БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан Ички ишлар вазирлиги ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги босқичи

2020 йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал хоним бошчилигидаги делегация билан Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Ташпулатов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Ўзбекистон ва минтақа давлатларида гиёҳванд воситаларининг ноқонуний айланиши ва жиноятчиликка қарши кураш, гиёҳванд моддаларга қарамлик ва унинг оқибатларини даволаш, вазирлик эксперт-криниминалистика лабораториялари фаолиятини такомиллаштиришни қўллаб — қувватлаш борасида амалга ошириб келаётган кўплаб дастур ва лойиҳалари вазирлик раҳбарияти томонидан эътироф этилди.


Сўзсиз ушбу лойиҳалар республикамиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, гиёҳванд моддалар хавф — хатарларига қарши курашда минтақа мамлакатлари ваколатли органларининг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўз навбатида, Минтақавий ваколатхона раҳбари Ашита Миттал хоним Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларни, айниқса мамлакатларда қонун устуворлиги, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги кенг кўламли ишларни юқори баҳолаб, ушбу ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди.


Ўзаро конструктив ва дўстона руҳда ўтган учрашувда томонлар Ички ишлар вазирлиги ва БМТ Бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати, амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар хусусида фикр алмашиб, вазирлик ва БМТ Бошқармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш, гиёҳванд воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш, одам савдоси ва ноқонуний миграциянинг олдини олиш, кибержиноятлар ва ОИТС инфекцияларини тарқатишга қарши кураш каби кўплаб йўналишларда ҳамкорликда амалга ошириладиган тадбирларни келишиб олдилар.