Одам савдоси: Боламни умуман изламайман, менга бола керак эмас, пул керак!

Юқоридаги сарлавҳага кўзингиз тушиши билан “Нима гап экан?”- деган, савол туғилиши табиий албатта. Ҳаётда шундай инсонлар бор-ки, ўзининг фарзандларидан бошқаларнинг фарзандларини ҳам ўз фарзанди-дек, вояга етказиб, тарбия қиладиган аёллар ҳам бор. Яна шундай аёллар борки тирноққа зор, уларнинг юрагини, қалбини фарзанд кўриш дарди азоблайди. Бундай қалб дардларини емириб, фарёдига осмон чидай олмайдиган ҳаётий мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.

Минг афсуски, ўз қорнида тўққиз ой кўтариб, норасида гўдак дунёга келганида эса уни ер-у кўк-ка инонмай, парвариш қилиш, келажагига умид билан қараб тўғри тарбия бериш ўрнига боқи беғам ҳаётда кайф-у сафога берилган аёлларимиз ҳам учраб турибди.

Шундай инсон(агар “инсон” деб аташ мумкин бўлса!)лардан бири, ўзи дунёга келтирган фарзандини қимматроқ нархга сотиш илинжида, харидор қидириб, юрганлиги тўғрисида, ички ишлар органлари ходимларига маълумот келиб тушади. Шу маълумот асосида, олинган хабарнинг тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси Тоғли ва чегара ҳудуд Сина тезкор бўлинмаси тезкор ходимлари томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилди.

Натижада, Денов туманида жорий йилнинг 21 январь куни соат 18.00да, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси Тоғли ва чегара ҳудуд Сина тезкор бўлинмаси тезкор ходимлари томонидан кечиктириб бўлмас тезкор тадбир ўтказилди. Ўтказилган тадбир давомида, Қашқадарё вилояти, Дехқонобод туманида яшовчи, 27 ёшни қаршилаган Х.С. қарамоғидаги 2 ёшу етти ойлик вояга етмаган ўғлини мижозга, туманнинг “Бахористон” маҳалласи ҳудудида жойлашган ошхоналарнинг бирида 5.000.000 (беш миллион) сўмга сотаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинди. Тезкор тадбир давомида Х.С. исмли аёл пулларни олганидан кейин, келажакда фарзандини умуман изламаслигини, унга фарзанди керак эмаслигини такрор ва такрор таъкидлаганлигига нима дейиш мумкин, у ҳам инсон-ку, унинг юраги, қалби йиғламайдими!?. У билан суҳбатлашсангиз унинг на сўзида, на юз кўзида афсусланиш аломатларидан асар ҳам йўқлигига, жавоб топиш мушкул масала…

Ўз фарзандини мол бозордаги бир ҳайвондан ҳам арзон нархга сотиб, олган пуллари эвазига бир кунини бўлса ҳам кай-фу сафода, айш-ишратда ўтказишни мақсад қилган Х.С. исмли “ОНАЖОН”га нисбатан 2020 йилнинг 3 февраль куни Денов тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Қўштирноқ ичидаги “Онажон” эса айш ишрат қилмоқчи бўлганлиги, ўз фарзандини сотмоқчи бўлганлиги ва оғир жиноятни содир қилганлиги учун қонун олдида жавоб берадиган бўлди.

Йиллар ўтиб, ўз фарзандини сотган пули эвазига айш-ишрат ва кайф-у сафони лозим топган она ўз фарзанди олдида нима деб, жавоб берар экан, унинг кўзига қарай олармикан?