Одам савдоси – давр муаммоси

Мамлакатимизда бугунги глобаллашув даврининг энг долзарб муаммоларидан бири – одам савдосига қарши курашиш, унинг олдини олиш масаласига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Жойларда фаолият юритаётган одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича ҳудудий кичик комиссиялар томонидан олиб борилаётган ишлар бунинг тасдиғидир.

Хоразм вилоятида фаолият юритаётган одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича ҳудудий кичик комиссия томонидан ўтган – 2019 йил давомида белгиланган режа асосида кўплаб ишлар амалга оширилди. Хусусан, одам савдоси жиноятидан жабрланган фуқаролар Тошкент шаҳрида жойлашган Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш республика реабилитация марказига юборилиб, уларга саломатлигини тиклаш учун малакали тиббий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, комиссия томонидан ўз яшаш манзилларидан узоқ муддатга меҳнат мигранти сифатида кетиб, қайтолмай юрган 1 нафар фуқарога йўл чиптаси, 4 нафарига паспортлар олишда амалий кўмак берилди. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тегишли идораларга тақдимномалар киритилди.

Маълумки, ҳар қандай жиноятнинг олдини олишда тарғибот-ташвиқот тадбирларининг олиб борилиши муҳим ўрин тутади. Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятда ўтган йил давомида «Одам савдоси – давр муаммоси», «Қулликка рози бўлманг!», «Огоҳлик – давр талаби» сингари мавзуларда 1500 дан ортиқ тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди. Худди шунингдек, «Одам савдосидан огоҳ бўлинг!» мавзусини тарғиб этувчи 10 та баннер ўрнатилиб, турли буклет, плакат ва бошқа тарқатма материаллар тарқатилди.

Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича ҳудудий кичик комиссия томонидан 2019 йилда олиб борилган ишлар ҳам эътиборга моликдир.

Ўтган йили чет эллардан ўз яшаш манзилларига қайтиб келолмаётган меҳнат мигрантларидан 38 нафарига йўл чипталари, 12 нафарига паспортлар олишда амалий ёрдам кўрсатилган.

Ҳудудий кичик комиссия аъзолари иштирокида таълим муассасалари ҳамда маҳаллаларда «Одам савдоси – давр муаммоси», «Қулликка рози бўлманг!», «Огоҳлик – давр талаби» каби мавзуларда 2000дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилган. Бу жараёнда «Одам савдосидан огоҳ бўлинг!» мавзусини тарғиб этувчи ҳар хил буклет ва плакатлар аҳолига тарқатилган.

Яқинда Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида фаолият юритаётган одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича ҳудудий кичик комиссияларнинг олиб бораётган ишлари ўрганилиб, зарурий ёрдам кўрсатилди.

Олиб борилган барча ишлар, шубҳасиз, республикамизда одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.