25 Ноября
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш: АҚШ вакиллари декабрда Ўзбекистонга ташриф буюради
2019 йил 25 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг АҚШ давлат департаменти аъзолари билан видеоконференция шаклидаги биринчи мулоқоти бўлиб ўтди.
Сенат ахборот хизматига кўра, унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида қабул қилинаётган чора-тадбирлар хусусида фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масаласи мамлакатда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Буни сўнгги уч йилда мазкур йўналишда 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлигидан ҳам кўриш мумкин.
Бундан ташқари, жорий йилнинг июль ойида президентнинг тегишли фармони асосида Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси фаолияти тугатилиб, унинг ўрнига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси раҳбарлигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилди ҳамда ушбу масала бўйича “Миллий маърузачи” институти жорий этилди.
Ҳозирда комиссиянинг барча ҳуқуқий асослари яратилиб, Миллий комиссия ва унинг таркибидаги кичик комиссиялар, ҳудудий комиссияларнинг ишини тизимли йўлга қўйиш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг иш самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган қатор чоралар белгиланди. Хусусан, 2019-2020 йилларда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича биринчи навбатда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.
Халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШ давлат департаменти, “Cotton Campaign” ва “Human Rights Watch” халқаро ташкилотлари тавсияларини инобатга олган ҳолда одам савдоси ва мажбурий меҳнат соҳасида Ўзбекистоннинг позициясини яхшилашга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Шунингдек, хорижда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури қабул қилинган.
Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик нормасини кучайтириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда.
Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан қишлоқ хўжалиги соҳасида мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида 2013 йилдан бошланган ҳамкорлик ишлари ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
АҚШ давлат департаменти вакиллари Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлади, шунингдек мамлакатда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш борасидаги вазиятни мониторинг қилиш бўйича ХМТ гуруҳи ишидан мамнун эканларини билдирди. АҚШ томонининг бу йўналишда маслаҳатлашувлар ўтказиш ва ишларни ўрганишни давом эттириш учун жорий йил декабрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюришга тайёрлиги билдирилди.