13 Июль
Навоий вилояти ИИБ: Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш – жамиятни ва келажакни асраш демакдир
Шарқ қадриятларида оила қадим-қадимдан муқаддас Ватан, унинг гултожи эса бевосита аёл ҳисобланган. Аёл – бир пайтнинг ўзида ҳам оилани, ҳам жамиятни бирлаштирувчи мўътабар онамиз, меҳридарё опа-сингилларимиз, мунис қизларимиз. Бир сўз билан айтганда, аёл – миллатни тарбиялайди. Таассуфки, бугунги кунда орамизда миллат тарбиячиларига паст назар билан қаровчи, уларга ҳам маънан, ҳам жисмонан зўравонлик ва тазйиқ ўтказувчи фуқароларнинг борлиги ачинарли ҳол. Атоқли рус адиби А.С.Макаренконинг: “Кимки аёлга нисбатан беҳаё ва манманлик назари билан қарар экан – у фуқаро сифатида ҳам ишончга лойиқ эмас, унинг умумий ишга муносабати ҳам худди шундоқ бўлади, унга тўла ишониш ҳам мумкин эмас”, – деган фикрлари эса айни ҳақиқат. Ҳукуматимиз томонидан мана шундай кўнгилсиз ҳолатларга барҳам бериш, аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бир қатор ҳуқуқий асослар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 561-сон Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3-сон Қарорида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилиниши алоҳида назоратга олинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҲПББ томонидан вилоятлардаги барча ички ишлар органларида ҳуқуқбузарлик профилактикасида фаолият олиб бораётган профилактика инспекторлари ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилган ҳолда, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини, шунингдек, тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга профилактика (катта) инспекторлари томонидан “Ҳимоя ордери” бериб борилиши йўлга қўйилди.
Навоий вилояти ИИБ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори майор Маҳлиё Мирзаева маълумотларига кўра, вилоят миқёсида хотин-қизлар аҳолининг 52% ини ташкил этиб, жорий йил бошидан ҳозирги кунга қадар 20 нафардан ортиқ хотин-қизларга ҳимоя ордери берилган ва улар ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.
“Навоий шаҳри миқёсида хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учраш ҳолатлари юзасидан бир қанча мурожаатлар қабул қилдим. Айни вақтга қадар муаммоли ҳамда таҳликали вазиятда қолган 8 нафар хотин-қизларимизга ҳимоя ордери бердим, – дейди Навоий шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори капитан С.А.Душанова. –Ўрганилган иш жараёнлари таҳлилига кўра, асосан, қайнона-келин ёки эр-хотин келишмовчилиги ҳамда учинчи шахс аралашуви сабаб оилаларда келиб чиққан низолар келинларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашига сабаб бўлмоқда. Хотин-қизлар кўзидаги ташвиш ва ҳавотирни кўра олмаслик, хотиржамлик ва туғёнларни ҳис эта олмаслик – маънавий кўрликнинг бош омили. Маънавий кўрлик – жамиятга енг катта зиён келтиради”.
Кунда уруш-жанжал, тушкун кайфиятда ҳаловатсиз кун ўтказиш, кимгадир мутеъ ҳолда умидсиз ва қувончсиз ҳаёт кечириш, изтироб ва азоблар қуршовида яшаш мумкинми? Хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш борасида ИИО ходимлари томонидан кенг кўламли ишлар ҳамда ижобий натижалар изчил давом этади. Зеро, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш – жамиятни ва келажакни асраш демакдир.