26 Сентябрь
Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши
Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг биринчи йиғилишини ўтказиш учун жорий йилнинг 25 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси турк ҳамкорларнинг таклифига биноан Анқара шаҳрига (Туркия) ташриф буюрди.
Ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши 26 сентябрь куни Анқара шаҳрида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон делегациясига Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Д.Назармухамедов, туркияликлар делегациясига Туркия Ички ишлар вазирининг ўринбосари Мухтерема Инжу раҳбарлик қилдилар.
Тадбир доирасида иккала давлат Ички ишлар вазирлиги вакиллари томонидан терроризм, ноқонуний миграция ва одам савдоси, уюшган жиноятчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш юзасидан икки томонлама ҳамкорликдаги ишларнинг бугунги ҳолати ва келажак истиқболлари муҳокама қилинди.
Мазкур йиғилиш якуни бўйича 2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик Баёноти имзоланди. Унда терроризм ва экстремизм, ноқонуний миграция, қурол ва наркотик моддалар айланмаси, уюшган жиноятчилик, иқтисодий жиноятлар, шунингдек, қидирув ишларини амалга оширишда ҳамкорликни кучайтириш ва тажриба алмашиш назарда тутилган.
Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича Туркия тажрибасини ўрганиш мақсадида, Ўзбекистон делегацияси Анқара ва Истанбул шаҳарлари полиция департаментининг иш фаолияти билан ҳам танишдилар.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси