Ўзбекистонда чақалоқлар савдосига олиб келаётган асосий омил маълум қилинди

 

Ўзбекистонда фарзанд асраб олишнинг қийинлиги ва бу жараёндаги қоғозбозликлар чақалоқ савдоси жиноятлари сонининг ошишига сабаб бўлмоқда.Бу ҳақда Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Тошпўлатов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Бунга, асосан, фарзанд кўрмаётган оилаларнинг меҳрибонлик уйларидан фарзанд асраб олиши жуда қийинлиги, васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан бериш тартиби мураккаблиги, кўп ҳужжатлар талаб қилинаётгани ва талаб қилинган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда оилалар фарзанд сотиб олишга мажбур бўлаётганлиги аниқланган», – деди Тошпўлатов 30 декабрь куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси мажлисида.

ИИВ ўринбосари шу боисдан фарзанд асраб олиш тартибини қайта кўриб чиқиб, соддалаштириш таклифини киритди.
Сенат раиси, комиссия раҳбари Танзила Норбоева билдирилган таклиф ўринли бўлганини таъкидлади.
«Гапингизга қўшиламан. Фарзандсиз оилаларнинг ҳужжатларини расмийлаштирилишини енгиллаштириш масаласи. Жуда кўп одам рўйхатда турибди бола оламан деб. Лекин нима сабабдан бола ололмайди, нима сабабдан орқаваротдан бола олишга, сотиб олишга ҳаракат қиляпти, нимага? Ичига кириб ўрганадиган ташкилот борми-йўқми?

Тўғри айтяпсиз, ҳужжатларни енгиллаштириш керак бўлади. Одамлар бола керак бўлдими, болани бемалол олиши [керак]. [Бола асраб олиш сир тутилади, лекин] ҳужжатларни расмийлаштириш, йўл-йўриғини шаффоф қилиш керак. Мана шу масалани ўрганиб чиқиш керак», – деди Танзила Норбоева.