Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганига 10 йил тўлиши муносабати билан давра суҳбати ўтказилди

Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг ташаббуси билан Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий-ахборот маркази ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганига 10 йил тўлиши муносабати билан “10 йил – Мустаҳкам пойдевор, келажак сари янги куч ва янги ғоялар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирнинг асосий мақсади қонун ижросини таъминлашда давлат ташкилотларига кўмаклашиш, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий ҳамкорлик фаолиятини мустаҳкамлаш этиб белгиланди. Тадбирда Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Адлия вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан Хотин-қизлар қўмитаси, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика ижтимоий ҳамкорлик тармоғи ҳамда турли оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Давра суҳбати кун тартибидан одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ва ижро механизми, давлат, халқаро ва жамоат ташкилотлар ҳамкорлиги ҳамда қайта йўналтириш механизми, жиноятга барҳам бериш чоралари ва амалий тажрибалар билан танишиш масалалари ўрин олди.

Тадбир давомида қатнашчилар Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика ва ҳудудий идоралараро комиссиясиялари фаолияти ҳамда “Истиқболли авлод” жамоат ташкилоти қошида ташкил этилган “Долзарб алоқа тармоғи”нинг муҳим жиҳатлари, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлари юзасидан таҳлилий маълумот билан ҳам таништирилди. Конференция якунида жиноятни олдини олиш юзасидан информацион компанияларни ташкил этиш, одам савдосидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш борасида ўзаро тажриба алмашиш, одам савдосига қарши курашишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, халқаро ҳамжамият билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, давлатлар ўртасида ўзаро алоқалар самарадорлигини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси