22 Сентябрь
ОДАМ САВДОСИДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!
Глобал хавф-хатарлар ҳақида сўз борганида динлараро, миллатлараро низолар ва тўқнашувларни, ноқонуний қурол-яроғ ва наркотик савдоси, одам савдоси каби таҳдидларни тилга олмаслик мумкин эмас.
Айниқса, одам савдоси жаҳон миқёсидаги энг оғриқли муаммолардан бирига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас.
Чунки қулликнинг замонавий кўриниши кейинги йилларда тобора авж олмоқда.
БМТ маълумотларига асосан, дунёда ҳар йили 2 миллион 800 минг киши мазкур жиноятнинг қурбонига айланмоқда, 600 мингдан 800 минггача аёл ва болалар алдов йўллари билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.
Халқаро экспертларнинг маълумотларига қараганда, бу жиноят туфайли дунё бўйича 7 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул ноқонуний айланади.
Шу билан бирга, ХХI аср умум башариятга техника асри бўлиб кириб келди. У ўзи билан биргаликда бир қанча муаммоларни вужудга келтирди:
қурол-яроғ савдоси;
гиёҳванд моддалар савдоси;
одам савдоси;
ҳалқаро терроризм;
глобаллашув муаммолари;
Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ташиш, яшириш ёки қабул қилиш.
Одам савдоси одамлардан фоҳишалик ёки шаҳвоний мақсадларда фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда ҳуқуқшунос мутахассислар олдига ўзига хос амалий ва назарий вазифаларни қўяди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, одам савдоси жинояти аксарият ҳолларда алдов усули билан амалга ошириляпти. Шундай экан, инсон ўз ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси учун ҳам қонунларни яхши билиши лозим, қонунларнинг мазмун-моҳиятини халққа етказиш ҳуқуқшуносларнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолмоғи даркор.