10 Декабрь
“Стоп трафик” тезкор профилактик тадбирлари самара берди
2014-2018 йилларда жиноятчиликка қарши курашиш тўғрисидаги Давлатлараро ҳамкорликдаги чоралар дастури ижросини таъминлаш ҳамда 2018 йил 6 октябрда Қирғизистон Республикасининг Чўлпон-ота шаҳрида бўлиб ўтган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлари томонидан эришилган келишувга асосан, 22-26 ноябрь кунлари беш кун мобайнида ушбу давлатлар ҳудудида бир вақтнинг ўзида “Стоп трафик” тезкор профилактик тадбирлари ўтказилди.
Одам савдоси билан боғлиқ трансчегаравий ва трансмиллий гуруҳлар жиноий фаолиятини олдини олиш ва уларни фош этиш, одам савдоси жинояти бўйича қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ва ушлаш – тадбирнинг асосий мақсади этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, тадбир давомида Ўзбекистон ҳудудида 24 та жиноят аниқланган бўлса, шундан 3 таси жинсий эксплуатация билан боғлиқ одам савдоси жинояти, 1 таси вояга етмаганни сотиш, 20 таси фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик жиноятларидир. Бунда 199 нафар аёллар фоҳишалик билан шуғулланганликлари аниқланиб, ҳисобга қўйилди. 73 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди, яъни 45 та ҳолатда фоҳишалик билан шуғулланиш, 9 та ҳолатда видеомаҳсулотлар ва уларни тайёрлаш, 19 та порнографик маҳсулотлар билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлардир. Шундан 1205 та порнографик материаллар белгиланган тартибда олинди.
Тунги клублар, сауналар ва меҳмонхоналарда 2440 маротаба рейдлар ўтказилди. Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадида 6874 та маротаба профилактик суҳбатлар ўтказилди. Чегаралардан ўтиш жойларида, аэропортларда, барча турдаги ўқув юртларида, маҳаллаларда, туристик фирмаларда жами 6 ярим мингга яқин тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Тадбирни тўла, холисона ва амалдаги қонунлар асосида ўтказиш учун Ички ишлар вазирлигининг тезкор хизматларидан ташқари профилактика, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, патруль-пост ва жамоат тартибини сақлаш каби хизматлар ҳамда ҳокимликлар, хотин-қизлар қўмиталари, соғлиқни сақлаш вазирлиги, маҳалла жамғармаси, ёшлар иттифоқи ва қатор бошқа идора ходимлари ҳам жалб қилиндилар.
4 та давлатда ўтказилаётган тадбирларни умумлаштириш учун Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида ҳар бир давлатнинг вакиллари иштирокида мувофиқлаштириш штаби тузилди.
Қозоғистон Республикасида ўтказилган тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси томонидан одам савдоси жинояти учун қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси аниқланиб, қўлга олинди. Қозоғистондан Ўзбекистонга қайтиш имкони бўлмаган 10 нафар фуқароларимиз аниқланиб, уларни Ватанга қайтариш чоралари кўрилди.
Қозоғистон Республикасининг пойтахти Остона шаҳри Абай кўчасидаги уйлардан бирида ўтказилган тадбир натижасида 8 нафар қизлар фоҳишалик билан шуғулланаётганликлари, улардан 4 нафар қиз Ўзбекистондан борганликлари аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вакили Остона шаҳридаги “Комек” ва Олмаота шаҳридаги “Родник” ижтимоий ҳимоя қилиш муассасаларида бўлиб, одам савдосидан жабрланган 11 нафар ватандошларимиз билан суҳбатлашиб, уларни тергов ишлари якунланиши билан Ватанга қайтариш чоралари Қозоғистонлик ҳамкасбларимиз билан келишиб олинди.
Тадбирнинг якуний натижалари Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Криминал полиция департаментида муҳокама қилинди. Ушбу тадбир жиноятчиликка қарши курашишда самарали натижалар берганлигини ҳисобга олиб, келгусида ҳам давом эттирилиши келишилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси