Қозоғистон президенти икки кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2019 йил 14 апрель куни икки кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Давлат раҳбарлари Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон президенти лавозимига киришганидан сўнг илк бор учрашади.

Тор ва кенгайтирилган таркибда ўтказилиши режалаштирилган музокараларда икки томонлама дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинади. Сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилади.

Президентлар минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро аҳамиятга молик муҳим масалалар юзасидан фикр алмашади.

Давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.

Президентлар қўшни қардош мамлакатда муваффақиятли якунига етган Ўзбекистон йилининг мантиқий давоми бўладиган Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиш маросимида ҳам иштирок этади. Мазкур йил тадбирлари Қозоғистон санъат усталарининг концерти билан бошланади.