30 Июнь
Одам савдосига қарши курашиш ойлиги бошланди
Замонавий қуллик бўлган одам савдоси жиноятига қарши кескин курашлар давом этаётганига қарамай бу жиноят ҳали барҳам топганича йўқ.
Одам савдоси – одамларни алдаш йўли билан уларнинг меҳнатидан фойдаланишгина эмас, балки унинг танаси, тана аъзоларини сотиш каби мудҳишликлар билан ҳам боғлиқлиги унинг қанчалик хавфли эканини англатади.
Энг ёмони, БМТ маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.
2010 йил 30 июлда БМТнинг одам савдосига қарши курашиш бўйича Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Мазкур ҳаракат дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.
2013 йилда эса БМТ томонидан 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни, деб эълон қилинди.
Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ҳужжатлар талабларини бажариш, фуқароларни ушбу жиноятдан ҳимоялаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
2008 йил 17 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган.Қонунга мувофиқ, одам савдосига қарши курашиш одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятни ўз ичига олади.
Ҳар йили Бутун жаҳон одам савдосига қарши курашиш куни олдидан Ўзбекистонда ҳам ушбу жиноятга қарши курашишга қаратилган ойлик ўтказиб келинмоқда.
“Тараққиёт стратегияси” марказида “30 кун – ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш ойлиги” бошланиши олдидан видеоконференцалоқа тарзида анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолият олиб бораётган давлат, нодавлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ойликни қандай ўтказиш ҳақида фикрлашилди.
Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси “Йўл харитаси”га мувофиқ одам савдосига қарши курашиш ойлиги 2021 йил 30 июндан 30 июлгача давом этади.
ИИВ Одам савдосига қарши курашиш бошқармаси бошлиғи – Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия масъул котиби Н.Раҳимов ойликни самарали ўтказиш учун тарғибот ишларини кучайтириш, аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш, айниқса, оммавий ахборот воситалари орқали огоҳликка чорловчи чиқишларни ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
– Одам савдосига қарши курашиш бўйича йигирма йилдан бери фаолият юритяпмиз, – дейди Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази раҳбари Нодира Каримова. – Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги каби ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда тарғибот ишлари олиб бориш билан бирга хорижий давлатларда одам савдоси қурбони бўлаётган юртдошларимизни қутқариш ва қайтариш бўйича амалий ишларни олиб бормоқдамиз. Тарғибот ишлари қанчалик кучайтирилмасин, барибир адашаётган, алданиб қолаётганлар учраб турибди. Кейинги пайтда одам савдосидан жабрланганлар ҳуқуқий ҳимояси бўйича муаммолар ҳам пайдо бўлди. Жиноят аломатлари бўлса ҳам жиноят очилмай қолаётганлар ҳолатлар учрайди. Одам савдоси жиноятини камайтирмоқчи эканмиз, бу жиноятга нисбатан жазони ҳам кучайтириш керак, деб ўйлайман.
Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар вакиллари, Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази раҳбарияти, БМТ НЖҚКБнинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси, Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича менежери, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссиялар вакиллари иштирок этган тадбирда “Одам савдосига қарши курашиш ойлиги”га старт берилди.
Учрашувда БМТнинг Марказий Осиёда одам савдоси ва мигрантлар контрабандасига қарши кураш бўйича минтақавий маслаҳатчиси Р.Сиргедиене (онлайн), “Winrock International” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Н.Саидкаримова (онлайн) ва Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича менежери С.Тошбоев ўз чиқишларида Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. Бу саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани айтилди.
Қашқадарё, Сирдарё, Жиззах, Андижон, Навоий ва бошқа вилоятлар ҳудудий комиссиялари аъзолари ҳам тадбирда онлайн иштирок этиб, ўз фикрларини билдирди.
Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси масъул ходимлари ойликни қандай ўтказиш бўйича тушган саволларга жавоб бериб, иштирокчиларга ўз тавсияларини берди.