15 Март
Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси аъзоларининг малакаси оширилди
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиянинг 2020 йил 13 августдаги 7-сон йиғилиш баённомаси билан тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг 7-бандига асосан, Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси аъзоларининг малакасини ошириш мақсадида, жорий йилнинг 12 мартида ИИВ Малака ошириш институтида Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси – Ўзбекистон Республикаси ИИВ масъул ходимлари, Тошкент шаҳар, Тошкент вилояти ИИББ ва вилоят ИИБлар Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлим бошлиқларига ўқув-семинар ўтказилди.
Ўқув семинарда Вазирлик Одам савдосига қарши курашиш бошқармаси бошлиғи – Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси масъул котиби Н.И. Рахимов ва кичик комиссия масъул ходимлари, Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази бошқарув раиси Н.И. Каримова ва марказ директор ўринбосари Ш.С. Касимова, Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази директори М.Х. Кадиров ва масъул ходимлари, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоят ИИБлар Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлим бошлиқлари, шунингдек, вазирлик ЖваОАВБАБ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирни кириш сўзи билан Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси масъул котиби – Н.И. Рахимов очиб, сўнг сўзни кичик комиссия масъул ходими З.А.Ходжаевага берди ва маърузачи ўқув семинар мавзулари билан ҳаммани таништирди.
Ўқув семинарда Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия ишчи гуруҳ масъул ходимлари, Ф.Ахмедов, А.Шарипов, Н.Ходжабаева, Республика «Istiqbolli Avlod» ижтимоий-ахборот маркази директори ўринбосари Ш.Қосимова ҳамда Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация маркази директори ўринбосари О.Қосимовлар маърузалар билан иштирок этишиб, “Одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб таҳмин қилинаётган шахсларни миллий даражадаги қайта йўналтириш тизимини тасдиқлаш тўғрисида” (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 февралдаги 60-сон қарори), “Одам савдосига қарши курашиш соҳасига оид қонунчиликдаги ўзгаришлар” (2021 йил 12 февралда ЎРҚ–673-сон), “Одам савдоси бўйича келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш тартиби, далилларни мустаҳкамлаш ва терговга қадар текширув ҳаракатлари Жиноят-процессуал қонунчилиги ва “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун талаблари доирасида ўтказиш ҳақида”, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида миллий ва халқаро қонунчилик ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотининг ўрни” ҳамда “Ўзбекистон Республикасида одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам беришнинг миллий хусусиятлари” каби муҳим масалаларнинг мазмун-моҳияти ёритиб берилди.
Тадбирнинг иккинчи босқичида семинар иштирокчилари Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказига ташриф буюришди ва ташриф давомида Марказ директори М.Кадиров Марказнинг фаолияти билан таништирди.
Ўқув-семинар машғулоти якуни бўйича Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси масъул ходимлари келиб тушган саволларга жавоб бериб, кичик комиссия фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўз тавсияларини беришди.