20 Июль
Хорижий мутахассислар тажрибаси ўрганилмоқда
Фарғона шаҳридаги “Азия” меҳмохонаси анжуманлар залида «Одам савдоси ва у билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишнинг илғор хорижий тажриба ва амалиёти» мавзусида ўқув-тренинг машғулотлари ўтказилмоқда.
Тренингда Трансмиллий уюшган жиноятчилик ва одам савдосига қарши кураш бўйича Европа иттифоқи етакчи эксперти, терроризмга қарши кураш бўйича тажрибали мутахассис Берни Грейветт, Метрополитан полицияси бош инспектори, етакчи терговчи, одам савдоси масалалари бўйича тажрибали мутахассис Колин Карсуэлл, Метрополитан полициясининг халқаро салоҳиятни ошириш бўлими собиқ раҳбари, Терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича мутахассис Стив Эшвелл каби хорижий мутахассислар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлигининг малакали ходимлари ўз маърузалари билан иштирок этишмоқда.
16 июлдан 20 июлга қадар ўтказилиши режалаштирилган тренинг машғулотларида Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари ички ишлар бошқармаларининг одам савдоси ва терроризмга қарши курашиш хизмати мутахассислари, терговчи ва тезкор ходимлар жалб этилган.
Тренинг машғулотларида одам савдоси, у билан боғлиқ жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш, терроризмга қарши курашишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилиб, хорижий тажрибаларни Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Анжуман давомида иштирокчилар мавзуга оид ўзларини қизиқтирган барча саволларга хорижлик тажрибали мутахассисларнинг тегишли жавобларини олиш имкониятига ҳам эга бўлишмоқда.
– Тренинг машғулотлари жуда қизиқарли руҳда кечмоқда, – дейди Фарғона вилояти ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходими, катта лейтенант Бобуржон Мадаминов. – Айниқса, биз ёш ходимлар хорижий ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти, одам савдоси жиноятига қарши курашишдаги халқаро услублар ҳақида зарур маълумотларга эга бўляпмиз. Бу ерда ўрганган билимларимиз эса юртимизда мазкур жиноят турларига қарши курашишда бизга катта ёрдам беришига ишонамиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Терроризм ва экстремизм қарши курашиш бош бошқармаси, Одам савдоси ва ноқонуний миграция бошқармаси