11 Февраль
Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши қандай курашиш керак?
Фарғона вилояти бўйлаб амалга оширилаётган тарғибот тадбирлари доирасида профилактика инспекторларининг одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.
Чунончи, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар жаҳон ҳамжамиятини бугун ҳар қачонгидан ҳам жиддий ташвишга солмоқда. Халқаро терроризм, диний экстремизм қатори барқарор тинчликка таҳдид солаётган ушбу иллатнинг тобора авж олаётгани хатарли, албатта. Унинг олдини олиш эса аҳоли орасида профилактик чора-тадбирларни самарали ташкил этиш, кенг миқёсда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришни тақозо қилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда ўтказилаётган мулоқотларда одам савдоси ва ноқонуний миграциянинг келиб чиқиш омиллари, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишнинг асосий йўналишлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳатлар илмий асослантирилган ҳолда тушунтирилмоқда. Ушбу фаолиятни самарали ташкиллаштириш, соҳа ходимларининг касбий кўникмаларини янада ошириш мақсадида одам савдосига қарши курашишга қаратилган методик тавсиялар ва ўқув қўлланмалари тақдим этилаяпти.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўз ҳуқуқини яхши билмаслик, катта даромад илинжида хориждан иш излаш ва охир-оқибат турли алдовларга ишониб қолиш фуқароларни одам савдоси жабрланувчисига айлантирмоқда. Сўнгги йиллар одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга оид тизимли чора-тадбирларга қарамай, ғаразли мақсадда ушбу жиноятларни содир этаётганлар учраб турибди. Шунинг ўзиёқ, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини янгича ёндашувлар асосида такомиллаштиришни талаб қилмоқда.