10 Декабрь
АҚШ делегацияси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Интерпол миллий маркази бюросида АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат вазирлиги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимояси таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тўғрисида батафсил сўз юритилди. Хусусан, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ҳамда унинг фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Мамлакатимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси зиммасига Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясига раҳбарлик қилиш вазифаси топширилгани, шунингдек, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти жорий этилиб, унинг вазифалари миллий комиссия раисига юклатилгани қайд этилди.
Бундан ташқари, одам савдосига қарши курашиш бўйича миллий қонунчиликка, халқаро нормаларга мувофиқ, одам савдоси қурбонларини идентификация қилиш ҳамда қайта йўналтиришнинг миллий механизмларини жорий этиш яна бир янгилик эканлиги айтилди.
Мутахассислар томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, бунда хорижий давлатлар экспертлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилгани таъкидланди.
Хорижий делегация пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ИИОФМБ 7-сонли ИИБ, Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази, Одам савдоси жабрдийдаларини реаблитация қилиш республика маркази, Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реаблитация қилиш ва мослаштириш маркази ҳамда шаҳримиздаги «Увайсий» маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи 421-сонли ички ишлар органлари таянч пункти фаолияти билан яқиндан танишди.
АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат вазирлиги делегацияси ташрифи давом этмоқда.