 йиллик амалий иш стажига (шу жумладан ўриндошлик бўйича) эга бўлган камида бир нафар ходимнинг бўлиши;

тасарруфида хўжалик юритиш, тезкор бошқариш ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосда малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш учун баҳолаш воситаларига, шунингдек, малака имтиҳонини ташкил этиш ва ўтказиш учун мўлжалланган моддий-техник базага эга бўлиши;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолашда олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлаши;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш бўйича шартнома мажбуриятларини ўз вақтида ва сифатли бажариши;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолашда мустақиллик, ошкоралик ва холисликни таъминлаши;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш тўғрисида ишончли ахборот тақдим этиши керак.

  1. Аккредитацияга даъво қилувчи ариза берувчи умумий фойдаланиладиган ахборот-коммуникация тармоқларидан, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда, ишчи органга бевосита ёки почта алоқаси орқали ёки электрон шаклда электрон имзо қўйилган қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ушбу Низомнинг 2-иловага мувофиқ шаклда ариза;

штатида ва/ёки фуқаролик ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида ариза берувчи малака, билим ва кўникмаларни баҳолашга даъво қилаётган йўналишларнинг ҳар бири бўйича олий маълумотли мутахассиснинг (мутахассисларнинг) мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

тасарруфида хўжалик юритиш, тезкор бошқариш ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосда малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш учун баҳолаш воситалари, шунингдек, малака имтиҳони ташкил этиш ва ўтказиш учун мўлжалланган моддий-техника базаси мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;

аризани кўриб чиқиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси.

Билимни баҳолаш марказида касб малакасини ва чет тилини билиш даражасини (TOEFL, IELTS ва ҳоказолар) баҳолаш учун тегишли аккредитация мавжуд бўлса, қўшимча аккредитация талаб этилмайди.

  1. Ариза берувчидан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.
  2. Ариза берувчи ишончсиз ёки нотўғри маълумотларни тақдим этгани учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
  3. Аккредитация олиш учун ариза ишчи орган томонидан ушбу ариза ва аккредитация олиш учун тақдим этиладиган зарур ҳужжатлар тушган кундан бошлаб ўн иш куни ичида кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш якунлари бўйича ишчи орган хулоса тайёрлайди. Хулоса ваколатли органга берилади.
  4. Аккредитация олиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ишчи орган томонидан тўлов куни Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида йиғим ундирилади.
  5. Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида ишчи орган ариза берувчиларнинг малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш бўйича режалаштирилаётган фаолиятни амалга ошириш учун мазкур Низомда белгиланган талаблар ва шартларга мувофиқлигини жойнинг ўзига бориб ўрганиши мумкин.
  6. Ваколатли орган ишчи органнинг хулосасини олган кундан бошлаб беш кун мобайнида аккредитациядан ўтказиш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
  7. Ишчи орган тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун давомида ариза берувчини қабул қилинган қарордан хабардор қилиши шарт.
  8. Аккредитация чекланмаган муддатга берилади.
  9. Аккредитация намунавий бланкда расмийлаштирилади. Унинг шакли ваколатли орган томонидан тасдиқланади. Бланклар зарур ҳимоя даражасига эга, қатъий ҳисобот берадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш серияси ва рақамига эга.

Бланкларни олиш, ҳисобга олиш ва сақлаш ишчи орган зиммасига юкланади.

  1. Ваколатли орган:

юридик шахс томонидан тегишли тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилса;

юридик шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар бўлса;

юридик шахс ушбу Низомда назарда тутилган талаблар ва шартларга мос келмаса, юридик шахсни аккредитациядан ўтказишни рад этишга ҳақли.

Бошқа асослар, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмаслик сабаблари бўйича аккредитациядан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

  1. Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома асосланган бўлиши керак ва ариза берувчига рад этиш сабаблари ва юридик шахс кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.
  2. Юридик шахсга аккредитациядан ўтказиш рад этилган тақдирда, аризани кўриб чиқиш учун тўланган йиғим қайтарилмайди.
  3. Ҳужжатлар юридик шахснинг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган санадан бошлаб беш иш куни ичида ваколатли орган томонидан такроран кўриб чиқилади. Юридик шахснинг аризасини такроран кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
  4. Юридик шахснинг аризасини такроран кўриб чиқишда аккредитациядан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги хабарномада аввал кўрсатилмаган янги асослар бўйича аккредитациядан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.
  5. Аккредитациядан ўтказишни рад этишга асос бўлган сабабларни бартараф этиш учун берилган муддат ниҳоясига етгач, юридик шахснинг аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги аризаси янги тақдим этилган ҳисобланади.
  6. Ариза берувчи ваколатли орган қароридан норози бўлган, аккредитациядан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек, ишчи орган мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

4-боб. Малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш

  1. Малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш иш берувчиларга малака разрядини ва мутахассисларга малака тоифасини бериш бўйича малака имтиҳони (кейинги ўринларда малака имтиҳони деб аталади) шаклида ўтказилади.

Бунда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари малакани баҳолашда ихтиёрий асосда иштирок этади.

  1. Малака имтиҳони билимни баҳолаш маркази томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.
  2. Малака имтиҳони бошқа жисмоний ёки юридик шахслар маблағлари ҳисобига талабгорнинг ташаббуси билан ёки иш берувчи маблағлари ҳисобидан иш берувчининг йўлланмаси бўйича ўтказилади.
  3. Малака имтиҳонидан ўтиш учун билимни баҳолаш марказига талабгор томонидан бевосита ёки почта алоқаси орқали ёки умумий фойдаланиладиган ахборот-коммуникация тармоқларидан, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

малака имтиҳонида иштирок этиш тўғрисида ариза;

паспортнинг ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг нусхаси;

малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш учун хизматларга ҳақ тўланганини тасдиқловчи банк тўлов ҳужжатининг нусхаси;

зарурат бўлса ва бу қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, тегишли рухсат тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхалари.

Мазкур ҳужжатлар бир нусхада тақдим этилади. Ушбу бандда назарда тутилмаган қўшимча ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

  1. Малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш бўйича малака имтиҳонида иштирок этиш қиймати билимни баҳолаш марказлари томонидан мустақил белгиланади.
  2. Малака имтиҳонини топширишни рад этиш тақиқланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
  3. Малака имтиҳонидан ўтиш якунларига кўра, талабгорга уч кун муддатда билимни баҳолаш маркази томонидан билимга эгалик тўғрисида сертификат берилади, малака имтиҳонидан ўтишда қониқарсиз баҳо олган тақдирда эса малака имтиҳонидан ўтганлик тўғрисида тавсияларни ўз ичига олган хулоса берилади.
  4. Билимга эгалик тўғрисида берилган сертификатлар ҳақидаги маълумотлар Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрига ваколатли орган томонидан киритилади.
  5. Билимни баҳолаш маркази томонидан малака имтиҳонидан ўтиш якунлари бўйича қабул қилинган қарорлардан норози бўлган талабгор ёки иш берувчи улар малака имтиҳонидан ўтиш натижалари тўғрисида хабардор қилинган санадан бошлаб ўн календарь кун давомида ваколатли органга ёки Касбий малакалар ва билимлар бўйича кенгашга ёзма шикоят беришга ҳақли.

Малака имтиҳонини ўтказиш натижалари ва билимга эгалик тўғрисидаги сертификатни бериш билан боғлиқ шикоятларни кўриб чиқиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.

5-боб. Сифатга ҳамда ўрнатилган талаблар ва шартларга риоя этилишини назорат қилиш

  1. Ваколатли орган билимни баҳолаш маркази томонидан ушбу Низомда назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларига риоя этишини ишчи орган орқали назорат қилади.
  2. Билимни баҳолаш марказлари ҳар ой ишчи органга ваколатли орган томонидан белгиланадиган шакллар бўйича ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
  3. Ваколатли орган билимни баҳолаш марказларининг сифатга ва шартларга риоя этишини назорат қилишда ўз ваколати доирасида:

баҳолаш сифатига ва шартларга риоя этилишини текшириш;

текширувлар ўтказишда юзага келадиган масалаларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан тушган шикоятларга доир зарур ахборотни билимни баҳолаш марказларидан сўраш ва олиш;

текширувлар натижалари асосида далолатномалар (маълумотномалар) тузиш, уларда билимни баҳолаш марказлари томонидан ўрнатилган талаблар ва шартлар бузилган аниқ ҳолатларни кўрсатиш;

аниқланган қонунбузарликларни билимни баҳолаш марказлари томонидан бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш, бундай қонунбузарликларни бартараф этиш учун етарли бўлган муддатларни белгилаш;

қонун ҳужжатлари бузилган ҳолатлар бўйича қарорлар қабул қилиш ва судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

  1. Аккредитация билимни баҳолаш маркази томонидан ўрнатилган талаблар ва шартлар бузилганлиги аниқланган, шунингдек аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш тўғрисида ваколатли органнинг кўрсатмалари улар томонидан бажарилмаган ҳолларда тўхтатилиши мумкин.

Ваколатли орган аккредитациянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кечикмай бу ҳақда билимни баҳолаш марказини ёзма равишда хабардор қилиши керак.

  1. Ваколатлиорган билимни баҳолаш маркази учун аккредитациянинг амал қилишини тўхтатишга олиб келган ҳолатларни бартараф этиш муддатини белгилайди.
  2. Билимни баҳолаш маркази томонидан аккредитациянинг амал қилишини тўхтатишга олиб келган ҳолатлар бартараф этилса, ваколатли орган мазкур ҳолатларни бартараф этиш тўғрисида ёзма тасдиқнома олган вақтдан бошлаб уч кун муддатда аккредитациянинг амал қилишини давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилади.
  3. Билимни баҳолаш марказлари аккредитациянинг амал қилиши тўхтатилган даврда фаолият олиб бориши қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
  4. Аккредитациянинг амал қилиши ваколатли орган томонидан қуйидаги ҳолларда тугатилади:

билимни баҳолаш маркази аккредитациянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилса;

билимни баҳолаш марказининг тугатилиши ёки қайта ташкил этилиши натижасида ўз фаолиятини тўхтатганда, шунингдек, янги ташкил қилинган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган санада қайта ташкил этиладиган юридик шахслар бир хил турдаги лицензияланган фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлганда улар қўшилган тақдирда, марказ қайта ташкил этилган ҳолат бундан мустасно;

лицензиатнинг тугатилиши ёки қайта ташкил этилиши оқибатида ўз фаолиятини тугатганда,шунингдек, қайта ташкил этиладиган юридик шахслар янги ташкил қилинган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган санада бир хил турдаги лицензияланган фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлганда қўшилган тақдирда;

билимни баҳолаш маркази томонидан ушбу низомда назарда тутилган талаблар ва шартлар мунтазам ёки бир марта қўпол тарзда бузилганда;

ваколатли орган томонидан белгиланган муддатда аккредитация амал қилишининг тўхтатилишига олиб келган ҳолатлар билимни баҳолаш маркази томонидан бартараф этилмаганда;

аккредитация тўғрисидаги ваколатли орган қарорининг ноқонунийлиги аниқланганда.

Ваколатли орган аккредитациянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кечикмай билимни баҳолаш марказини бу ҳақда асосланган ҳолда ёзма равишда хабардор қилади.

Аккредитация тугатилганда тўланган йиғимлар қайтарилмайди.

  1. Аккредитация:

ушбу Низомнинг 42-бандида назарда тутилган;

билимни баҳолаш маркази аккредитацияни бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган;

сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда аккредитация олинганлиги аниқланган ҳолларда бекор қилинади.

Ушбу банднинг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатда аккредитация суднинг қарори билан, бошқа ҳолларда эса ваколатли органнинг қарори билан бекор қилинади.

  1. Ваколатли орган аккредитацияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин уч кун ичида бу ҳақда билимни баҳолаш марказини ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Аккредитация бекор қилинганда тўланган йиғимлар қайтарилмайди.

  1. Ваколатли органнинг аккредитация, уни тўхтатиш, давом эттириш, тугатиш ва бекор қилиш тўғрисидаги қарорлари ваколатли органнинг расмий интернет сайтида ёки бошқа оммавий ахборот воситаларида чоп этилиши лозим.

6-боб. Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестри

  1. Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестри ваколатли орган томонидан юритилиб, у ваколатли органнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.
  2. Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрининг электрон платформаси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази ҳузуридаги «Mehnat.uz ахборот-компьютер маркази» МЧЖ томонидан Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқилади ва қўллаб-қувватланади.
  3. Билимни баҳолаш марказининг талабгорга малака имтиҳонидан ўтказиш якунлари бўйича берилган билимга эгалик тўғрисидаги сертификати Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрига киритиш учун асос ҳисобланади.

Билимни баҳолаш марказлари томонидан тегишли ахборотни Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрига автоматик киритиш механизмини жорий этишга йўл қўйилади.

  1. Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

тартиб рақами;

идентификация рақами (автоматик ҳосил бўладиган ноёб рақам);

талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

талабгорнинг паспорт маълумотлари;

малака, билим ва кўникмалар баҳоланган касб (мутахассислик);

малака, билим ва кўникмалар баҳоланган касб (мутахассислик) коди;

тегишли касб (малака) бўйича малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш;

чет тилларини билиш даражасини баҳолаш — агар билса;

хорижий давлатнинг қонун ҳужжатлари базавий асосларини билиш даражасини баҳолаш — агар билса;

хорижий давлат маданий-этник асосларини билиш даражасини баҳолаш — агар билса;

билимни баҳолаш маркази номи ва жойлашган жой (почта манзили);

телефон рақами (факс);

ташкилот раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;

аккредитация берилган сана ва аккредитация рақами.

Ваколатли орган Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрига жойлаштириш учун талаб қилинган ахборот турларини кенгайтириши мумкин.

  1. Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестридаги ахборот ваколатли органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.
  2. Билимни баҳолаш марказларининг аккредитациясини тўхтатиш, тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган тақдирда, ваколатли орган тегишли билимни баҳолаш маркази томонидан билимга эгалик тўғрисида берилган аккредитация муддати тўхтатилган, тугатилган ёки бекор қилинган сертификатга эга талабгор(лар)нинг малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолаш натижаларини Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестридан чиқариб ташлашга ҳақли.

Бунда ваколатли орган билимни баҳолаш маркази томонидан талабгорлар малакаси, билими ва кўникмаларига берилган баҳо сифатини, шу жумладан Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобига учинчи томонни жалб қилган ҳолда текширишга ва шундан сўнг Малакаси тасдиқланган шахслар миллий реестрида шахсни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

7-боб. Ваколатли орган қарорлари юзасидан шикоят қилиш

  1. Юридик шахслар ваколатли органнинг қарорлари, шунингдек, ваколатли орган ва ишчи орган мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
  2. Ваколатли органнинг аккредитацияни тўхтатиш, тугатиш ва бекор қилиш тўғрисидаги қарорлари бўйича судга шикоят қилиш мумкин. Суд аккредитацияни бекор қилиш асосли эмас деб эътироф этса, ишчи орган билимни баҳолаш маркази олдида унга етказилган зарар миқдорида жавоб беради.

8-боб. Якунловчи қоидалар

  1. Ушбу Низомга мувофиқ ундириладиган йиғимлар ишчи органнинг махсус ҳисобрақамига ўтказилади.
  2. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

Хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини тасдиқлаш фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

Хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини тасдиқлаш фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш

СХЕМАСИ

 

 

Хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини тасдиқлаш фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини, шу жумладан касбий кўникмаларини ва чет тилларни билиш даражасини тасдиқлаш фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини олишга аккредитациядан ўтказиш учун

АРИЗА

1. Ариза берувчи номи: _____________________________________________________________
2. Юридик манзили: _____________________________________________________________
3. Телефон ________________________________________ факс ______________________________
4. email: __________________________________________________________________________________
5. web-саҳифа: _________________________________________________________ (агар бор бўлса)
6. Банк реквизитлари:
_______________________________________________________________________________________________________
7. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати:
1)… ;
2)… ;
3)… ;
4)… ,
5)… ;
Раҳбарнинг Ф.И.О. ва имзоси _____________________________________________________________
М.Ў. (агар бор бўлса)
Берилган сана: 20 ___ й. «____» _______________________

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сонли қарорига
3-ИЛОВА

Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда танлш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 июлдаги ПҚ-3839-сон қарорига мувофиқ хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда танлаш тартибини белгилайди.
  2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

иш изловчи шахс (талабгор) — мос келадиган иш жойини танлаш ва хорижда ишга жойлашишга кўмаклашиш хизматларидан фойдаланиш учун юборувчи ташкилотга мурожаат қилган жисмоний шахс, Ўзбекистон Республикаси фуқароси;

юборувчи ташкилот — Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади), шунингдек, уюшган ҳолда танлаш тартибида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини тегишли лицензия асосида хорижий давлатга ишга юбориш фаолиятини олиб борувчи юридик шахс;

лицензия — юридик шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда танлаш ва хорижга ишга жойлаштириш учун юбориш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат;

танлаш — хорижий иш берувчилар ва (ёки) уларнинг хорижий ишчиларни ишга жойлаштириш соҳасида фаолият кўрсатувчи ваколатли хорижий ташкилотларининг буюртманомалари бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришни таъминлаш мақсадида юборувчи ташкилот томонидан амалга ошириладиган тадбирлар мажмуи;

хорижий иш берувчи — ишга жойлаштириладиган давлатнинг қонун ҳужжатларида меҳнат мигрантларни ёллаш ҳуқуқи берилган хорижий давлатнинг жисмоний ёки юридик шахси;

ишга жойлаштириладиган давлат — меҳнат мигранти меҳнат фаолиятини амалга оширадиган хорижий давлат;

ходимлар ягона маълумотлар базаси — Агентликнинг махсус веб-сайтида рўйхатга олишнинг электрон тизими бўлиб, унинг ёрдамида Ўзбекистон Республикаси фуқарлари, Агентлик, юборувчи ташкилотлар ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш марказлари (кейинги ўринларда Бандликка кўмаклашиш марказлари деб аталади) талабгорнинг зарур маълумотларини киритиши мумкин;

меҳнат мигрантлари — хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхоналари ва дипломатик миссияларида ишловчи шахслар бундан мустасно;

Иш берувчилар реестри — Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини ушбу Низомга мувофиқ уюшган ҳолда танлаш ва хорижда ишга жойлаштиришда иштирок этувчи хорижий иш берувчилар рўйхати.

  1. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга уюшган тартибда жўнаб кетиш ҳуқуқига эга.
  2. Фуқароларни хорижда ишлаш учун уюшган ҳолда танлаш юборувчи ташкилотлар томонидан ушбу Низомда ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Юборувчи ташкилот хорижда ишга жойлашиш учун қонун ҳужжатлари шартлари ва талаблари тўғрисида аҳоли ўртасида тизимли тушунтириш ишларини олиб боради.

  1. Агентликка танлаш фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олиши талаб этилмайди.
  2. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ушбу Низомда назарда тутилганидан бошқа қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

2-боб. Ходимлар ягона маълумотлар базасини шакллантириш

  1. Ходимлар ягона маълумотлар базаси талабгор тўғрисида қуйидаги ахборотни ўз ичига олади: Ф.И.О., паспорт маълумотлари, туғилган санаси ва йили, яшаш жойи, телефон рақамлари, маълумоти, мутахассислиги, иш тажрибаси, бошқа кўникмалари, фотосуратлари.
  2. Қуйидагилар маълумотлар базасига киритиладиган ахборот манбалари ҳисобланади:

талабгор томонидан мустақил тарзда киритилган ахборот;

талабгорнинг розилиги билан юборувчи ташкилот томонидан киритилган ахборот;

Талабгорнинг розилиги билан бандликка кўмаклашиш туман (шаҳар) марказлари томонидан киритилган ахборот.

  1. Ягона маълумотлар базасида рўйхатдан ўтказилган ҳар бир талабгорга рўйхатдан ўтказилган шахсий рақам берилади.
  2. Талабгорнинг тегишли талабига кўра, шахсий маълумотлар ҳақидаги ахборот учинчи шахслар учун ёпиқ бўлиши керак.
  3. Талабгорларнинг мурожаатлари асосида юборувчи ташкилот уларнинг маълумотлар базасини мустақил равишда шакллантириш ҳуқуқига эга.
  4. Бандликка кўмаклашиш марказлари талабгорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишга жойлаштириш учун ягона маълумотлар базасидан фойдаланиши мумкин.
  5. Ходимлар ягона маълумотлар базасида тақдим этилган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгарлик талабгорга юклатилади.

3-боб. Хорижда иш берувчиларни излаш

  1. Ўзбекистон Республикасининг талабгорларини хорижда ишга иш берувчилар реестрига киритилган иш берувчилар билан биргаликда жойлаштириш тавсия этилади.
  2. Хорижий иш берувчилар тўғрисидаги маълумотлар:

Агентликдан;

Агентлик ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича юборилган талабнома асосида бир иш куни давомида юборувчи ташкилотлардан ва Ўзбекистон Республикаси Консуллик муассасаларининг меҳнат масалалари бўйича атташесидан олинган ахборот асосида Иш берувчилар реестрига киритилади.

  1. Иш берувчилар реестри Агентлик томонидан юритилади ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳамда Агентликнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.
  2. Иш берувчилар реестри маълумотлари очиқ ҳисобланиб ва улардан барча юборувчи ташкилотлар бемалол фойдаланиши учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Агентлик сайтида эълон қилинади.
  3. Иш берувчилар реестрига киритилмаган, шунингдек Ўзбекистон Республикасида ҳам, ишга жойлаштириладиган давлатларда ҳам аввал меҳнат тўғрисидаги ва бошқа қонун ҳужжатларини бузган хорижий иш берувчилар учун талабгорларни хорижда ишга жойлаштириш учун танлаш тавсия этилмайди.
  4. Агентлик холис, очиқ ва ишончли ахборотни шакллантириш мақсадида юборувчи ташкилот, Ўзбекистон Республикаси Консуллик муассасаларининг меҳнат масалалари бўйича атташеси доимий асосда:

меҳнат мигрантларини бошқа мамлакатларда ишга жойлаштириш имкониятлари тўғрисида ахборот тўплайди;

бўлажак иш берувчилар билан суҳбатлар ўтказади;

хорижий иш берувчининг олдига бориб, меҳнат шартномаси шартларини, меҳнат мигранти меҳнат қилиш ва яшаш шарт-шароитларини батафсил текширади;

Иш берувчилар реестрини ва бўш иш ўринлари ҳақидаги ахборотни тегишли веб-сайтларга жойлаштиради.

  1. Хорижий иш берувчи томонидан қоидабузарликлар тўғрисида ахборот олинган ҳолларда Агентлик Ўзбекистон Республикаси Консуллик муассасаларининг меҳнат масалалари бўйича атташеси билан биргаликда фуқаролар ишга жойлаштирилган жойларга бориб ўрганади ва ўрганиш якунлари бўйича далолатнома тузилади.
  2. Ўрганиш якунлари бўйича тузилган далолатнома қоидабузарлик мавжудлиги тасдиқланган тақдирда, Агентлик хорижий ишончсиз иш берувчини Иш берувчилар реестридан чиқариш бўйича шошилинч чоралар кўради.
  3. Иш берувчилар реестридан чиқарилган ташкилотларда аввал ишга жойлашган ва меҳнат фаолиятини давом эттиришни хоҳловчи меҳнат мигрантларига нисбатан талабгор ва юборувчи ташкилот ўртасидаги барча келишилган шартлар тўлиқ бажарилгунга қадар сақлаб қолинади.
  4. Хорижий иш берувчининг айби билан ишсиз қолган меҳнат мигрантларига нисбатан уларни такроран ишга жойлаштириш ёки ватанига қайтариш чоралари кўрилади.

4-боб. Талабгорлар танлаб олинишини ташкил этиш ва амалга ошириш

  1. Юборувчи ташкилот талабгорларни уларнинг маълумотлар базаси, ўз маркетинг ишланмалари асосида хорижий иш берувчи билан олдиндан келишув бўйича танлайди.
  2. Юборувчи ташкилот, зарурат бўлса, талабгордан унинг малакасини ва чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи ҳужжатни сўраш ҳуқуқига эга.

Тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, юборувчи ташкилот талабгорга малака ва чет тилини билиш даражасини аниқлаш учун тегишли курслардан ўтишни тавсия қилиш ҳуқуқига эга.

  1. Агентлик талабгорнинг чет тилини билишини ва касбга яроқлилигини ушбу турдаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатни олмай туриб текшириши мумкин.
  2. Хорижий иш берувчи томонидан билдирилган малака ва тил билиш даражаси бўйича талабларга жавоб бермайдиган, шунингдек чет элга чиқиши чекланган талабгорларни уюшган ҳолда олиш мумкин эмас.

5-боб. Талабгорларни кетишдан олдин мослаштириш

  1. Юборувчи ташкилот хорижий иш берувчи билан келишувларга эришгач, ишга жойлаштириладиган давлатга талабгорларни юбориш учун гуруҳ тузади.
  2. Гуруҳ тузиш якунлари бўйича юборувчи ташкилот ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича намунавий шартномага биноан хорижда ишга жойлаштириш юзасидан хизматлар кўрсатиш тўғрисида талабгор билан шартнома тузади.
  3. Юборувчи ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар қиймати ўзлари томонидан мустақил белгиланади ва ҳеч нарса билан чекланмайди.
  4. Юборувчи ташкилот юборилаётган мамлакатларнинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб, меҳнат мигрантларининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича уларнинг ўқув-тайёргарлик, мослаштириш тадбирларидан дастлабки тарзда ўтказилишини таъминлайди, шу жумладан:

талабгорни хорижий иш берувчи билан тузиладиган меҳнат шартномаси лойиҳаси, яшаш ва меҳнат шароитлари билан таништириши, унинг розилигини олиши;

талабгорни тиббий кўрикдан ўтказиши, шу жумладан сил, руҳий, таносил касалликлари бор ёки йўқлиги ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ёки истеъмол қилмаслигини текшириши;

зарурат бўлса, чиқиш визасини олиш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда талабгорга кўмаклашиши;

ишга жойлаштириладиган давлат тилини, анъаналари ва қонун ҳужжатларини ўргатиш, хавфсизлик техникаси, диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, таносил касалликлари ва ОИВ-инфекцияси тарқалишининг профилактикаси бўйича қисқа муддатли курслар ўтказиши;

талабгорлар ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилиш жараёнини ташкил этиши шарт.

  1. Талабгорда атрофдагиларга хавф уйғотадиган касалликлар ва вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи касалликлар аниқланса, талабгор тўлиқ соғайиб кетгунига қадар кетишдан олдин мослаштиришдан четлатилади.

6-боб. Талабгорларни жўнатиш

  1. Талабгорлар учун қулай шарт-шароитлар ва қулайликлар яратиш мақсадида юборувчи ташкилот темир йўл, авиа ва автотранспортга йўл чипталарини брон қилади ва харид қилади.
  2. Талабгорларни республикадан ташқарида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойига хавфсиз кузатиб қўйиш, йўлда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида талабгорлар тегишли лицензияга эга йўловчилар орқали юборилади.
  3. Талабгорлар ишга жойлаштириладиган давлатга хорижий иш берувчи билан келишган ҳолда юборувчи ташкилотнинг ходими ҳамроҳлигида гуруҳ бўлиб жўнатилади.
  4. Белгиланган жойга келгач, юборувчи ташкилот талабгорлар ишга жойлаштирилгунга қадар уларни зарур шарт-шароитлар билан таъминлаш чораларини кўради (патент, кириш йўриқномаси, яшаш, тиббий кўрикдан ўтиш ва ҳоказо.)
  5. Ўтказилган тадбирлар якунлари бўйича ушбу Низомнинг 3-иловага мувофиқ шакл бўйича талабгорни ишга жойлаштириш тўғрисида ҳужжат тузилади. Унга шунингдек талабгор ва хорижий иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаларининг нусхалари илова қилинади.

Ишга жойлаштириш тўғрисидаги ҳужжатнинг иккинчи нусхаси меҳнат шартномалари нусхалари илова қилинган ҳолда, юборувчи ташкилот томонидан Агентликка электрон шаклда тақдим этилади ва электрон имзо билан тасдиқланади.

  1. Хорижий иш берувчи талаб қилинган ижтимоий ва маиший шарт-шароитларни, меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини таъминламаса ёки иш берувчи меҳнат мигрантини ишга жойлаштиришни рад этишига сабаб бўлган бошқа масалалар юзага келса, юборувчи ташкилот талабгорни бошқа хорижий иш берувчида ишга жойлаштириш бўйича шошилинч чоралар кўради.
  2. Талабгорни аввал келишилган талабларга мувофиқ ишга жойлаштириш имкони бўлмаса, юборувчи ташкилот унинг ўз ватанига қайтарилишини таъминлаши шарт.

Юборувчи ташкилот томонидан мазкур мажбурият бажарилмаган тақдирда, Агентлик талабгорни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида юборувчи ташкилотнинг захираланган маблағлар ҳисобига ўз ватанига қайтариш юзасидан шошилинч чора-тадбирлар кўради.

7-боб. Меҳнат мигрантлари фаолиятининг мониторинги

  1. Ишга жойлаштириладиган давлатда меҳнат мигрантлари фаолиятининг мониторинги, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимояси қилиш:

Ўзбекистон Республикаси Консуллик муассасаларининг меҳнат масалалари бўйича атташеси;

Агентликнинг хорижий ваколатхоналари;

Агентликнинг давлат ва нодавлат хорижий ҳамкорлари;

юборувчи ташкилотлар;

нодавлат нотижорат ташкилотлари;

бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

  1. Агентлик меҳнат мигрантларини виждонсиз иш берувчидан ҳимоя қилишда ва меҳнат мигрантлари томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишда қуйидаги барча жиҳатлар мониторингини олиб бориш бўйича Ўзбекистон Республикасининг бош ваколатли органи ҳисобланади:

вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида меҳнат мигрантларини жалб қилиш учун ўз мамлакатининг ваколатли органларида расман рўйхатга олинган ёки аккредитациядан ўтказилган хорижий иш берувчилар билан битимлар тузиш;

талабгорларни танлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун юборувчи ташкилотлар томонидан тузиладиган шартномаларнинг ва меҳнат мигрантлари томонидан хорижий иш берувчилар билан тузилган меҳнат шартномаларининг қонун ҳужжатларига ҳамда халқаро ҳуқуқ ва бошқа қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида назорат қилиш;

ишга жойлаштириладиган давлатда ходимларнинг тегишли тоифаси учун белгиланган иш ҳақидан кам бўлмаган даражада меҳнат мигрантларини иш ҳақи билан таъминлаш нормаларига риоя этиш;

ишга жойлаштириладиган мамлакатда белгиланган муносиб яшаш ва ишлаш шарт-шароитларини таъминлаш нормаларига риоя қилиш.

  1. Зарурат бўлса, Агентлик ва унинг хориждаги ваколатхоналари меҳнат мигрантлари манфаатдор бўлган турли масалалар юзасидан учрашувлар ўтказади, тиббий хизматлардан фойдаланишда кўмаклашади, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари иш берувчи томонидан бузилишининг олдини олади.
  2. Меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш тартиб-таомиллари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

8-боб. Якунловчи қоида

  1. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда олиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижий ваколатхоналарининг,
Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари меҳнат масалалари бўйича
атташесининг, юборувчи ташкилотларнинг хорижий иш берувчини
Хорижда ишга жойлаштириш учун иш берувчилар реестрига киритиш
БУЮРТМАНОМАСИ

____________________________________________________________________________________________________

Агентлик хорижий ваколатхоналари, меҳнат масалалари бўйича атташесининг, юборувчи ташкилотнинг номи)

Ишга жойлаштириладиган давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнат мигрантларини ишга жойлаштириш ҳуқуқини олган ва текширилган хорижий иш берувчини хорижда ишга жойлаштириш учун Иш берувчилар реестирга киритиш учун у тўғрисида қуйидаги ахборотни тақдим этади:
Ташкилот номи
Фаолият тури
Жойлашган жойи (почта манзили)
Телефон
E-mail
Веб сайт
Давлат рўйхатидан ўтказилган сана ва рақами
Устав капитали
Телефон
E-mail
Лицензия рақами
Ишга жойлашган мамлакат ва шаҳар
Бошқа муҳим ахборот
Боғланиш мумкин бўлган шахс, ФИО, лавозими, телефон рақами
Ташкилот рақами, ФИО, лавозими,
телефон рақами
Ариза берувчи хулосаси
________________________________________
________________________________________ ___________________
(ариза берувчи) (имзо)
М.Ў. (мавжуд бўлса)

 

Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда олиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга
жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида
НАМУНАВИЙ ШАРТНОМА

Ушбу шартнома Устав ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан берилган 201___ йил «____» _____ даги ______-сон лицензия асосида фаолият кўрсатувчи __________________ директори номидан ______________________________ (кейинги ўринларда Юборувчи ташкилот деб аталади) ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси ___________________________________________________________________ (кейинги ўринларда Талабгор деб аталади), (кейинги ўринларда Томонлар деб аталади) қуйидагилар тўғрисида мазкур шартномани (кейинги ўринларда Шартнома деб аталади) тузди:

1. Шартнома мақсади

1.1. Юборувчи ташкилот Талабгорга______________________________ мутахассислиги/касби бўйича бўш иш ўринларини танлаш, кетишдан олдин мослаштириш ва хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатади.
1.2. Талабгор ва хорижий иш берувчи ўртасидаги намунавий шартнома (кейинги ўринларда намунавий шартнома деб аталади) меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар олингач, ишга жойлаштириладиган давлат ҳудудида имзоланади.

2. Шартноманинг амал қилиш муддати

2.1. Ушбу Шартнома меҳнат шартномасида кўрсатилганмуддатга тенг муддатда амал қилади.
2.2. Меҳнат шартномаси муддати тугагач, ходим хорижий иш берувчи билан келишган ҳолда унинг муддатини узайтириш ҳуқуқига эга, бу эса тегишли равишда мазкур шартномани узайтиришга сабаб бўлади.

3. Ҳисоб-китоблар миқдори ва тартиби

3.1.Талабгор _________________________________ сўм миқдорида юборувчи ташкилот томонидан кўрсатиладиган
рақамлар ва сўз билан
хизматларга ҳақ тўлайди;
3.2. Томонлар ушбу Шартномани имзолагач, Талабгор 2 (икки) иш куни давомида Юборувчи ташкилот хизматларининг ушбу Шартнома 3.1. кичик бандида кўрсатилган қийматини тўлайди ва банк тўлов квитанциясининг нусхасини Юборувчи ташкилотга тақдим этади.
Агар Талабгор томонидан амалга оширилган тўлов тасдиқланмаса, Юборувчи ташкилот тасдиқномани олгунга қадар барча хизматлар кўрсатилишини тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга.

4. Ишга жойлаштириладиган давлатда ишлаш шартлари

4.1. Ишга жойлаштириладиган давлат ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Талабгор, агар ишга жойлаштириладиган давлат қонун ҳужжатларида бошқача назарда тутилмаган бўлса, махсус рухсатномага эга бўлиши керак.
4.2. Ишга жойлаштириладиган давлат ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида яшаш ва бошқа ижтимоий шарт-шароитлар билан боғлиқ харажатлар, одатда, Талабгор ва хорижий иш берувчи ўртасида имзоланган меҳнат шартномаси билан тартибга солинади.
4.3. Меҳнат фаолияти даврида, иш ҳақи ва бошқа тўлов суммалари меҳнат шартномаси асосида Талабгор ва хорижий иш берувчи ўртасида аниқланади. Талабгорнинг иш ҳақи суммаси ходимларнинг тегишли тоифаси учун ишга жойлаштириладиган давлат фуқаролари учун қонун ҳужжатларида белгиланган иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак.
4.4. Ишга жойлаштириладиган давлат ҳудудида меҳнат мигрантининг иш вақти қонун ҳужжатларида белгиланган иш вақти муддатидан ошмаслиги керак. Шунга мувофиқ меҳнат шартномаси асосида ҳафта давомида иш вақтининг давомийлиги аниқланади.
4.5. Ходимни иш вақтидан кейин ишга жалб қилишга йўқ қўйилмайди. Ходим ва иш берувчи ўртасида ходимнинг розилиги билан ўзаро битим тузилган ҳолат бундан мустасно.
4.6. Иш вақтидан кейин, шунингдек, дам олиш ва байрам кунларидаги иш учун ишга жойлаштириладиган давлатнинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳақ тўланади.
4.7. Меҳнат фаолияти даврида ходим ишга ёки иш жойига мослаша олмаса ёки меҳнат мажбуриятларини мунтазам бузса, у ўз маблағлари ҳисобидан ўзи яшайдиган мамлакатга қайтарилади.

5. Юборувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

5.1. Юборувчи ташкилот фуқароларни ишга жойлаштириш, уларнинг малакасини ошириш/уларни қайта тайёрлаш, шунингдек, ишга жойлаштириладиган давлатга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
мазкур Шартнома талабларини бузган ва жўнаб кетишдан олдин мослаштириш жараёнида иштирок этмаган Талабгорларни четлаштириш; 5.1-банднинг иккинчи хатбошига мувофиқ четлаштирилган фуқаролардан ишлаб чиқариш харажатларини ўқитиш соатларига ёки етказилган зарарга тенг миқдорда ундириш.
5.2. Ишга жойлаштириладиган давлат ҳудудида Талабгорлар ҳуқуқларини ва кафолатларини таъминлаш бўйича Юборувчи ташкилотнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
хорижий иш берувчи билан тузиладиган меҳнат шартномаси лойиҳасини Талабгорга тақдим этиш ва уни мазкур лойиҳа шартлари билан батафсил таништириш;
хорижий иш берувчининг асосий талаблари ва ишга жойлаштириш шартлари бўйича Талабгорларга умумий ахборот ва тавсиялар бериш;
тиббий кўрик якунлари бўйича соғлом деб топилган Талабгорни меҳнат фаолиятига жўнаб кетишдан олдин тайёрлаш жараёнини малакали ўқитувчилар/мутахассисларни жалб қилган ҳолда ташкил этиш;
ишга жойлаштириладиган давлатнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, шунингдек, хорижий иш берувчилар талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Талабгорнинг ўқув-тайёргарлик, мослашиш (тил бўйича, ихтисослаштирилган ва касб билан боғлиқ) курслари ҳамда тадбирларида иштирок этишини ташкил қилиш;
имтиёзли чипталарни харид қилиш учун Талабгорни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги базасида албатта рўйхатдан ўтказиш;
чипталар харид қилишда амалий ёрдам бериш ва Талабгорларни ишга жойлаштириладиган давлатга уюшган ҳолда жўнатиш;
Талабгорларга ишга жойлаштириладиган давлатда ҳамроҳлиқ қилиш;
меҳнат шартномаси тугагунига қадар ишга жойлаштириладиган давлат ҳудудида меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш;
хорижий иш берувчининг талабларига мувофиқ Талабгорларнинг тиббий кўрикдан ўтишини ташкил этиш;
меҳнат мигрантларига хорижий иш берувчилар томонидан иш ҳақи ўз вақтида тўланишини назорат қилиш;
ишга жойлаштириладиган давлат фуқаролари учун мўлжалланган даражадан паст бўлмаган даражада муносиб меҳнат қилиш ва яшаш шароитлари нормаларига риоя этиш;
ходим меҳнат фаолиятини бошлаган даврдан бошлаб, уни ишлаб чиқаришдаги кўнгилсиз ҳодисалардан, шу жумладан иш вақтидан ташқари кўнгилсиз ҳодисалардан тиббий суғурта қилишни хорижий иш берувчи билан биргаликда таъминлаш.

6. Талабгорнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

6.1. Талабгор ишга жойлаштириладиган давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Талабгор ва хорижий иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ меҳнат фаолиятини амалга ошириш;
ишга жойлаштириладиган давлат қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилинган тақдирда, шахсий ҳуқуқлар ва эркинликлар, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлардан фойдаланиш;
ишга жойлаштириладиган давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш вақтида олинган иш ҳақидан ва бошқа даромадлардан эркин фойдаланиш;
суғурта турлари бўйича суғурта тўловларини талаб қилиш ва улардан фойдаланиш;
хорижий иш берувчилар билан меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида юзага келган низоларни ҳал этиш учун Юборувчи ташкилотга ва Ўзбекистон Республикасининг Элчихонасига/консуллик муассасаларига бевосита мурожаат қилиш.
6.2. Ушбу шартномага мувофиқ Талабгор ишга жойлаштириладиган давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширишда ўз зиммасига қуйидаги мажбуриятларни олади:
ишга жойлаштириладиган давлат қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш ва мазкур давлат анъаналарини ҳурмат қилиш;
ушбу Шартноманинг 3.1-бандида кўрсатилган харажатларни ишга жойлаштириладиган давлатга жўнаб кетишидан олдин тўлаш;
белгиланган ички тартибга риоя қилиш ҳамда ўқитиш ва мослаштириш жараёнида албатта иштирок этиш;
ушбу Шартнома шартларига риоя қилиш, меҳнат фаолиятини хорижий иш берувчи ва меҳнат мигранти ўртасида тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ амалга ошириш;
ишга жойлаштириладиган давлат ҳудудида бўлиш тартибига риоя қилиш;
ушбу Шартнома мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қиладиган/уни мураккаблаштирадиган ҳолатлар юзага келганда, Юборувчи ташкилотга мурожаат қилиш;
хорижий иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси шартларига риоя қилиш;
меҳнат шартномаси муддати ва ишга жойлаштириладиган давлатда вақтинча рўйхатдан ўтиш (виза) муддати тугагач (ёки хорижий иш берувчи билан келишилган ҳолда муддат тугашидан олдин) ўзи яшайдиган мамлакатига ўз вақтида қайтиб келиш;
меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсат (патент) олгунларига қадар яшаш ва овқатланиш билан боғлиқ харажатларни ўз маблағлари ҳисобидан қоплаш.
6.3. Талабгор фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар доирасида юзага келадиган қарз мажбуриятлари ва уларнинг оқибатлари учун шахсан ўзи жавоб беради (Талабгор ишга жойлаштириладиган давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсат (патент) олмаганлиги ва ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширганлиги сабабли).

7. Қўшимча шартлар

7.1. Ишга жойлаштириладиган давлат ҳудудига келгандан кейин барча жавобгарлик қуйидаги ҳолларда Талабгор зиммасига юкланади:
агар меҳнат шартномаси тузилмаган бўлса/хорижий иш берувчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор қилинган бўлса;
Талабгор талаб этилган мутахассисликка ва/ёки хорижий иш берувчининг бошқа талабларига мос келмаса;
узрсиз/номаълум сабабларга кўра иш жойида бўлмаса.
7.2. Меҳнат мигранти ишлаб чиқаришда жароҳат олса/майиб бўлса, тиббий хизмат кўрсатиш ва/ёки ўзи яшайдиган мамлакатга қайтариш билан боғлиқ барча харажатлар Юборувчи ташкилот томонидан ва/ёки суғурта компанияси ҳисобидан қопланади.
7.3. Меҳнат мигранти ҳалок бўлса/ишлаб чиқаришда жароҳат олса, унинг ҳаётига ва/ёки соғлиғига етказилган зарар учун моддий жавобгарлик Юборувчи ташкилот/суғурта компанияси зиммасига юкланади. Меҳнат мигранти ҳалок бўлса, жасадни (жасад қолдиқларини) Ўзбекистон Республикасига олиб келиш бўйича харажатлар юборувчи ташкилотлар ва/ёки суғурта компанияси ҳисобидан амалга оширилади.
7.4. Меҳнат мигранти ишлаб чиқариш жараёнидан бошқа вақтда жароҳат олганлиги туфайли меҳнат фаолиятини давом эттириш имкони бўлмаса, тиббий хизмат кўрсатиш ва/ёки ўзи яшайдиган мамлакатга қайтариш билан боғлиқ харажатлар унинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
7.5. Меҳнат мигранти ишлаб чиқариш жараёнидан бошқа вақтда жароҳат олиши ва/ёки бахтсиз ҳодисага учраши оқибатида ҳалок бўлса, жасад (жасад қолдиқлари) суғурта компанияси ҳисобидан олиб келинади. Меҳнат мигрантининг ҳаёти бахтсиз ҳодисалардан ва/ёки ўлимдан суғурта қилинмаган бўлса, жасадни Ўзбекистон Республикасига олиб келиш билан боғлиқ харажатлар меҳнат мигрантининг шахсий жамғармаси ва/ёки унинг оила аъзоларининг ҳисобидан амалга оширилади.
7.6. Депортация қилинган тақдирда, чиқариб юбориш билан боғлиқ харажатлар меҳнат мигранти зиммасига юкланади.

8. Форс-мажор ҳолатлар

8.1. Томонлар ушбу Шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги ёки тегишлича бажармаганлиги учун, агар бундай вазият ушбу Шартнома тузилгандан кейин Томонлар олдиндан билиши, оқилона чоралар билан олдини олиши мумкин бўлмаган фавқулодда хусусиятга эга воқеалар натижасида вужудга келган енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор ҳолатлари)туфайли юзага келганлигини ва Томонлар ўз мажбуриятларини тегишлича бажариш юзасидан барча мумкин бўлган ва ўзларига боғлиқ бўлган чораларни кўрганлигини исботласа, жавоб бермайди.
8.2. Қуйидагилар форс-мажор ҳолатларга киради: ҳарбий ҳаракатлар, табиат кучлари таъсири (зилзила, сув тошқини ва ҳоказолар), давлат органлари қарорлари.
8.3. Форс-мажор ҳолатлар юзага келиши тўғрисида Томонлар бундай ҳолатлар юзага келган вақтдан бошлаб уч иш куни давомида бир-бирларини хабардор қилишлари керак.
8.4. Форс-мажор ҳолатлар юзага келган тақдирда, ушбу Шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш муддати шундай ҳолатлар ва уларнинг оқибатлари амал қиладиган даврга кўчирилади.

9. Низоларни ҳал қилиш

9.1. Ушбу Шартномада назарда тутилган мажбуриятларни бажариш муносабати билан юзага келадиган ёки мазкур мажбуриятларни бажариш чоғида юзага келадиган барча низолар Томонлар ўртасида музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
9.2. Томонлар ўртасида музокаралар ўтказиш йўли билан низолар ҳал этилмаса, низолар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ судда ҳал этилади.

10. Якунловчи қоидалар

10.1. Ушбу Шартнома 2 та (иккита) нусхада тузилиб, улар бир хил юридик кучга эга бўлади.
10.2. Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, ушбу Шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10.3.Ушбу Шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар ёзма шаклда расмийлаштирилади ва Шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади.

11. Томонларнинг манзиллари ва банк реквизитлари:

Ташкилот номи Талабгор
___________________ ___________________
___________________ ___________________
СТИР ______________ СТИР ______________
___________________ ___________________
___________________ ___________________
___________________ ___________________
М.Ў.
имзо, Ф.И.О. имзо, Ф.И.О.

Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда танлаш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга жойлаштириш тўғрисида

ДАЛОЛАТНОМА

201__ йил «___» ______________ _____________ шаҳри
Ушбу далолатнома Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида Устав ва ___________-сон лицензия асосида фаолият кўрсатувчи __________________________________________________________ ҳамда _____________________________________
(юборувчи ташкилот) (хорижий иш берувчи)
ўртасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини _________________________________________________________
(ишга жойлаштирадиган мамлакат)
ҳудудида ишга жойлаштириш учун уюшган ҳолда танлаш тизими доирасида имзоланган 20___ йил «____» _____ даги ______-сон шартнома асосида Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги таркибдаги фуқаролари келгани тўғрисида тузилди:
Т/р Ф.И.О. Туғилган
санаси
Паспорт серияси
ва рақами
Фаолият тури

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарорига
4-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 5 июлдаги ПҚ-3839-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятининг тартибини белгилайди.
  2. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) республика миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва уларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш соҳасида халқаро ҳуқуқ нормалари ва қоидаларига асосланган фаолиятни амалга оширади.
  3. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Агентликнинг таъсисчиси ҳисобланади.
  4. Агентлик давлат тасарруфида бўлган ва унга оператив бошқарувга берилган мулк негизида ташкил қилинган давлат унитар корхонаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига эга, ўз номидан ҳуқуқларга эга бўлиши, мажбуриятларни қабул қилиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Агентлик ўзига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мулкка, шунингдек, ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида харид қилинадиган (олинадиган) ва Агентлик тасарруфида бўлган бошқа мулкка қонун ҳужжатларида ҳамда ушбу Низомда белгиланган тартибда эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.

  1. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, фармойишлари ва қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, ҳайъат қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг буйруқларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
  2. Агентлик ва унинг ваколатхоналари Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, ўз номи ёзилган штамплар, бланкларга эга. Агентлик ўз эмблемасига эга.

Агентлик Тошкент шаҳри, Қамаринисо кўчаси, 1-уйда жойлашган.

Агентликнинг электрон почта манзили: info@migration.uz.

  1. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ — Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги;

қисқартмаси — Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги;

б) инглиз тилида:

тўлиқ — The Agency of External Labour Migration under the Ministry of Employment and Labour Relations of the Republic of Uzbekistan;

қисқартмаси — The Agency of External Labor Migration;

в) рус тилида:

тўлиқ — Агентство по внешней трудовой миграции при Министерстве занятости и трудовых отношений Республики Узбекистан;

қисқартмаси — Агентство по внешней трудовой миграции;

  1. Агентлик ўз фаолиятини хўжалик ҳисоби асосида амалга оширади.
  2. Агентлик республика ҳудудларида ўз филиалларини ва хорижда ваколатхоналарини белгиланган тартибда ташкил этади.

2-боб. Агентликнинг вазифалари ва функциялари

  1. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда танлаш, тайёрлаш, мослаштириш тадбирларини ўтказиш ва хорижда ишга жойлаштириш жараёнларини самарали бошқариш ва назорат қилиш орқали уларга хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланишга доир ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашиш;

ташқи меҳнат миграциясини комплекс таҳлил қилиш, шу асосда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни ишга жойлаштиришда кўмаклашиш;

меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш жараёнларини тартибга солиш масалалари бўйича хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш фаолиятини лицензиялаш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини тасдиқлаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш борасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ишчи органи функцияларини бажариш;

юридик шахсларга хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатномаларни ва хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти учун тасдиқномаларни белгиланган тартибда бериш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида меҳнат қилаётган хорижий фуқароларнинг ҳисобини юритиш.

  1. Агентлик ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнатиш мақсадида хорижий мамлакатларнинг меҳнат бозорини ўрганади, хорижий иш берувчиларни топади, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда танлаш тўғрисида хорижий иш берувчилар ва хусусий агентликлар билан шартномалар тузади ҳамда уларнинг амалга ошишини таъминлайди;

ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб боради, халқаро, давлатлараро ва идоралараро шартномалар, битимлар ва баённомалар лойиҳаларини тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги шартномалар, битимлар, баённомалар ва бошқа ҳужжатлардан келиб чиқадиган тегишли қарорлар ва мажбуриятларнинг хорижий ҳамкорлар ва иш берувчилар томонидан бажарилишини мувофиқлаштиради;

хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларни ишга жойлашадиган давлатнинг қонун ҳужжатлари асослари, анъаналари ва у ерда ўзини тутиш нормаларидан хабардор қилади;

хорижга ишга юбориш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотлар билан шартномалар асосида танлаб олади, уларни кетишдан олдин тайёрлайди ва жўнатади;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ягона маълумотлар базасини шакллантиради, шунингдек, хорижий иш берувчилар реестрини юритади;

вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини кетишдан олдин мослаштиради, касбга тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва малакасини оширади, уларга чет тилларни, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқаришда меҳнатни ҳимоя қилиш қоидаларини ўргатади;

хорижий иш берувчилар талабларини ҳисобга олган ҳолда, ишга жойлаштириш учун хорижга юборилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ваколатли тиббиёт муассасаларини жалб қилган ҳолда комплекс тиббий кўрикдан ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ҳудудидан транспортда кетаётганда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришда иштирок этади, авиа ва темир йўл транспортида имтиёзли йўл чипталарини сотиш бўйича Агентлик ҳузурида ташкил этилган ихтисослаштирилган кассалар ишини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар олиш учун аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади;

хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун юридик шахсларга рухсатномалар ва чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни беради ҳамда уларнинг муддатини узайтиради;

Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучидан фойдаланишни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларга иш берувчилар риоя этишини назорат қилади;

Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномага эга хорижий фуқаролар томонидан республика ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда назорат қилади;

вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларни кетишдан олдин мослаштириш марказлари, ўқитиш, қайта ўқитиш ва малака ошириш марказлари, тил ўргатиш марказлари фаолиятини, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этади ва бошқаради;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек, Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари орқали хорижда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат фаолияти мониторингини олиб боради;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик муассасалари билан ҳамкорликда ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий қўллаб-қувватлаш чораларини кўради;

меҳнат мигрантларини қайта интеграциялаштириш бўйича дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этади, хорижда вақтинча меҳнат фаолияти ниҳоясига етгач, ватанига қайтиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кейинчалик ишга жойлаштириш учун уларнинг рўйхатларини аҳолини ишга жойлаштиришга кўмаклашувчи ҳудудий органларга тақдим этади.

3-боб. Агентлик ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

  1. Агентлик зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тузилган шартномаларга мувофиқ хорижда ишлаш учун кадрларни танлаб олиш, уларнинг чет тилларни билишини ва касбга лойиқлигини текшириш, шунингдек, ишга жойлашадиган мамлакатнинг асосий қонунларини тушунтириш;

хорижий ҳамкорлар билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида тузилган шартномаларга мувофиқ хорижга ишга юбориладиган номзодлар ҳақида ахборот олиш учун ваколатли органларга мурожаат қилиш;

хорижий ҳамкорлар билан тузилган битимларни (шартномаларни) ҳисобга олган ҳолда, дастлабки саралашдан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан уларни хорижда ишга жойлаштиришда хизматлар кўрсатиш бўйича шартномалар тузиш;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахслар билан тузилган меҳнат шартномалари (контрактлари) бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эл фуқаролари тўғрисидаги маълумотларни мазкур юридик шахслардан заруратга қараб олиш;

хорижий ишчи кучини ёлловчи ёки бунга кўмаклашувчи хорижий ташкилотлар билан ўз ваколати доирасида бевосита ўзаро ҳамкорлик қилиш;

ушбу Низомда назарда тутилган айрим функцияларни бажариш учун ўқитувчиларни, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари мутахассисларини, шунингдек, бошқа юридик ва жисмоний шахсларни зарур бўлганда шартномалар (контрактлар) бўйича жалб қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармасини ташкил этиш;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишни хоҳловчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет тилларга ўқитиш ва касбга тайёрлаш якунлари бўйича уларга иловага мувофиқ сертификатлар бериш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришда кўмаклашиш ва чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини самарали тартибга солиш соҳасидаги юридик шахслар фаолияти мониторингини олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда бўш пул маблағларини банклар ва бошқа ташкилотларнинг депозит ҳисобрақамларига жойлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда, хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини кетишдан олдин тайёрлаш, чет тилига ўқитиш ва имтиҳонга тайёрлашга ихтисослашган ҳудудий филиалларни, марказларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда Агентликнинг хорижий ваколатхоналарини ташкил этиш ва тугатиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда Агентлик ва унинг таркибий бўлинмалари бошқарув ходимларининг чекланган сонига ўзгартиришлар киритиш.

  1. Агентлик ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.

4-боб. Агентлик мол-мулки ва молия-хўжалик фаолияти

  1. Агентлик мол-мулкини асосий жамғармалар ва айланма маблағлар, шунингдек, қиймати мустақил балансда акс эттирилган бошқа қимматликлар ташкил этади.
  2. Агентлик мол-мулки унга Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ оператив бошқариш ҳуқуқи асосида тегишлидир.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Агентлик мол-мулкини тасарруф этиш ҳуқуқига эга.

  1. Агентлик хўжалик ҳисоб-китоби асосида қуйидаги хизматларни кўрсатади:

вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига темир йўл чипталарини, авиачипталарни харид қилишда ва бошқа транспорт-логистика масалаларини ҳал қилишда кўмаклашиш;

хорижда ишга жойлашиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашиш;

хусусий ва юридик шахслар талабномалари бўйича иш жараёнига жалб этилмаган Агентлик транспорт воситаларини жалб қилиш орқали транспорт хизматларини кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва чет эл фуқароларини меҳмонхоналарга жойлаштириш бўйича шартнома асосида хизматлар кўрсатиш.

  1. Даромад Агентлик молия-хўжалик фаолиятининг асосий умумлаштирувчи кўрсаткичи ҳисобланади.
  2. Қуйидагилар Агентлик молия ресурсларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

хўжалик фаолиятидан тушган фойда (даромад);

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган тарифга кўра юридик шахсларга хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун рухсатномалар бериш (узайтириш), шунингдек, чет эл фуқароларига Ўзбекистон ҳудудида вақтинча меҳнат фаолияти ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар бериш (узайтириш) учун олинган маблағлар;

хусусий контрактлар бўйича хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига кўрсатиладиган хизматлар ҳақини ундиришдан олинадиган даромад;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Агентлик ихтиёрида қоладиган соф фойдадан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қарорига мувофиқ, шу жумладан Меҳнат органлари ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш жамғармасига йўналтириш орқали фойдаланилади.

  1. Агентлик пул маблағларини сақлаш ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган барча турдаги ҳисоб-китоб ва касса операцияларини амалга ошириш учун тижорат банкларида ҳисобрақам, валюта ва бошқа ҳисобрақамларни очиш ҳуқуқига эга.
  2. Агентлик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ вазифалар ва функцияларни бажариш учун ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
  3. Хўжалик фаолиятидан тушган валюта тушуми қонун ҳужжатларига мувофиқ тақсимланади, Агентликнинг валюта ҳисобрақамига ўтказилади ва ундан Агентлик раҳбариятининг топшириғига кўра фойдаланилади.
  4. Агентлик ўз фаолиятининг оператив ва бухгалтерия ҳисобини, шунингдек, статистика ҳисоботини юритади.

5-боб. Агентликка раҳбарлик қилиш

  1. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

Агентлик бошлиғи:

умумий раҳбарлик қилади, Агентликнинг жорий фаолиятини ташкил этади ва ўз зиммасига юкланган вазифалар бажарилиши учун жавоб беради;

давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий давлатларнинг давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан муносабатларда Агентлик номидан иш юритади;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда Агентликнинг штатлар жадвалини, уни сақлаш учун харажатлар сметасини тасдиқлайди;

хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун юридик шахсларга рухсатномаларни ва чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишга жойлаштириш бўйича вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни қонун ҳужжатларига мувофиқ беради (узайтиради);

Ўзбекистон Республикасининг тасдиқланган давлат ривожлантириш дастурлари ва бошқа мақсадли дастурлари доирасида лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилишда, мамлакатимиз масъул ижро этувчиларининг талабномалари бўйича Ўзбекистон Республикасига хорижий мутахассисларни жалб қилишга белгиланган тартибда рухсатномалар беришни (узайтиришни), шунингдек, чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар беришни (узайтиришни) таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда Агентликнинг ҳудудий филиаллари, хорижий ваколатхоналари, хорижга кетаётган фуқароларни кетишдан олдин мослаштириш ва ўқитиш марказлари раҳбарларини, бўлинмалар раҳбарларини ва ходимларни лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

Агентликка юкланган вазифаларга мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.

Агентлик бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга, жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга.

6-боб. Якунловчи қоида

  1. Агентлик қонунда белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарорига
5-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 июлдаги ПҚ-3839-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий давлатлар ҳудудида фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 18 мартдаги 206-сон қарорида назарда тутилган ҳолатлар ва қоидаларга татбиқ этилмайди.

  1. Жамғарма юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансига, банк ҳисобрақамига, шу жумладан хорижий валютадаги ҳисобрақамга, рамзига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган штамплари, бланклари ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрига ва бошқа реквизитларга эга.
  2. Жамғарма хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоя қилади ва уларга моддий ёрдам кўрсатади.

2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби

  1. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган беғараз молиявий ёрдам;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан тузилган лицензия битими доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга юборувчи ташкилотларнинг эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини захиралаш, бунда захираланган сумма сарфлаб юборилган тақдирда маблағларни тўлдириш, шунингдек, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқи учун лицензиянинг амал қилиши тугатилган ва бекор қилинган тақдирда, маблағларни қайтариш шарти белгилаб қўйилади;

Жамғарманинг тижорат банклари депозитларидаги вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

  1. Халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари, жисмоний ва юридик шахслар, хайрия жамғармалари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ихтиёрий хайрия маблағлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғарма ҳисобрақамларига тушади, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг тартиб-таомилларида ёки хорижий грантларни тақдим этиш шартларида бошқа тартиб белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби

  1. Жамғарма маблағларидан қуйидаги харажатларни молиялаштириш учун фойдаланилади:

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга ва таҳқирланишга дучор бўлган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларисиз, маблағларсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларга моддий ёрдам кўрсатиш;

меҳнат миграциясида бўлган вақтда жароҳат олиши, бахтсиз ҳодисага учраши, оғир касалликка чалиниши туфайли тиббий ёрдам талаб этилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига меҳнат мигранти маблағлари ёки тиббий суғурта ҳисобидан кўрсатилган тиббий хизматлар қийматини тўлаш имкони бўлмаганда тиббий хизмат кўрсатиш;

меҳнат миграциясида бўлган вақтда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жасадларини, шунингдек, хорижда меҳнат фаолияти вақтида майиб бўлган ёки оғир жароҳат олган фуқароларни олиб келиш;

аввал уюшган ҳолда танлаш доирасида хорижга ишга юборилган ва борган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиши натижасида чиқариб юборилган (депортация қилинган) Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш, кейинчалик тўланган маблағларни мазкур шахслар ҳисобидан қоплаш, шунингдек, хорижий иш берувчилар томонидан ишга жойлаштириш бўйича келишилган шароитлар билан таъминланмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш;

меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини кетиш олдидан мослаштириш, касбга тайёрлаш, уларга чет тилларни ўқитиш ва чет тилларни билишини имтиҳон қилиш, уларнинг касбий малакасини тасдиқлаш марказларини республика ҳудудларида ташкил этиш ва жиҳозлаш;

фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштиришни кенгайтириш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш масалаларига доир ахборот-маърифий тадбирлар ўтказиш;

хорижда Агентлик ваколатхоналарини ташкил этиш ва жиҳозлаш;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иш билан таъминланишининг улар ишга жойлашган жойларга бориш орқали мониторингини юритиш.

  1. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган харажатлар учун Жамғарма маблағларидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг Маблағлар сарфини ташкил этиш схемасига мувофиқ ушбу Низомга иловага биноан тасдиқланган йўналишларга асосан фойдаланилади.

Ушбу Низом 6-бандининг иккинчи — бешинчи хатбошларида кўрсатилган харажатларни тез ва шошилинч молиялаштириш зарурати юзага келса, Агентлик ваколатхонаси ва Агентлик харажатларни белгиланган лимит доирасида мустақил молиялаштириш ваколатига эга. Шошилинч харажатларни молиялаштириш учун Агентлик ваколатхонасига Агентликнинг ҳар бир ваколатхонаси учун белгиланадиган умумий лимит доирасида корпоратив банк картаси очилади.

Агентлик ваколатхонаси Жамғарма маблағларидан ушбу Низомнинг 6-банди иккинчи — бешинчи хатбошиларида кўрсатилган йўналишларда фойдаланишда Агентлик ҳамда Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси билан келишган ҳолда, борадиган мамлакатнинг қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган ихтисослаштирилган ташкилотларни, Агентлик ваколатхоналарини, шу жумладан маросим хизматларини кўрсатувчи агентликлар, транспорт ва логистика компаниялари, тиббиёт муассасалари, суғурта компаниялари, юридик хизмат кўрсатадиган ташкилотлар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотларни Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг юқорида қайд этилган йўналишлари бўйича хизмат кўрсатиш учун шартнома асосида жалб қилиш ҳуқуқига эга.

Агентлик тасдиқланган ҳужжатлар асосида ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган харажатларни қоплаш мақсадида Жамғарма маблағларини олиш учун талабнома расмийлаштиради ва уни Жамғарманинг Ижро этувчи дирекциясига юборади.

Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси Агентликнинг тақдим этилган талабномалари бўйича харажатларни мақсадли траншлар билан молиялаштиради.

  1. Жамғарма маблағларидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга Ўзбекистон Республикаси фуқароларини юборган ташкилотлар (кейинги ўринларда Юборувчи ташкилот деб аталади) айби билан юзага келган ва ушбу Низомнинг 6-банди иккинчи — бешинчи хатбошиларида кўрсатилган харажатлар учун фойдаланилса, Жамғарманинг фойдаланилган маблағлари Юборувчи ташкилотларнинг Жамғармада захираланган маблағлари ҳисобидан қопланиши лозим.

Жамғарма харажатларини Юборувчи ташкилотларнинг захираланган маблағлари ҳисобидан қоплаш тўғрисидаги қарор Ижро этувчи дирекция тақдимномасига биноан Жамғарма Кенгаши томонидан қабул қилинади.

Юборувчи ташкилот захираланган суммадан фойдаланилган маблағларни бир ҳафта муддатда қоплаши шарт.

  1. Жамғарма Ижро этувчи дирекциясини сақлаш, шу жумладан ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, асосий воситалар, инвентарь харид қилишга сарфланадиган харажатлар, хоналарни, алоқа воситалари ва ахборот-коммуникация ускуналарини сақлаш, замонавий технологияларни жорий этиш, хўжалик харажатлари ва бошқа харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси ходимларига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

  1. Келгуси йил учун харажатларнинг ойма-ой бўлиб чиқилган прогноз сметаси Жамғарма Кенгаши томонидан тасдиқланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.
  2. Жорий йилда Жамғарманинг фойдаланилмаган маблағлари қолдиқлари кейинги молия йилига ўтади ва кейинги йилга мўлжалланган харажатлар сметасини тузишда ҳисобга олинади.

4-боб. Жамғарма фаолиятини ташкил этиш ва маблағларини бошқариш

  1. Жамғарманинг Кузатув кенгаши (кейинги ўринларда Жамғарма Кенгаши деб аталади) Жамғарма олий бошқарув органи ҳисобланади.

Жамғарма Кенгаши:

Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини, Жамғарма даромадлари ва харажатлари балансининг прогноз параметрларини ҳар йили кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар ҳажмларининг фоиз нисбатини белгилайди;

Жамғарма маблағларининг даромадлар ва харажатлар сметаларини тасдиқлайди, зарур ҳолларда тасдиқланган сметаларга тегишли ўзгартиришлар киритади, даромадларни шакллантириш ва маблағларнинг мақсадли тақсимланишини таъминлаш юзасидан Жамғарма фаолиятини назорат қилади;

Жамғарма фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни мунтазам равишда эшитади ва тасдиқлайди;

Жамғарма фаолиятини такомиллаштириш ва мониторинги самарадорлигини ошириш, Жамғарма маблағларини молиялаштиришни ташкил этиш ва мақбуллаштириш механизмларини яхшилаш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

Жамғарма фаолияти билан боғлиқ бошқа функцияларни бажаради.

Жамғарма Кенгашининг қарорлари очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

  1. Жамғарма маблағлари Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси томонидан бошқарилади.
  2. Жамғарманинг Ижро этувчи дирекция:

Жамғарма Кенгашига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбариятига тасдиқлаш учун Жамғарма даромадлари ва харажатлари бўйича ойма-ой ҳисобот киритади;

юборувчи ташкилотларнинг суғурта депозити шаклидаги пул маблағларини қабул қилади ҳамда улар бўйича ҳисоб ва ҳисобот юритади;

ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган вазифалар молиялаштирилишини таъминлайди;

аҳолини ва юборувчи ташкилотларни ташқи меҳнат миграцияси масалалари юзасидан ахборот билан таъминлаш бўйича чоралар кўради;

ташқи меҳнат миграцияси жараёнларида фуқаролар иштирокини ҳисобга олиш бўйича ахборот-компьютер тизимларини ишлаб чиқишда иштирок этади.

Ижро этувчи дирекция Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларига, шунингдек, Жамғарма Кенгаши қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.

  1. Ижро этувчи дирекция ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун:

Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларида назарда тутилган харажатларни молиялаштириш;

юборувчи ташкилот айби билан меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилган ҳолларда юзага келган оқибатларни бартараф этиш учун юборувчи ташкилотнинг Жамғармада захираланган суғурта депозити маблағларидан акцептсиз фойдаланиш ва бу ҳақида акцептсиз фойдаланишдан кейин бир иш кунидан кечикмасдан юборувчи ташкилотни хабардор қилади;

зарурат бўлса, шакллантирилган устав капитали ва захира маблағларини Жамғарманинг махсус ҳисобрақамига ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларни (маълумотномаларни) юборувчи ташкилотлардан сўраш ва олиш;

Жамғарма фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш, ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан услубий хулосаларни ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга.

  1. Ижро этувчи дирекцияга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Ижро этувчи директор раҳбарлик қилади.
  2. Ижро этувчи директор:

Жамғарма фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Ижро этувчи дирекция ходимларини ишга қабул қилади ва улар билан меҳнат шартномаларини бекор қилади, уларнинг лавозим мажбуриятлари ва ваколатларини тақсимлайди;

ваколатлари доирасида юридик шахслар билан шартномалар тузади;

Жамғарма пул маблағлари ва моддий қимматликларининг бухгалтерия ҳисоби юритилишини, молиявий ва статистика ҳисоботи белгиланган тартибда тузилишини ва тақдим этилишини ташкил этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ва ваколатларни амалга оширади.

  1. Ижро этувчи дирекция Жамғарма Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳисобот беради.

5-боб. Жамғарма маблағларини ҳисобга олиш, улар бўйича ҳисобот тузиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш

  1. Маблағларни шакллантириш ва уларнинг Жамғармага тушишини прогноз қилиш бўйича ҳисобни юритиш ва ҳисобот тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ижро этувчи дирекция томонидан амалга оширилади.
  2. Ижро этувчи дирекция Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни (электрон ва қоғоз шаклида), Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакллар бўйича харажатлар сметаси параметрларини бажариш кўрсаткичларини Жамғарма Кенгашига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10 санасидан кечикмай ҳар ойда тақдим этади.
  3. Жамғармага маблағлар тўлиқ ва ўз вақтида тушиши Ижро этувчи дирекция томонидан назорат қилинади.
  4. Жамғарма маблағларидан фойдаланишни назорат қилиш Жамғарма Кенгашига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига юкланади.
  5. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик Ижро этувчи дирекцияга юкланади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

  1. Жамғарма фаолияти доирасида, шу жумладан Жамғарма маблағларидан фойдаланишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
  2. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
  3. Жамғарма қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларининг тасдиқланган йўналишларга мувофиқ сарфланишини ташкил этиш

схемаси*

Т/р Жамғарма маблағлари харажатлари йўналишлари Харажатларни тўлаш учун талаб қилинган ҳужжатлар Назарда тутилаётган чора-тадбирлар Молиялаштириш лимити**
1. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга дучор бўлган ва камситилган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда қолган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга моддий ёрдам бериш 1. Ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя, моддий ёрдам сўраб Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг (Агентлик) ваколатхонасига ариза.
2. Ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳужжатлар йўқолган ҳоллар бундан мустасно).
3. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш тўғрисидаги тасдиқловчи ҳужжатлар (меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома, меҳнат шартномаси ёки меҳнат соҳасидаги назорат бўйича ваколатли орган маълумотномаси).
4. Мурожаат қилган шахс хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга дучор бўлгани ва камситилгани, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилгани, мураккаб молиявий аҳволда қолгани ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, яшаш учун маблағсиз қолгани тўғрисида ишга жойлаштирилган мамлакат суди ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ваколатли халқаро ташкилотлар тасдиқномаси (агар мавжуд бўлса).
1. Мурожаат қилганларни ҳимоя қилиш мақсадида адвокатнинг, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг хизматларига ҳақ тўлаш; 3 минг АҚШ долларигача
2. 3 кеча-кундузгача хостеллар ва суткалик меҳмонхоналар томонидан кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш (маблағсиз ва яшаш жойисиз қолган фуқаролар учун); 0,3 минг АҚШ долларигача
3. Мурожаат қилган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича ишга жойлаштириладиган мамлакатнинг ваколатли органларига мурожаатлар юбориш;
4. Ўзбекистонга қайтиш учун авиа (экономкласс) ва темир йўл (плацкарт вагонлар) чипталари ҳақини тўлаш; транспорт компаниялари нархларига мувофиқ
5. Хорижий иш берувчиларда мавжуд бўлган бўш иш ўринларини таклиф қилиш.
2. Меҳнат миграциясида бўлган даврида жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага дуч келган, ўткир ёки оғир касалга чалинган фуқароларга, агар улар меҳнат мигранти маблағлари ёки тиббий суғурта ҳисобига кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини тўлай олмаса, тиббий хизмат кўрсатиш 1. Маблағлар ёки тиббий суғурта полиси йўқлиги сабабларини кўрсатган ҳолда Агентлик ваколатхонасига ариза (шошилинч тиббий хизмат кўрсатилган ҳоллар мустасно);
2. Ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар;
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтиш муддати 7 ва ундан ортиқ кунни ташкил этса, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш тўғрисидаги тасдиқловчи ҳужжатлар (меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома, меҳнат шартномаси ёки меҳнат соҳасидаги назорат бўйича ваколатли орган маълумотномаси);
4. Ишга жойлаштирилган мамлакатнинг соғлиқни сақлаш органлари томонидан берилган тиббий ёрдам олиш заруратини тасдиқловчи маълумотнома (ҳужжат).
1. Ишга жойлаштирилган мамлакатнинг соғлиқни сақлаш муассасаларига кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини тўлиқ ёки қисман тўлаш, шу жумладан меҳнат миграциясига юборилаётган/ундан қайтаётган шахслар йўл-транспорт ҳодисаларига учраган бўлса, уларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш; 1,5 минг АҚШ долларигача
2. Суғурта полиси ҳисобига харажатлар тўланмаганлиги сабаби тўғрисида хорижий иш берувчига ва суғурта компаниясига сўров юбориш;
3.Ўзбекистонга қайтиш учун, шу жумладан оғир касалга чалинган одамлар ташилишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонга қайтиш учун авиа ва темир йўл чипталари ҳақини тўлаш. транспорт компаниялари нархларига мувофиқ
3. Меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жасадларини, шунингдек меҳнат фаолияти вақтида майиб бўлган ёки оғир жароҳатлар олган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини олиб келиш 1. Агентлик ваколатхонасига ариза (фуқаролар вафот этган бўлса — яқин қариндошлар ёки бошқа шахслар мурожаати, бунда уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам тақдим этилади).
2. Вафот этган фуқаро паспортининг кўчирма нусхаси.
3. Агар мигрант ишга жойлаштирилган мамлакат ҳудудида вафот этган бўлса, ушбу мамлакатнинг ваколатли органи томонидан берилган ўлимни тасдиқловчи маълумотнома.
4. Оғир жароҳатлар олганлиги ва майиб бўлганлиги тўғрисида тиббиёт муассасасининг маълумотномаси (кўчирмалар, хулосалар, касаллик тарихи).
1. Вафот этган шахс жасадини олиб кетиш учун уни урф-одатларга кўра тайёрлаш хизматлари ва бошқа хизматлар ҳақини тўлаш; 1 минг АҚШ долларигача
2. Вафот этган шахснинг жасадини Ўзбекистонга ташиш бўйича транспорт компаниялари хизматлари ҳақини тўлаш; транспорт компаниялари нархларига мувофиқ
3.Ўзбекистонга қайтиш учун, шу жумладан оғир касалга чалинган одамлар ташилишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонга қайтиш учун авиа ва темир йўл чипталари ҳақини тўлаш. транспорт компаниялари нархларига мувофиқ
4. Аввал хорижга уюшган ҳолда олиш доирасида ишлашга юборилган ва ишга жойлаштирилган мамлакат қонун ҳужжатларини бузиши натижасида депортация қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш, тўланган маблағларни кейинчалик мазкур фуқаролар ҳисобидан қоплаш, шунингдек хорижий иш берувчилар томонидан ишга жойлаштириш бўйича келишилган шартлар бажарилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш 1. Агентлик ваколатхонасига ариза.
2. Ариза берувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар.
3. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш тўғрисидаги тасдиқловчи ҳужжатлар (меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома, меҳнат шартномаси ёки меҳнат соҳасидаги назорат бўйича ваколатли орган маълумотномаси).
4. Ишга жойлаштирилган мамлакат суди ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг депортацияни (чиқариб юборишни) тасдиқлаши (қарор, хулоса, маълумотнома ва ҳоказолар).
5. Хорижий иш берувчилар томонидан ишга жойлаштириш бўйича келишилган шартлар бузилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (Агентлик, Ўзбекистон рекрутинг ташкилотлар, ишга жойлаштирилган мамлакатнинг меҳнат соҳасидаги назорат бўйича ваколатлари органлари хулосалари).
1. Ўзбекистонга қайтгунга қадар меҳмонхоналар ва суткалик меҳмонхоналар хизматлари ҳақини тўлаш (маблағсиз ва яшаш жойисиз қолган фуқаролар учун); 1 минг АҚШ долларигача
2. Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича ишга жойлаштирилган мамлакатнинг ваколатли органларига мурожаатлар юбориш (хорижий иш берувчи ишга жойлаштириш шартларини бузганда);
3. Ўзбекистонга қайтиш учун авиа (экономкласс) ва темир йўл (плацкарт вагонлар) чипталари ҳақини тўлаш; транспорт компаниялари нархларига мувофиқ
4. Хорижий иш берувчиларда мавжуд бўлган бўш иш ўринларини таклиф қилиш (депортация ва чиқариб юбориш фактлари бундан мустасно);
5. Фуқаролар Ўзбекистонга қайтиб келгач, уларни қайтаришга сарфланган маблағларни қоплаш тўғрисида шартнома тузиш.
5. Кетишдан олдин мослаштириш, касбга тайёрлаш, ўқитиш ва чет тилларни билишини синаш марказларини ташкил этиш, жиҳозлаш ва таъминлаш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқароларнинг касбий малакасини тасдиқлаш 1. Агентликнинг марказ ташкил этиш зарурати тўғрисидаги илтимоси.
2. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг кетишдан олдин мослаштириш, касбга тайёрлаш, ўқитиш ва чет тилларни билишини синаш марказларини ташкил этиш тўғрисидаги қарори, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқароларнинг касбий малакасини тасдиқлаш.
3. Қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш (зарур бўлса) ва жиҳозлаш бўйича харажатлар сметаси, шунингдек асбоб-ускуналар етказиб бериш учун контрактлар (лойиҳалаштирувчилар, пудратчилар ва етказиб берувчи белгиланган тартибда саралангандан кейин).
1. Қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш бўйича лойиҳалаштирувчилар ва пудратчиларни, шунингдек асбоб-ускуналар етказиб берувчиларни танлаш;
2. Молиялаштириш:
тасдиқланган режаларга мувофиқ, зарур бўлса, параллел лойиҳалаштириш ва қуриш шартлари асосида қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш ишлари;
тасдиқланган шартномаларга мувофиқ асбоб-ускуналар етказиб бериш
тасдиқланган сметалар ва тузилган контрактларга мувофиқ
6. Хорижда фуқароларни уюшган ҳолда ишга жойлаштиришни кенгайтириш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш масалалари бў�ича ахборот-маърифий тадбирлар ўтказиш 1. Агентликнинг ахборот-маърифий тадбирлар ўтказиш тўғрисидаги илтимосномаси.
2. Ахборот-маърифий маҳсулотлар тайёрлаш ва жойлаштириш учун шартномалар (роликлар, мақолалар, эълонлар, флаерлар, рисолалар, буклетлар, баннерлар ва ҳоказолар).
1. Реклама-маърифий маҳсулотлар тайёрловчиларни саралаш;
2. Тузилган шартномаларга мувофиқ ахборот-маърифий маҳсулотлар тайёрлаш ва жойлаштиришни молиялаштириш.
10 минг АҚШ долларигача
7. Агентликнинг хориждаги ваколатхоналарини ташкил этиш ва жиҳозлаш 1. Агентликнинг хориждаги ваколатхоналарни ташкил этиш тўғрисидаги илтимосномаси.
2. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Марказ ташкил этиш тўғрисидаги буйруғи.
3. Ваколатхона ташкил этишга сарфланадиган харажатлар сметаси.
4. Ваколатхонанинг штат жадвали.
1. Ваколатхона очишни Ўзбекистон Республикасидаги ва ишга жойлаштириладиган мамлакатдаги ваколатли органлар билан келишиш.
2. Молиялаштириш:
ваколатхона бинолари ва хоналарини капитал ҳамда жорий таъмирлаш (зарур бўлса);
ваколатхона ходимлари учун автотранспорт воситаларини харид қилиш;
ваколатхона очилгандан кейин дастлабки 3 ойда тузилган ижара шартномаларига мувофиқ ваколатхона бинолари ва хоналари ҳамда ходимлар уй-жойлари ижара ҳақини тўлаш.
тузилган шартномаларга мувофиқ
8. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ишга жойлаштирилаётган жойларни бориб кўриб орқали мониторинг ўтказиш 1. Агентликнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ишга жойлаштирилаётган жойларни бориб кўриб орқали мониторинг ўтказиш тўғрисидаги илтимосномаси.
2. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда Агентликнинг мониторинг ўтказиш тўғрисидаги буйруғи.
3. Сафарга юбориш учун режа-вазифа ва харажатлар сметаси.
Транспорт, яшаш ва суткалик харажатларни белгиланган нормаларга мувофиқ, бироқ 5 суткадан кўп бўлмаган миқдорда тўлашни молиялаштириш

* Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қарорлари билан ушбу схемага ўзгартиришлар киритилиши мумкин

** Лимитлар оширилиши мумкин:

1,5 баравар — Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан келишилган ҳолда

2 баравар — Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарорига
6-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси Кузатув кенгашининг

ТАРКИБИ

1. Ш.Д. Кудбиев Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Кенгаш раиси
2. Э.М. Мухитдинов Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари
3. Б.З. Асадов Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари
4. Р.Р. Ибрагимов Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи, Кенгаш раиси ўринбосари
5. А.Р. Каримов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари
6. Ш.З. Давронов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси директорининг ўринбосари
7. А.Р. Исламов Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари
8. Ш.Г. Расулов «Микрокредитбанк» АТБ раисининг ўринбосари
9. C.C. Холхужаев «Ўзагросуғурта» АЖ суғурта компанияси раисининг ўринбосари
10. лавозими бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг ижро этувчи директори, Кенгаш масъул котиби

Изоҳ: Кузатув кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарорига
7-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси Ижро этувчи дирекциясининг

ТУЗИЛМАСИ

Бошқарув ходимларининг чекланган сони — 6 нафар

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарорига
8-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ

  1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2003 йил 12 ноябрдаги 505-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 йил, 11-сон, 117-модда).
  2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2011 йил 23 августдаги 240-сон қарорига 6-илованинг 2-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2011 йил, 8-сон, 71-модда).
  3. Вазирлар Маҳкамасининг «Апостиль қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2011 йил 17 ноябрдаги 307-сон қарорига 2-илованинг 5-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2011 йил, 47-сон, 489-модда).
  4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 16 июлдаги ПФ-4453-сон Фармони)» 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарорига 1-илованинг 48-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 йил, 11-сон, 79-модда).
  5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг ҳожатманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 22 февралдаги ПФ-4782-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 24 февралдаги ПҚ-2498-сон қарори)» 2017 йил 13 мартдаги 130-сон қарорига 1-илованинг 15-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 йил, 3-сон, 24-модда).
  6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24 майдаги ПҚ-3001-сон қарори)» 2017 йил 8 сентябрдаги 703-сон қарорига 1-илованинг 15-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 йил, 37-сон, 990-модда).

 

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.09.2018 й., 09/18/725/1874-сон)