13 Июль
Навоий ИИБ: Тазйиққа учраган хотин-қизлар қай тартибда ҳимоя қилинди?
Кармана туман тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Кармана туман ИИБга телефон орқали мурожаат этиб, 1999 йил туғилган, Кармана тумани, “Фарҳод” МФЙда истиқомат қилувчи К.Л. исм-фамилиядаги қизнинг тан жароҳати олган ҳолда шифохонага ётқизилганлигини маълум қилган. Туман ИИБ ҲПБнинг олиб борган суриштирув натижаларига кўра, К.Л. бирга яшовчи 1989 йил туғилган ўгай акаси Ш.Б. томонидан калтакланган бўлиб, Ш.Б. ўзаро оилавий келишмовчиликлар натижасида бир неча бор зўравонлик ва тазйиқлар ўтказиб келган. Туман ИИБ томонидан Ш.Б. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддасига асосан жавобгарликка тортилди.
1988 йил туғилган, Учқудуқ тумани, “Ўзбекистон” кўчасида яшовчи фуқаро А.Ю. Учқудуқ тумани ИИБга ариза билан мурожаат этиб, бирга яшовчи турмуш ўртоғи, 1982 йил туғилган З.Д. томонидан ўзаро оилавий келишмовчилик натижасида муросага кела олмаётганлигини, турли ваъжлар билан калтакланиб, тан жароҳати олганлигини маълум қилган. Учқудуқ тумани ИИБ ҲПБ ўрганишлари натижасида, З.Д. айбдор деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддасига биноан жавобгарликка тортилган.
Эркак кишининг меҳри ҳамда ҳурмат-эътибори аёллар(она, опа-сингил, турмуш ўртоғи) учун дунёларга сиғмас бахтни туҳфа этишга қодир. Ачинарлиси, оила дея аталмиш муқаддас қўрғонда муросаю мадора ила ҳамжиҳатликда бахтли ҳаёт кечириш ўрнига, йигитлик шаъни, ғурури, ор-номусини топтаб, ожизага ўз кучини кўрсатаётган “муштумзўр”ларнинг хатти-ҳаракати жамиятимиздаги аёлларнинг ўзлигини йўқотишига сабаб бўлиши мумкин… Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Навоий вилояти ИИО ходимлари хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида оғзаки ва ёзма мурожаатлар юзасидан тезкор чоралар қўллаш билан бирга, ўрганилган салбий ҳолатлар жараёнида зўравонликдан жабр чекаётган хотин-қизларга ҳимоя ордери бериб, уларни хоҳиш-иродасига зид бўлган хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилади.