08 Июнь
Қозоғистон орқали Туркияга юборилмоқчи бўлган аёллар тўхтатиб қолинди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бошқармаси берган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 2 июнь куни Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбир натижасида, ноқонуний равишда Қозоғистон Республикасининг Олмата шаҳри орқали Туркияга юборилмоқчи бўлган аёллар гуруҳи тўхтатиб қолинди.
Қайд этилишича, ушбу юборилаётган 5 нафар аёлларни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Мунира (исми шартли равишда ўзгартирилган) исмли аёл кутиб олиши керак бўлган. Чунки, Мунира Наманган вилоятида яшовчи синглиси ва унинг танишига худди ўзи каби ишлашга рози бўлган қизларни топиб, юбориш таклифини билдирган. Улар қизларни топиб, чет давлатига кетишга кўндирадилар.
Туркияда уй ишлари ва бошқа юмушлар билан шуғулланишга рози бўлган қизлар, аслида у ерда фоҳишалик қилишлигини эшитгач, кетиш фикридан қайтадилар. Бироқ, уларга бу таклифни берган аёл “Сизларнинг ҳар бирингиз учун алоҳида чипта расмийлаштирилган, агар фикрингиздан қайтсангиз сарфланган ҳаражатларни қоплашингизга тўғри келади” дея, ортга йўл йўқлигини важ қилиб, уларнинг фикрларини ўзгартиради. Тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган оилали ва турмуш қурмаган 5 нафар аёл Тошкент халқаро аэропортида тўхтатиб қолиниб, уларни жўнатмоқчи бўлган икки аёл қўлга олинди. Ҳозирги кунда ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси