Тошкент халқаро аэропортида 10 йилдан буён қидирувда бўлган фарғоналик шахс ушланди

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 10 йилдан буён қидирувда бўлган фарғоналик шахс ушланди, деб ёзади ЎзА.

Фарғона вилояти ҳудудида турли жиноятлар содир этиб тергов органларидан яшириниб юрган, қидирувда бўлган шахсларни ушлаш, уларга нисбатан қонунларда белгиланган жазонинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида бир неча нафар қидирувда юрган шахсларнинг қўлга олинишига эришилди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 109 нафар шахс ушланди.

Хусусан, Фарғона шаҳрида яшовчи Д.Ф. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми «г» бандида кўрсатилган жиноятни содир этиб, шаҳар ИИБ томонидан 10 йилдан буён қидирувда бўлган. Жорий йил 11 апрель куни Туркия давлатидан Тошкент халқаро аэропорти орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келаётганлиги тўғрисида тезкор маълумот олиниб, ушланди. Айни вақтда тергов ишлари олиб борилмоқда.