МДҲ ички ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида 6та масала кўриб чиқилди

МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси.

Мазкур йиғилиш Ҳамдўстлик давлатлари Ички ишлар вазирлари Кенгашининг 46-учрашуви ҳисобланиб, у анъанавий тарзда қизғин ва конструктив ҳамда ҳамфикрлилик руҳида бўлиб ўтди.

Йиғилишда Озарбойжон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Арманистон Республикаси Полицияси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ва Туркманистон Ички ишлар вазирликлари делегациялари иштирок этди.

Кенгашнинг бу галгисида Ҳамдўстлик давлатлари ҳудудида Уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли турдаги жиноятчиликка қарши курашишни мувофиқлаштириш бўйича Бюро директори О.Ф.Коновалов, Ижро қўмитаси қошидаги МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари Кенгаши вакили А.Н.Кулешов, Ижро қўмита ўринбосари А.Д.Смагулов, шунингдек МДҲ Антитеррор маркази раҳбари А.П.Новиковлар қатнашдилар.

Айни вақтдаги Ички ишлар вазирлари Кенгаши йиғилишига раислик қилиш вазифаси Озарбойжон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ўтди.

Ички ишлар вазирлари Кенгашида кун тартибига қўйилган 7 банддан иборат кенг қамровли вазифалар кўриб чиқилди.

Биринчи масала “МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирликлари ва Полициясининг ҳамкорлиги ва давлатлараро жиноятчиликка қарши курашиш дастурини амалиётга жорий этишнинг устувор масалалари тўғрисида” номини олди.

Муҳокамалар мобайнида йиғилиш иштирокчилари долзарб масалалар ва Ҳамдўстлик давлатлари Ички ишлар вазирликлари ва Полициясининг истиқболдаги ҳамкорлигини кенгайтириш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Жиноятчиликка қарши курашиш давлатлараро дастури амалиётга жорий қилинишининг, шунингдек ҳамкорликда ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар ва махсус операцияларнинг ижобий натижалари қайд этиб ўтилди.

Иккинчи масала юзасидан Ҳамдўстлик давлатлари ҳудудида Уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли турдаги жиноятчиликка қарши курашишни мувофиқлаштириш бўйича Бюро ташаббуси билан қайта ишлаб чиқилган 2030 йилгача бўлган вақтда Ҳамдўстлик давлатларининг Ички ишлар вазирликлари ва Полицияси ҳамкорлиги Концепцияси Кенгаш қарорига мувофиқ тасдиқланди.

Кун тартибидаги учинчи масала бўйича Кенгаш илгари Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги томонидан илгари сурилган, МДҲга аъзо давлатларнинг мажбурий равишда чиқариб юборилиши лозим бўлган шахсларга қайтиб келиш учун гувоҳнома расмийлаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Тўртинчи масалада Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан Ҳамдўстлик давлатларининг Ички ишлар вазирликлари ва Полицияси юборган сўровномаларни халқаро назорат остида етказишнинг ягона тартиби Кенгаш томонидан тасдиқланди.

Кун тартибидаги бешинчи масала юзасидан МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирликлари ва Полицияси томонидан ҳар томонлама мувофиқлаштирилган ёки ҳамкорликда тезкор-профилактик тадбирлар ўтказиш борасида Кенгаш томонидан умумий қоидалар қабул қилинди.

Бюро ташаббуси билан киритилган мазкур қоидаларга асосан, ташкилотни тартибга солувчи ва юқорида келтирилган тезкор-профилактик тадбирларни ўтказишда фойдаланиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланишда МДҲга аъзо мамлакатларнинг асосий миллий қонунчилиги инобатга олинади.

Олтинчи масала бўйича Кенгашнинг олдин қабул қилинган 11 та қарорини, яъни айрим сабабларга кўра ўзининг долзарблигини йўқотган ва бошқа ҳужжатлардаги қоидаларни такрорлаган ҳужжатларни ҳаракатдан тўхтатиш ҳақида Кенгаш қарори имзоланди.

Шунингдек, Кенгаш йиғилиши доирасида Ҳамкор давлатларнинг ҳудудларидаги хавфсизлик ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда бошқа долзарб масалалар юзасидан ҳам ҳамкорлик муҳокама қилинди.

Арманистон Республикаси Полицияси бошлиғи Валерий Осипяннинг таклифига асосан, Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши 2020 йилда Ереван шаҳрида ўтказилишига қарор қилинди.