ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШДА ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ЗАРУРДИР

Яккабоғ туманилик 25 ёшли эркак танишларининг таклифи билан Қозоғистондаги Шимкент шаҳрига ишлаш учун бориб, у ерда нопок инсонларнинг қўлига тушиб қолди ва паспортини олдириб қўйиб, қурилишда иш ҳақи олмасдан кунига 12-13 соатдан оғир меҳнат қилишга мажбур бўлди. Уйдагилари бундан хабар топиб, мамлакатимиз ички ишлар идораларига ёрдам сўраб мурожаат қилишгач, юртимиздаги Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази Қашқадарё вилоят бўлими ва Қозоғистондаги “Сана Сезiм” ноҳукумат ташкилоти кўмаги билан ватандошимиз замонавий қулдорлар тутқунлигидан озод этилди ва оиласи бағрига қайтарилди.

Қарши шаҳрида ички ишлар органларининг ходимлари учун ташкил этилган амалий семинарда юқоридаги каби кўплаб ҳаётий мисоллар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Қашқадарё академик лицейида бўлиб ўтган бу семинар “Одам савдосига қарши курашиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатишда ҳамкорлик самардорлигини ошириш” мавзусига бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти катта ўқитувчиси, подполковник Умиджон Суннатов, шу институтнинг Қашқадарё филиали раҳбари, подполковник Уйғун Абдусаломов, Қашқадарё вилоят ИИБ кадрлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Камол Назаров, вилоят ИИБ одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи, майор Аслиддин Қурбонов сўзга чиқиб, юртимизда одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлардан жабр кўрган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича қўрилаётган таъсирчан чоралар хусусида фикр юритишди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони аҳамияти алоҳида таъкидланиб, жойларда унинг ижроси доирасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Шаҳноза Раупова семинар иштирокчилари билан кичик гуруҳларда махсус машғулотлар олиб бориб, уларни ноқонуний йўллар билан хорижга чиқишнинг салбий оқибатларини намоён этувчи ҳаётий мисолларни кўриб чиқиш, одам савдоси жабрдийдалари ва заиф мигрантлар ўртасидаги фарқни муҳокама қилишга ундади.

Шунингдек, семинарда одам савдоси жабрдийдаларини ўз ватанларига қайтариш ва уларга ёрдам беришда ҳамкор ташкилотларнинг ўзаро муносабатлари механизми, нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги ваколатлари ва имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.