01 Ноябрь
Уч аёл қулликдан қутқариб қолинди
Хорижий мамлакатларга мўмай даромад илинжида кетаётган, бироқ алдов қурбони бўлиб, қулликка гирифтор этилаётган юртдошларимиз йўқ эмас.
Улар орасида, айниқса, турли тубан ишларга маҳкум этилаётган аёллар борлиги ачинарли ҳол. Бу борада огоҳ бўлишга қаратилган кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамай, қонуний йўл билан эмас, дуч келган одамнинг гапига, ваъдасига ишониб, чет элга йўл олаётганлар ҳамон учраб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, куни кеча алдов йўли билан олиб чиқиб кетилаётган уч нафар аёл тўхтатиб қолинган.
Тошкент вилояти Қибрай тумани “Зафаробод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Майский” чегара пости орқали 28 ёшли Ж.У Наманган вилояти Учқўрғон туманида яшовчи 32 ёшли Н.О, 28 ёшли О.Н. ва Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшовчи 26 ёшли М.Р.ни хорижда “яхши даромадли иш” топиб беришни ваъда қилиб, уларни Қозоғистон Республикаси ҳудудига олиб ўтиб кетаётган вақтида тўхтатиб қолинди.
Уч нафар аёл ҳам Ўзбекистон ҳудудига қайтарилди. Бу уларнинг қулликка гирифтор бўлишидан қутқариб қолинди, дегани.
Ж.У.га нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг одам савдоси билан боғлиқ моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда хорижда ишлашни ният қилиб йўлга отланаётган юртдошларимиздан бораётган жойи, ишламоқчи бўлган иши бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки одам савдосига қарши курашувчи жамоат ташкилотлари, масалан Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий ахборот марказига ҳуқуқий маслаҳат ва ахборот сўраб мурожаат қилишни сўраймиз. Шунда ҳеч қачон алданиб ва қулликка тушиб қолмайсиз.