03 Апрель
Юртимизда ўтказилган “Стоп-трафик” тадбири натижалари
Аввалроқ, сайтимиз орқали Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари ҳудудида ушбу давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан халқаро ҳамкорлик доирасида “Стоп-трафик” тезкор-профилактик тадбирлари бошлангани ҳақида хабар берган эдик.
Ўз ўрнида, ана шундай тадбирлар 26-30 март кунлари республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси базасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларидан иборат мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ ташкил этилиб, одам савдоси билан боғлиқ трансчегаравий ва трансмиллий гуруҳларнинг жиноий фаолиятини олдини олиш ва фош этиш, ушбу йўналишда қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш, қўлга олиш ва профилактик тадбирлари ўтказилди.
“Стоп-трафик” тадбирлари давомида бир қатор жинсий эксплуатация, чақалоқ савдоси, фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик қилиш каби жиноятлар аниқланиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, тунги клублар, сауна ва меҳмонхоналарда ташкил этилган 2861 та рейдлар доирасида 258 нафар енгил табиатли аёллар аниқланиб, улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 87 нафар шахсга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилди.
Шунингдек, мазкур тадбирлар давомида республикамизнинг барча вилоятлари, яъни чегара ҳудудлари, аэропорт, таълим муассасалари, маҳаллалар ва туристик фирмаларда 6417 маротаба тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, 6259 нафар шахслар билан индивидуал тарзда профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг Бектемир, Юнусобод ва Шайхонтохур туманларида жойлашган бир марталик иш билан таъминлаш марказлари, И.Каримов номидаги халқаро аэропорт ҳамда “Ғишткўприк” чегара масканида 3740 нафар шахслар билан одам савдоси ва ноқонуний меҳнат миграцияси соҳасидаги саводхонликни оширишга қаратилган тадбирлар ўтказилиб, ички ишлар органлари ходимлари ва “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари томонидан босма тарғибот материаллари тарқатилди.
Шу билан бирга, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ҳокимлик мутасадди ходимлари иштирокида аёлларни шаҳвоний эксплуатация қурбонига айланиб қолиши, ОИТС ва шунга ўхшаш юқумли касалликларни юқтириб олишини олдини олиш мақсадида кенг қамровли тадбирлар ҳам ташкиллаштирилди.
Тадбирлар доирасида юртимизда меҳмон бўлган қўшни давлат вакиллари Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бўлиб, амалий тадбирларда иштирок этишди.
Тадбирларнинг якуний натижалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида муҳокама қилиниб, юртимизда жиноятчиликка қарши курашишда эришилган натижалар алоҳида эътироф этилди ҳамда келгусида барча ҳамдўстлик давлатларида давом эттирилишига келишилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси