02 Октябрь
“Одам савдосига қарши курашиш йўлида шериклик”
2020 йил 2 октябрь куни Тошкент шаҳрида шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида ташкил этилган ушбу анжуман “Одам савдосига қарши курашиш: 2015-2020 йиллар” номли Марказий Осиё минтақавий дастурининг якунларига бағишланди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) ва Миграция бўйича халқаро ташкилот билан ҳамкорликда ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистоннинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг Женевадаги вакиллигидаги Доимий ваколатхонаси вакили Элчи Улуғбек Лапасов, Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм, Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий мувофиқлаштирувчиси, Миссия раҳбари Зейнал Гаджиев онлайн анжуман иштирокчиларини қутладилар.
Давра суҳбатига Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича менежери Санжарбек Тошбоев модераторлик қилди. Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, шунингдек «Istiqbolli avlod» Республика ижтимоий-ахборот маркази ҳамда «Barqaror hayot» халқаро ижтимоий-маърифий маркази экспертларининг маърузалари тингланди.
Анжуманда дунё бўйлаб ҳар йили миллионлаб инсонлар одам савдоси қурбонига айланаётгани ташвиш билан қайд этилди. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарлидир. БМТ маълумотига кўра, ҳозирги кунда глобал миқёсда 40 миллиондан ортиқ киши одам савдосининг замонавий кўринишларидан азият чекмоқда. Ҳар йили яна 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда.
Одам савдоси – миллионлаб инсонларнинг ҳаётига дахл қилаётган ва инсоний қадр-қимматни камситаётган глобал муаммо. БМТ ва унинг тузилмалари, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамда давлатлар одам савдосига қарши курашишга катта эътибор қаратмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Ўзбекистон одам савдосига қарши кураш йўналишида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик ва механизмларни такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирларни амалга ошираётгани ҳақида тўхталди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш бўйича таклифи COVID-19 пандемияси шароитида одам савдоси муаммосини чуқурлаштириши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш учун муҳим аҳамиятга эга.
БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш бўйича белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Айниқса, 2019 йилда Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия ташкил этилгани диққатга лойиқдир.
Давлат раҳбарининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси”да одам савдосидан жабр кўрган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вазифаси белгиланди. Шу асосда 2020 йил 17 августда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди.
Бундан ташқари, тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Миграция бўйича халқаро ташкилот ҳамкорлигида 2015-2020 йилларда ЮСАИД донорлик кўмаги асосида одам савдосига қарши курашиш йўналишида муҳим тадбирлар амалга оширилгани ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Бу борада аввало ахборот-таҳлилий йўналишда – 2017 йилда одам савдосига қарши курашиш ва мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий тизим таҳлили амалга оширилганини таъкидлаш лозим. Тренинглар йўналишида эса 6 та қўшма тадбир доирасида 166 нафар мутахассиснинг касбий малакаси оширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ходимлари Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистонда ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ўтказилган тадбирларида тренер ва эксперт сифатида иштирок этди. Марказ вакиллари Корея Республикаси ва Филиппинда хизмат сафарида бўлиб, одам савдосига қарши курашиш соҳасини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда ҳам қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг Ахборот-ресурс марказида «Одам савдосига қарши курашиш» мавзуида алоҳида бўлим ташкил этилиб, бу ерга 25 номдаги 100 та махсус адабиёт келтирилди. Ушбу кутубхона, шунингдек зарур техник ускуналар билан жиҳозланди.
Самарқанд шаҳрида ва Андижон вилояти Олтиинкўл туманида ташкил этилган «Маҳалла ахборот-ресурс марказлари»га беғараз асосда 500 дан ортиқ китоб ва журналлар тақдим этилди.
Ўзаро ҳамкорликда бир қатор нашрлар тайёрланди ва чоп этилди. Хусусан, «Одам савдосига қарши курашиш: 10 та саволга 10 та жавоб», «Одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги асосий атамалар изоҳли луғати», «Меҳнат мигрантлари учун одам савдосига қарши курашиш бўйича амалий қўлланма» каби китоб ва рисолалар ўзбек ҳамда қорақалпоқ тилларида нашрдан чиқарилди.
Давра суҳбати якунида янги нашр – “Одам савдосига қарши курашиш” номли қўлланманинг тақдимоти ўтказилди. Болалар ва ёшлар учун мўлжалланган ушбу мўъжаз китоб ўзбек тилидаги мухтасар матн ва расм-безакли шаклда тайёрланган.
Қўлланма Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллиги ҳамда “Одам савдоси, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ва уни бартараф этиш ҳамда унинг учун жазолаш тўғрисида”ги Палермо протоколининг 20 йиллиги муносабати билан чоп этилди.
Тақдимотда Ўзбекистон учун Палермо протоколи талабларини рўёбга чиқариш муҳим вазифалардан бири бўлиб турганига эътибор қаратилди. Шу маънода, янги қўлланма ниҳоятда долзарб ва фойдалидир.