ОДАМ САВДОСИГА ОИД ИШЛАР БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги 12-сонли қарори)
ХХ аср охирларига келиб одам савдоси бутун инсониятга қарши асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолди. Одамдан эксплуатация мақсадларида фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар ошиб бориши тенденцияси бундай ижтимоий хавфли қилмишлар охир оқибатда жамиятнинг демократик негизларига тажовуз қилиши билан миллий хавфсизликка ҳам таҳдид солади.
Ўзбекистон одам савдосига қарши курашишга оид қатор халқаро ҳужжатларни, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясини, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Конвенциясини тўлдирувчи “Одам савдоси, айниқса аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протокол”ни ратификация қилди, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» Қонун қабул қилди ва халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга доир тегишли ўзгартиришлар киритди.
Одам савдосига оид қонунчиликни қўллашда масалалар юзага келаётганлиги муносабати билан ҳамда бу тоифадаги ишлар бўйича ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми
Қ А Р О Р Қ И Л А Д И:
Қонунда одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги шахс эркинлиги конституциявий кафолатларидан бири ҳисобланади.
Шахс одамни унинг эвазига ҳақ олинганидан сўнг топшириш шарти билан сотишга ваъда бериб, бироқ азалдан унинг қасди моддий қимматликларни эгаллашга қаратилган ва унда битим шартларини бажариш нияти бўлмаган ҳолларда унинг ҳаракатлари фирибгарлик таркибини ташкил этади, олувчининг ҳаракатлари эса сотиб олиш тариқасидаги одам савдосига суиқасд сифатида квалификация қилиниши лозим.
Одам меҳнати ва хизматларидан меҳнат, фуқаролик қонунчилиги нормаларига мувофиқ (масалан, қурилиш ёки маиший пудрат, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш, транспорт экспедицияси ва ҳ.к. шартномалар бўйича) фойдаланилган барча ҳолларда одам эксплуатацияси мавжуд бўлмайди. Бундай ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ низолар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилиши керак.
Фоҳишабозликдан фойдаланиш деганда, одамдан унинг ҳақ эвазига номуайян доирадаги жинсий шериклар билан шаҳвоний муносабатларга киришишидан муттасил фойдаланиш тушунилади. Бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатация деганда, одамнинг ундан порнографик тасвирлар тайёрлаш, бузуқ ҳаракатлар содир этиш ва ҳ.к. мақсадларда фойдаланиш учун берилиши тушунилади.
Мажбурий меҳнат бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашни англатади. Ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида, фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.
Қуллик – ўзига нисбатан мулк ҳуқуқига хос айрим ёки барча ҳуқуқлар амалга оширилаётган шахс аҳволи ёки ҳолатини англатади.
Эрксизлик ҳолати – шахснинг муайян омиллар мажмуи таъсири остида ўз эркига хилоф равишда ҳар қандай иш ёки хизматни бажаришга мажбур бўлганлигини англатади.
ёллаш деганда эксплуатация қилиш мақсадида одамни бирор бир фаолият билан шуғулланишга жалб этишга қаратилган фаолият (эксплуатация объектини қидириш, тўплаш, у билан музокара юритиш ва ҳ.к) тушунилади;
ташиш – шахсни олиш-сотиш битими тузиладиган (ижро этиладиган), бошқа шахсга топшириладиган жойга ёки ундан эксплуатация мақсадида фойдаланиладиган жойга етказиб бериш (транспортда ташиш)ни англатади. Бунда етказиб бериладиган шахс одам савдосини амалга ошириш учун мўлжалланганлиги ташувчига олдиндан маълум бўлиши лозим. Ташиш битта аҳоли пункти доирасида ҳам, Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиш билан боғлиқ тарзда ҳам амалга оширилиши мумкин;
топшириш – одамни бошқа шахсга эксплуатация қилиш мақсадида жисмоний тарзда беришда ифодаланади;
яшириш – жабрланувчини ҳокимият вакилларидан, қариндошларидан ёки унинг тақдиридан манфаатдор бошқа шахслардан ҳар қандай жойда хуфия сақлашда ифодаланади;
қабул қилиш – одамни ўз мақсадларида эксплуатация қилиш учун эгаликка олиш (масалан, ҳадя тариқасида, вақтинча текин фойдаланиш учун ёки қарз эвазига ва ҳ.к.) ни англатади, одамни сотиб олиш ҳоллари бундан мустасно.
Шу билан бирга, қилмишда айрим квалификация белгилари мавжуд бўлганда жиноятни тугалланган деб топиш учун қонунда белгиланган оқибатлар (масалан, жабрланувчининг ўлими ёки бошқа оғир оқибатлар) келиб чиққан бўлиши керак.
Шуни инобатга олиш лозимки, айрим ҳолларда жиноятнинг тугалланиш пайти эксплуатация тугаган (масалан, жабрланувчи қочиб кетган, жиноятга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан барҳам берилган, жабрланувчи айбдорнинг ўзи ёки бошқа шахслар томонидан озод қилинган ва ҳ.к.) вақт билан боғлиқ бўлади.
Ўғирлаш деганда, одамни қонунга хилоф равишда, яширин ёки ошкора қўлга киритиш ва унинг эркига хилоф равишда уни олиш-сотиш ёки эксплуатация қилиш мақсадида бошқа жойга олиб кетиш тушунилиши лозим.
Зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш деганда, боғлаш, озодликдан маҳрум этиш, уриш-дўппослаш, ушлаб туришдан бошлаб, жабрланувчининг соғлиғига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказиш, шунингдек жабрланувчининг соғлиғига зиён етказмаган бўлсада, бироқ қўлланилган пайтда бундай зиён етказишга реал имконият туғдирган зўрликкача бўлган ҳар қандай мажбурлаш тушунилиши лозим.
Бошқа шаклдаги мажбурлаш деганда, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларининг мулкига шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд шикаст етказиш ёки нобуд қилиш билан таҳдид қилиш, жабрланувчи ёки унинг яқин кишилари обрўсини тўкадиган маълумотларни ёки уларнинг ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатларига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни тарқатиш ёхуд жабрланувчини айбдорнинг у ёки бу кўрсатмаларини бажаришга мажбур этадиган вазиятни вужудга келтирадиган ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш тушунилиши керак.
Моддий қарамлик, жумладан жабрланувчи айбдорнинг тўлиқ ёки қисман қарамоғида бўлганлигини, қарздорнинг кредиторга мутелигини ва ҳ.к.ни англатади.
Бошқа жиҳатдан қарамлик деганда, жабрланувчининг айбдорга ҳар қандай номоддий қарамлигини (масалан, оилавий муносабатлар, тобе шахснинг раҳбарига, ўқувчининг ўқитувчига қарамлигини) тушуниш зарур.
Жабрланувчини чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб туриш унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтиши ёки Ўзбекистон Республикаси дипломатик ёки консуллик муассасалари билан алоқа боғлаш имкониятидан маҳрум қилинишида намоён бўлади.
Бошқа оғир оқибатлар сифатида, жумладан, жабрланувчининг ўзини ўзи ўлдириши, унга таносил ёки ОИТС касали юқтирилганлиги, руҳий ҳолати бузилиши ва ҳ.к. тан олиниши мумкин.
Агар одам савдосида шахс баданига қасддан оғир шикаст етказилган бўлса, қилмиш ЖК 135-моддаси иккинчи қисмининг “а” банди билан қамраб олинмайди. Бундай ҳолларда айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 104-моддасининг тегишли қисми билан қўшимча квалификация қилиниши лозим.
Олий суд раиси Б.Мустафаев
Пленум котиби,
Олий суд судьяси Ю.Турсунбаев
© 2024 Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси - Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси