Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси жорий йилдаги фаолиятини сарҳисоб қилди

2019 йил 30 декабрь куни Олий Мажлис Сенатида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Уни Миллий комиссия раиси, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Мажлисда Миллий комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлис кун тартиби доирасида Миллий комиссия томонидан жорий йилда амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди, шунингдек унинг фаолиятига оид истиқболдаги устувор йўналишлар ва вазифалар кўриб чиқилди.

Миллий комиссия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлда қабул қилинган “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ тузилгани қайд этилди.

Ўтган қисқа вақт мобайнида Миллий комиссия томонидан аниқ мақсадга қаратилган ишлар олиб борилди. Миллий комиссия ва кичик комиссиялар фаолиятини тартибга соладиган низомлар тасдиқланди, жойларда ҳудудий комиссиялар тузилди, уларнинг ишлаши учун барча ҳуқуқий асослар яратилди.

Миллий комиссия ва унинг кичик комиссиялари, ҳудудий комиссиялар тизимли ишлашини йўлга қўйишга, давлат ташкилотлари ва жамоат ташкилотларининг бу йўналишдаги ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган чоралар кўрилди. Жумладан, 2019-2020 йилларда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича биринчи навбатда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) тасдиқланди.

Халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШ давлат департаменти, “Cotton Campaign” ва “Human Rights Watch” халқаро ташкилотлари тавсияларини инобатга олган ҳолда одам савдоси ва мажбурий меҳнат соҳасида Ўзбекистоннинг позициясини яхшилашга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Миллий қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича муайян ишлар олиб борилди. Жумладан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилиб, жорий йил 14 декабрда Сенат томонидан маъқулланди.

Бундан ташқари, халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мажлис доирасида ушбу қонун лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Муҳокамада Миллий комиссия аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Ички ишлар вазирлигига қонун лойиҳасини такомиллаштириш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, хорижда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури ижроси муҳокама этилди. Одам савдосига қарши курашиш ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Миллий комиссия фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципларига риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлардан кенг жамоатчилик, шу жумладан халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш мақсадида тасдиқланган медиа-режа тадбирлари тизимли равишда амалга оширилаётгани таъкидланди. Шунингдек, ушбу йўналишда олиб борилаётган фаолият тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхоналари томонидан халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш ишлари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Шу билан бирга, Миллий комиссиянинг расмий веб-сайтини ишга тушириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Муҳокама чоғида билдирилган фикрлар ва таклифлар ҳисобга олиниб, Миллий комиссия фаолиятининг устувор йўналишлари ва истиқболдаги вазифалари белгилаб олинди.