Юнусобод тумани ИИО ФМБ ходимлари оғир шароитда қолган аёлларга ёрдам кўрсатишди

Юнусобод тумани 5-сон ички ишлар бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари тегишли ҳудудни кўздан кечириш давомида “Mega Planet” савдо маркази ёнида вояга етмаган болалари билан тиланчилик қилаётган икки нафар аёлларни кўриб қолишди. Аёллар болалари билан ички ишлар бўлимига олиб борилиб, уларнинг шахслари аниқланди. Улардан бири – Фарғона вилоятилик 23 ёшли К.А.нинг сўзларига қараганда, унинг эри уни икки нафар боласи билан ташлаб кетган экан. Касби ва иши бўлмаганлиги боис, К.А. тиланчилик қилишга мажбур бўлган. 39 ёшли С. Х. ва унинг икки нафар вояга етмаган болалари пойтахтга Самарқанд вилоятидан келишган. Унинг сўзларига қараганда, эри ҳаётдан кўз юмгач у иши йўқлиги сабабли қийин аҳволда қолган. Тошкент шаҳар ИИББ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим ходимларининг ёрдамлари билан мазкур аёллар фарзандлари билан Оғир аҳволга тушиб қолган аёллар реабилитация ва мослаштириш марказига вақтинча жойландилар.

Бундан ташқари, уларга уйларига қайтишда амалий ёрдам кўрсатилди. Уларга кейинчалик ёрдам кўрсатилиши учун Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Фарғона ва Самарқанд вилоятлари ИИБдаги ҳамкасблари билан боғланиб, мазкур аёллар доимий турар жойларига йўл олишгани ҳақида хабар беришди.