26 Декабря
Одам савдоси жиноятига қарши курашиш, уни олдини олиш борасида Сирдарё вилоятида Ички ишлар бошқармаси ҳамда мутасадди ташкилотлар иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Одам савдоси ҳозирда глобал хавфсизлик жамиятнинг барқарорлиги ҳамда жаҳон хамжамиятига таҳдид солаётган жиноят деб баҳоланмоқда. Одам савдоси жиноятига қарши курашиш, олдини олиш борасида Сирдарё вилоятида ҳам мунтазам равишда профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Навбатдаги тадбирлардан бири Сирдарё вилояти Фуқаролик жамиятини ривожлантириш марказида бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш бўйича «Долзарб алоқа тармоғи»ни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбир Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий-ахборот маркази Сирдарё вилояти бўлими томонидан ташкил этилди.
Одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияси аъзолари иштирокидаги жараён давр муаммосига қарши курашишда кенг жамоатчиликни ҳамкорликка чорлаш масаласи диққат марказида бўлди.
Статистик маълумотларга кўра ҳар йили дунё бўйича 3 миллионга яқин киши бу каби мудҳиш жиноятнинг қурбонига айланмоқда. Уларнинг 80-90 фоиз кўрсаткичини эса аёллар ва болалар ташкил этмоқда. Тадбирда одам савдоси муаммосининг долзарблиги мамлакатимизда ушбу жиноятга қарши курашиш борасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Трансмиллий кўринишга эга бўлган одам савдосига қарши курашиш учун давлат ташкилотлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. Тадбир якунида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш одам савдосига қарши янада самарали курашиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.