Одам савдосига қарши курашиш – инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омили

Одам савдоси — инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, дунё тараққиёти учун раҳна солаётган трансмиллий жиноятлардан саналади. Республикамизда “замонавий қуллик”ка қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Бунда аҳолининг ушбу қабиҳ жиноят ҳақида хабардорлигини ошириш, уларни ноқонуний миграциянинг аянчли оқибатлари хусусида огоҳлантириш, бу борада давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништириш муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизда одам савдосига қарши курашиш соҳасида қатъий норматив-ҳуқуқий база яратилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам-савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5775-сонли Фармонининг қабул қилиниши, ушбу соҳасидаги ишларни янги босиқичга олиб чиқди.

Фармонга асосан ташкил қилинган Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссиясининг асосий вазифаси сифатида одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқилишини ҳамда амалга оширилишини, шунингдек уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этиш, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолият самарадорлигини, яқин ҳамкорлигини ва иш уйғунлигини таъминлаш мақсадида уларнинг мазкур соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, кўрилаётган чораларни баҳолаш, мониторинг қилиш ва фаолият самарадорлигини ошириш белгиланган.

«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» муносабати билан 06 февраль куни Ромитан туманидаги Саноат касб-ҳунар коллежида “Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия” ишчи гуруҳи аъзолари томонидан туманнинг А.Навоий маҳалласи фуқаролари ва коллеж талабалари билан “Одам савдоси – давр муаммоси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Учрашувда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, айниқса, банд бўлмаган ҳотин-қизлар, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – фуқароларга мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш соҳасида қабул қилинган қонунчиликнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ушбу соҳада Бухоро вилоятида амалга оширилган ишлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, айниқса ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, фуқароларимизнинг хориж мамлакатларида одам савдоси қурбонига айланиб қолишларини олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар юзасидан хабардорлигини ошириш, шунингдек, мазкур соҳада аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришдан иборат.

Сўзга чиққанлар томонидан одам савдоси ва ноқонуний миграциянинг олдини олишда ушбу комиссиянинг фаолияти муҳим эканлиги таъкидланиб, йиғилишга таклиф этилган фуқароларнинг ҳар бири билан бевосита сухбат ўтказилди. Уларнинг турмуш тарзида юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.