31 Октябрь
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва ИИВ ҳамкорлигида «Hyatt Regency» меҳмонхонасида давра суҳбати ўтказилди
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамкорлигида жорий йилнинг 29 октябрь кунида Hyatt Regency меҳмонхонасида “Одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ва уларни қайта йўналтириш миллий механизмлари – Одам савдоси жабрдийдаларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича саъйи-ҳаракатларни бирлаштириш: муаммолар, олинган сабоқлар ва илғор тажриба” мавзусида Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлар иштирокида (халқаро экспертлар онлайн тарзда) давра суҳбати ўтказилди.
Мазкур тадбирда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори – Элчи Жон МакГрегор, ЕХҲТ/ДИИҲБ одам савдосига қарши кураш бўйича маслаҳатчиси Татьяна Котляренко, Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича комиссия масъул котиби, ИИВнинг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – У.Гайназаров ва Бош бошқарма масъул ходимлари, шунингдек, Буюк Британия, Болгария, Руминия, Швеция, ЕХҲТ/ДИИҲБ ва ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалари экспертлари Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази директори ўринбосари О.Қосимов ва марказ ҳуқуқшуноси Х.Рахматов, «Istiqbolli avlod» Республика ижтимоий-ахборот маркази раиси Н.Каримова ва раис ўринбосари Ш.Косимова, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси масъул ходими Х.Абдуллаев, Ташқи ишлар вазирлиги Кўп томонлама ҳамкорлик бош бошқармасининг бош котиби О.Хожиматов, ДХХ масъул ходими, Бош прокуратура Академияси масъул ходими З.Нематходжаев, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси У.Газиева ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги инспектори С.Абдуазимовлар ва Вазирлик ЖваОАВБАБ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирни кириш сўзи билан Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича комиссия масъул котиби У.Гайназаров очиб, йиғилишнинг кун тартиби билан таништирди. Сўнг сўзни ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори – Элчи Жон МакГрегорга (онлайн) ва ЕХҲТ/ДИИҲБ одам савдосига қарши кураш бўйича маслаҳатчиси Т.Котляренколарга (онлайн), берди. Жаноб Элчи республикамизда одам савдосига қарши курашиш соҳасида сўнги йиллар давомида амалга оширилган ишларга тўхталиб, юксак баҳо бериб ўтди.
Сўнг, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари А.Ахмедов ва С.Хакимовлар “Одам савдосидан жабрланганларни идентификацияси ва уларни қайта йўналтириш механизмлари” юзасидан тайёрланган қонуности ҳужжатлари юзасидан тақдимот ўтказдилар.
Бундан ташқари, жабрланганлар ва шериклик йўналиши бўйича раҳбар, Мустақил қулчиликка қарши комиссарнинг идораси масъул ходими А.Маккоиг (онлайн), Одам савдосига қарши кураш бўйича миллий комиссияси масъул котиб вазифасини бажарувчи Д.Петкова (онлайн), Руминия Одам савдосига қарши кураш бўйича миллий агентлиги директори ўринбосари А.Петреску (онлайн), Одам савдосига қарши масалалари бўйича Швеция гендер тенглиги агентлиги катта маслаҳатчиси Й.Кристианссон (онлайн), «Istiqbolli avlod» Республика ижтимоий-ахборот маркази раиси Н.Е.Каримова, ЕХҲТ/ДИИҲБ, ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори М.Русакова (онлайн)лар маърузалар билан иштирок этиб, “Ўзбекистонда одам савдосига қарши кураш соҳасидаги миллий ҳуқуқий ва сиёсий асослар: янги истиқболлар”, “Қайта йўналтириш миллий механизмини амалга оширишнинг тамойиллари ва илғор амалиёт: муаммолар, олинган сабоқлар ва илғор тажриба» (Буюк Британия, Болгария, Руминия ва Щвеция давлатлари тажрибаси), “Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам: келиб чиқиш мамлакати, транзит ва амалга ошириш давлати нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик” каби муҳим масалалар юзасидан тажриба алмашилди.
Йиғилиш якуни бўйича Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси масъул ходимлари ҳамда халқаро экспертлар келиб тушган саволларга жавоб бериб, тайёрланган қонуности ҳужжатлар лойиҳаси бўйича йиғилиш иштирокчилари томонидан билдирилган қўшимча ва таклифлар маълумот учун қабул қилинди.