01 Июня
Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси сайёр учрашув ўтказди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармасининг хабар беришича, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ишчи гуруҳи томонидан ҳудудий комиссия ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида туман аҳолиси билан сайёр учрашув ўтказилди. Шунингдек, учрашувда Андижон вилояти ва Шаҳрихон туманининг Одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссияси аъзолари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, уюшмаган ёшлар, доимий яшаш манзилидан узоқ муддатдан қайтиб келган, депортация ва Ватанга қайтиш гувоҳномаси (сертификат) билан қайтган ёшлар, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирнинг асосий мақсади – аҳолига мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш соҳасида қабул қилинган қонунчиликнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ушбу соҳада Андижон вилоятида амалга оширилган ишлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, доимий яшаш манзилидан узоқ муддатга кетиб қайтиб келган, депортация ва Ватанга қайтиш гувоҳномаси (сертификат) билан қайтган ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, фуқароларимизнинг хориж мамлакатларида одам савдоси қурбонига айланиб қолишларини олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар юзасидан хабардорлигини ошириш ҳамда мазкур соҳада аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришдан иборатдир. Тадбирда иштирокчилар томонидан одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияларининг одам савдоси ва ноқонуний миграцияни олдини олишдаги фаолияти муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув давомида Андижон вилояти ва Шаҳрихон тумани ҳокимликлари билан ҳамкорликда 54 нафар фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар, айниқса тадбиркорлик учун кредит ажратиш, аҳолини иш билан таъминлаш, фуқаролик паспортлари ва бошқа тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш каби масалаларнинг ечими юзасидан тегишли мутасадди идораларга топшириқлар берилиб, чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси