13 Июль
Раҳбар масъулияти – аҳоли фаровонлиги ва барқарорлик кафолати
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Р.Бобожонов ва Қашқадарё вилояти ҳокими З.Мирзаев Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида бўлиб ўтган қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишидаги устувор вазифалар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрель кунидаги 216-сонли қарори ижроси юзасидан Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Деҳқонобод, Косон, Муборак, Касби, Миришкор, Қарши шаҳар, Қарши ва Нишон туманлари сектор раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида ҳудудий учрашувлар ўтказди.
Ўтказилган йиғилишларда Ички ишлар вазири томонидан мамлакатимизда пандемия шароитида фуқаролар саломатлигини сақлаш, глобал инқироз даврида аҳоли бандлиги ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини изчил ташкил этиш юзасидан туман секторлари раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботлар тингланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда озиқ-овқатлар заҳирасини яратиш энг долзарб масала эканлиги, бу борада зарурий чора-тадбирлар кўриш лозимлиги танқидий нуқтаи назардан таҳлил этилиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари олдига аниқ вазифалар қўйилди. Воҳада озиқ овқат заҳирасини янада кўпайтириш учун аввало томорқага, боғ ораларига, заҳирага олинган ерларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш тавсия этилди. Фуқаролар томорқадан унумли фойдаланиши учун уларга ихтисослашувига қараб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш бунинг учун уруғ етказиб бериш ҳам муҳим масалалардан бири эканлиги мутасаддиларга уқтирилди. Бу борада зарурий чора-тадбирларни амалга ошириш, тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб бориш жараёнида томорқалар ва заҳира ерлар ҳисобини аниқ олиш, фойдаланишда сусткашликка йўл қўйган фуқаролар ва фермерларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши таъкидланди. Баъзи туманларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш учун заҳира ёки ихтисослашган ер мавжуд эмаслиги боис қўшни туманлардаги лалми ерлар ўзлаштирилиб, ёшларга фойдаланиш учун берилиши тавсия этилди. Юртимизда пандемияга қарши кескин кураш олиб борилаётган ушбу дамларда аҳоли саломатлигини сақлаш учун бозорлар ва озиқ-овқатга ихтисослашган супермаркет ва дўконлар, дорихоналарда дезинфекция ишларини сифатли амалга ошириш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бундай жойларда кириш ва чиқиш йўлаклари ташкил қилиб, унда дезинфекция воситаларидан фойдаланган ҳолда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш шарт.
Вазир карантин шароитида иқтисодий барқарорликни сақлаш учун фуқаролар ўз томорқасида озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириши, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ автотранспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш ва бошқа масалалар бўйича туман сектор раҳбарларига қатъий топшириқлар берди.