Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ҳуқуқий саводхонлик” ойлиги  доирасида “Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш” мавзусида “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети томонидан  давра суҳбати ташкил этилди, дейилади Ўзбекистон халқаро ислом академияси сайтида.

Тадбирда Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси вакили Ф.Ахмедов, Одам савдоси жабрдийдаларига  ёрдам бериш  бўйича Республика реабилитация  маркази директори ўринбосари О.Қосимов, “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси мудири Ҳ.Туйчиева, ўқитувчилар А.Султонов, М.Хўжаев, Ў.Шакаровлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Давра суҳбатида бугунги кунда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш долзарб аҳамият касб этиши ва бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳим экани, одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоялаш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича юртимизда олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтилди.

Тадбир сўнгида талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.