06 Декабря
Қозоғистон Республикаси ИИВ билан ҳамкорликда ўтказилаётган «Нелегал» тадбири юзасидан
2019 йилнинг 27 ноябрь куни, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги келишувларга асосан, қўшни давлат ҳудудида ўтказилаётган «Нелегал» тадбири доирасида ушбу мамлакатга хизмат сафарига юборилган ходимлар томонидан Қозоғистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда Нур-Султон, Олма-ота ва Чимкент шаҳарларида ўтказилган рейдлар давомида фуқаролик паспортларини йўқотиб яшаш манзилларига қайтолмай, қийин аҳволга тушиб қолган 12 нафар (2 нафари аёл, 10 нафари эркак) фуқаромизга Ватанга қайтиш гувоҳномалари берилиб, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида «Олма-ота–Тошкент» авиарейси билан олиб келинишига эришилди.
Мазкур фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги биносига олиб келиниб, барчасига тиббий (рентген текширув, қон анализлари текшируви, турли юқумли касалликларга текширув), психологик ва юридик ёрдам кўрсатилди ҳамда яшаш манзилларига етиб олишлари учун энг кам иш ҳақининг бир баровари миқдорида пул маблағлари ажратилди.
Шунингдек, уларнинг барчаси билан фильтр-сўров тадбирлари ўтказилиб, давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар, иш ўринлари ва тадбиркорлик фаолияти учун кредитлар олиш турлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ҳозирги вақтда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда хорижий фуқароларни вақтинча ушлаб туриш марказларида сақланаётган 41 нафар юртдошимизни мамлакатимизга қайтариш чораларини кўриш давом эттирилмоқда.
ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси