Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тўғрисидаги ҳақида…

 

Конституциямизнинг 13-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиб, Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади. Асосий қонунимизнинг 26-моддасида эса, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Афсуски, бугунги кунда трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлган одам савдоси инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осо­йишта турмушининг поймол этилишига сабаб бўлаётир. Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда ер юзида 3 млн.дан ортиқ киши одам савдоси қурбонига айланган. Улар орасида юртдошларимиз борлиги ғоятда ташвишланарлидир. Бу эса мамлакатимизда жиноятчиликнинг ушбу турига қарши қатъий чоралар кўришни долзарб вазифа қилиб қўймоқда.

Ана шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 март кундаги 2833-сонли “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан Ўзбекистон Республикасида Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди.     

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари мазкур комиссиянинг раиси, Республика бош прокурори ўринбосари, комиссия раисининг ўринбосари, шунингдек, Иқтисодиёт, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ва Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосарлари, Адлия ва Молия вазирининг ўринбосарлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондони, Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ва “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказлари директорлари, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари, Олий Мажлисининг инсон хуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи, ишчи орган масъул тузилмасининг раҳбарлари мазкур комиссиянинг аъзолари ҳисобланади.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

Комиссия томонидан қабул қилинадиган қарорлар барча вазирликлар, идоралар, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ижро этилиши мажбурийдир. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низом ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

Комиссия ўз фаолиятини давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрида, туманлар (шаҳарлар)да тузиладиган одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссиялар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

            Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқилишини ҳамда амалга оширилишини, шунингдек уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этиш;
  • давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолият самарадорлигини, яқин ҳамкорлигини ва иш уйғунлигини таъминлаш мақсадида уларнинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • одам савдосига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чораларни баҳолаш, мониторинг қилиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш;
  • одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни фош этиш, тергов қилиш, уларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш амалиётини ўрганиш;
  • тизимли камчиликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш йўли билан бартараф этиш;
  • одам савдосига имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларнинг одам савдосига қарши курашиш борасидаги ҳамкорлигини яхшилаш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • одам савдосига қарши курашиш борасидаги ахборотни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ҳамда тегишли давлат органлари ва ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида улардан фойдаланиш;
  • одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш ишларини яхшилаш, одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
  • одам савдосига қарши курашиш масалалари тўғрисида аҳолини хабардор қилиш борасидаги тадбирларни ташкил этиш;
  • одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар фаолиятига раҳбарлик қилиш ва улар фаолиятини назорат қилиш;
  • ҳудудий комиссияларнинг фаол
  • иятини мувофиқлаштириш.