Одам савдосига қарши курашиш-долзарб масала

Жорий йилнинг 18 декабрь куни Тошкент шаҳрида жойлашган “Ўзбекистон” мехмонхонасининг мажлислар залида “Одам савдосига қарши курашиш- долзарб масала” мавзусидаги семинар Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг ишчи органи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ва Тошкент шаҳар “Истиқболли авлод” ижтимоий — ахборот маркази ҳамкорлигида ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелдаги Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги ва “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунларининг ижросини таъминлаш борасида “Ўзбекистонда одам савдоси жабрланувчиларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларни мутасадди ташкилотларга йўналтиришни ташкиллаштириш ва одам савдосига қарши курашиш фаолиятини жадаллаштириш” бўйича 2016-2017 йилларга мўлжалланган Тадбирлар режаси” ҳамда “Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш мақсадида “Долзарб алоқа” тармоғини қўллаб-қувватлаш” доирасида ташкил этилди.

Тадбирда комиссия таркибига кирувчи Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Бош прокуратура, Хотин-қизлар қўмитаси, мутасадди ташкилотлар, худудларда одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолият юритувчи ҳамкор жамоат ташкилотлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси раиси Д.А.Назармухамедов очиб берди. Ижтимоий шериклик принципларига таянган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий ҳамкорлик фаолиятини мустаҳкамлаш, одам савдосини олдини олиш, унга қарши курашиш, қайта йўналтириш механизми ва одам савдоси жабрланувчиларини аниқлаш идентификация қилиш, жиноят жабрдийдалари билан ишлаш бўйича амалий тажриба билан танишиш ва тажриба алмашинуви семинарнинг асосий мақсади этиб белгиланган.

Трансмиллий кўринишга эга бўлган одам савдосига қарши курашиш учун барча давлат ташкилотлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Тадбир якунида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш,одам савдосига қарши янада самарали курашиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси