12 Май
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментида Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиясининг ишчи учрашуви бўлиб ўтди
Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси – Ўзбекистон Республикаси ИИВ масъул ходимлари ҳамда Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази бошқарув раиси Н.И. Каримова ва марказ масъул ходимлари билан жорий йилнинг 7 май кунида ИИВ ҳузуридаги Тергов Департаментида “2021 йил 1-чораги давомида олиб борилган фаолият, натижа, муаммо ва уларнинг ечимлари муҳокамаси”га бағишланган ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуннинг ижросини таъминлаш, шунингдек бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлари фаоллигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот Маркази ўртасида имзоланган “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалаларида ижтимоий ҳамкорлик” тўғрисида Меморандум доирасида ташкил этилди.
Ишчи учрашув давомида Марказ қошида ташкил этилган “Долзарб алоқа тармоғи” орқали қабул қилинган жами мурожаатлар, уларнинг турлари, мурожаатчиларнинг келиб чиқиш ҳудудлари, ёш ва гендер кўрсатгичлари бўйича таҳлили билан таништирилди. Мурожаатчиларнинг саволлари таҳлили ёритилганда, улар орасида энг кўп юқори қайд этилган саволлар: давлат ичида ишга жойлашиш, давлат ташкилотлари тўғрисида маълумот, ватанга қайтиш масаласи ва ишлаш мақсадида чет давлатга кетиш бўйича мурожаатлардан таркиб топганлиги кўринди.
Шунингдек, учрашув давомида одам савдоси жабрдийдаларига жиноятларни тергов қилиш ва суд қилишда ёрдам бериш бўйича ҳамда одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларни жавобгарликка тортиш масаласига ҳам тўхтаб ўтилди. Марказ томонидан одам савдосидан жабрланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қайта йўналтириш механизми ва маълумотлар алмашинуви масаласи муҳокама қилинди. Жиноят ишини қўзғатиш, жабрланганларнинг билан ҳамкорлик қилишдаги муаммо ва қийинчиликларга тўхталиб ўтилди.
Тадбир якунида одам савдосидан жабрланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қайта йўналтириш механизмини такомиллаштириш масалалари бўйича таклиф ва тавсиялар тингланди.