01 Март
Ҳимоя ордери: у қандай ҳужжат, кимларга берилади?
2019 йил сентябрь ойида «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун эълон қилинганди. Унга асосан, «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Мазкур низомга кўра, ҳимоя ордери мувофиқ серия ва рақамга эга бўлган, қатъий ҳисоби юритиладиган, фақатгина тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга нисбатан белгиланган чекловларни қайд этиш бўйича ҳужжат ҳисобланади.
Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан берилади.
Ҳимоя ордерини бериш тартиби шундан иборатки, хабар берилганидан сўнг профилактика инспектори воқеа жойига зудлик билан бориб, ҳужжатларни расмийлаштиради ва [жабрланувчига] ҳимоя ордерини беради.
Ҳимоя ордери 1 ой муддатга берилади. Шу муддат ичида низони ҳал этиш имкони бўлмаса ёки ўша ҳолат яна давом этадиган бўлса, мурожаатга асосан яна 1 ой муддатга узайтирилади.