Одам савдоси қурбони бўлаётганларнинг асосий қисми — аёллар

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида “Одам савдосига қарши курашнинг ташкилий ва ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш: миллий тажриба ва халқаро амалиёт” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари ва журналистлар иштирок этди.

Анжуманда қайд этилишича, тизимда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида барча турдаги жиноятчилик 2017 йилда 15.7 фоизга, 2018 йилда 33.5 фоизга, 2019 йил 11 ойида 24 фоизга пасайган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ҳудудида одам савдоси бўйича энг кўп кузатиладиган ҳолат — чақалоқларни сотиш билан боғлиқ. Мажбурий жисмоний меҳнат ёки фоҳишаликка мажбурлаш каби одам савдосига оид ҳолатлар мамлакатимиз ҳудудида содир этилмаган. Бундай ҳолатлар хориждаги юртдошларимиз иштирокида кузатилади.

ИИВ Ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши курашиш бошқармаси масъул ходими Беҳзод Мамажоновнинг айтишича, 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида 116 шахс одам савдоси жиноятини содир этиш билан айбланган ва уларнинг 88 фоизини аёллар ташкил қилади.

Жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида профилактика инспекторларининг сони 1.000 та штат бирлигига кўпайтирилди. Бундан ташқари, 200 дан ортиқ туман ва шаҳар ички ишлар бўлимларида ёшлар масалалари бўйича раҳбар ўринбосари ва хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозимлари жорий этилди.