25 Февраль
Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд вилоятида сайёр йиғилиш ўтказилди
Одам савдоси – инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, дунё тараққиёти учун мутлақо ёт бўлган трансмиллий жиноят саналади. Юртимизда замонавий қулликка қарши изчил кураш олиб борилмоқда.
Бунда аҳолининг ушбу қабиҳ жиноят ҳақида хабардорлигини ошириш, уларни ноқонуний миграциянинг аянчли оқибатлари хусусида огоҳлантириш, бу борада Давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништириш муҳим аҳамият касб этади. 2018 йилнинг 23 февраль куни Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманида Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ишчи гуруҳи, Тайлоқ тумани Одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссияси ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида сайёр йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда одам савдосига қарши курашиш бўйича Самарқанд вилояти ва туман идоралараро комиссияси аъзолари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, айниқса банд бўлмаган хотин-қизлар, жамоат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Тадбирнинг асосий мақсади – аҳолига мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш соҳасида қабул қилинган қонунчиликнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ушбу соҳада Самарқанд вилоятида амалга оширилган ишлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, айниқса хотин-қизларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, фуқароларимизнинг хориж мамлакатларида одам савдоси қурбонига айланиб қолишларини олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар юзасидан хабардорлигини ошириш, шунингдек мазкур соҳада аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришдан иборатдир.
Юртимизда одам савдосига қарши курашиш соҳасида мукаммал норматив-ҳуқуқий база яратилган. Жумладан, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши, одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Хусусан, мазкур қарор билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил қилиниб, унинг асосий вазифаси сифатида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқилишини ҳамда амалга оширилишини, шунингдек уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этиш, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотларининг фаолият самарадорлигини, яқин ҳамкорлигини ва иш уйғунлигини таъминлаш мақсадида, уларнинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, одам савдосига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чораларни баҳолаш, мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш белгиланган. Тадбирда иштирокчилар томонидан Одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияларнинг одам савдоси ва ноқонуний миграцияни олдини олишдаги фаолияти муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таъкидланди. Сайёр йиғилиш давомида Самарқанд вилояти ва Тайлоқ туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда 10дан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни иш билан таъминланишига яқиндан кўмаклашилди. Шу билан бирга, тадбир давомида комиссия ишчи гуруҳи томонидан йиғилишга таклиф этилган хотин-қизларнинг ҳар бири билан бевосита суҳбат ўтказилиб, уларнинг турмуш тарзида юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди. Тадбир якунида сайёр йиғилиш давомида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси