01 Апрель
Одам савдосига қарши курашиш борасида давлатлараро ҳамкорликнинг янги босқичи
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларининг Ички ишлар вазирликлари ўртасида қабул қилинган “2019-2023 йилларда жиноятчиликка қарши курашиш тўғрисида”ги чоралар дастурининг ижросини таъминлаш ҳамда 2018 йил 6 октябрда Қирғизистон Республикасининг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган ички ишлар вазирлари учрашувида эришилган келишувга асосан, жорий йилнинг 26 март кунидан белгиланган давлатлар ҳудудида бир вақтнинг ўзида “Стоп трафик” тезкор-профилактик тадбирлари бошланди.
Ушбу тадбир доирасида Қирғизистон ва Қозоғистон Республикалари Ички ишлар вазирликларининг одам савдосига қарши курашиш бўйича маъсул раҳбар ходимлари иштирок этиш ва тажриба алмашиш мақсадида республикамизга ташриф буюрдилар.
Даставвал қўшни давлатлардаги ҳамкасбларимиз Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида бўлиб, меҳмонларни вазирликнинг Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи, ишчи орган масъул тузилмасининг раҳбари полковник Улуғбек Гайназаров кутиб олди ва Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда фаолияти билан яқиндан таништирди. Учрашув давомида ҳозирда мавжуд глобал муаммолар қизғин муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, меҳмонлар юртимизда одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишиш учун Одам савдоси жабрдийдаларга ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация марказига ташриф буюрдилар.
Тадбир натижалари юзасидан қўшимча ахборот берилади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси.