Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишини Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Даврон Назармухамедов олиб борди.

Йиғилишида республика идоралараро комиссияси аъзолари, шунингдек, комиссиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги ҳудудий тузилмалари раислари ва аъзолари қатнашдилар.
Йиғилишда одам савдосига қарши курашиш борасида олиб борилган ишлар юзасидан, жорий йилнинг февраль ва март ойларида Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ўтказилган мониторинг натижалари муҳокама этилди. Мониторинг натижалари бўйича йиғилганларни комиссиянинг ишчи орган маъсул тузилмаси раҳбари Улуғбек Гайназаров таништирди. Бу борада Самарқанд ва Бухоро вилоятларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, Республика Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг мониторинг олиб борилган вилоятларда яшаш манзилларидан узоқ муддата кетиб қайтган, депортация қилинган, жабрланган, Ватанга қайтиш гувоҳномаси билан қайтиб келган фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларда аниқланган турли касалликларни даволаш бўйича амалга оширилган ишлари муҳокама этилиб, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари бўйича ҳудудий комиссиялари раисларининг ушбу йўналишдаги ҳисоботлари тингланди.

Йиғилишда одам савдоси жиноятини олдини олиш учун аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот тадбирларини кучайтириш ва сифатли ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан келгусида бошқа ҳудудларда ҳам мониторинг ўтказилиши режалаштирилиб, келажакда амалга ошириладиган ишлар келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси